Касаба уюшмаларининг “Спорт – саломатлик гарови” шиори остидаги спартакиадасига старт берилди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни” байрамига бағишлаб “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида ташкил этилган ходимлар спартакиадасига старт берилди.

Касаба уюшмалари кунининг бир йиллиги арафасида ўтказилаётган мазкур спорт мусобақаларида касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган ходимлар,  фаоллар, ҳамда турли соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Спартакиада дастуридан спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, дартс, бадминтон, мини футбол  каби турлари ўрин олган.

Бугун – 3 ноябрь куни спартакиадада иштирок этаётган 24 жамоа ўртасида саралаш мусобақалари бўлиб ўтди. Унда 260 нафардан зиёд ходимлар иштирок этди. Хусусан, металлургия ва машинасозлик, энергетика, нефт-газ ва геология, кимё ва фармацевтика, соғлиқни сақлаш, агросаноат мажмуи тармоқлари тизимида ташкил этилган жамоалар, шунингдек, “Касаба-лойиҳа” Масъулияти чекланган жамияти ва Санатор-курортлар бошқармасининг ҳаваскор спортчилари ўзаро беллашдилар.

Кўтаринки кайфият ва дўстона рақобатлашув руҳида ўтган мусобақалар барча жамоаларнинг спартакиадага юқори даражада тайёргарлик кўрганини ҳамда спортга доимий ошно эканликларини кўрсатди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш зарурки, “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида ўтказилаётган спартакиада мусобақалари Республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар иштирок этмоқдалар. Спорт байрами тусини олган мазкур мусобақалар турли касб эгаларига юқори кайфият бериши билан бирга, ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Спорт – саломатлик гарови” спартакиадаси мусобақалари беш кун давомида бўлиб ўтади ва унинг ғолиб ҳамда совриндорлари 8 ноябрь куни “Универсал” спорт мажмуасида ўтказиладиган тантанали тадбирда такдирланади.

Айни кунгача Ўзбекистон  Касаба уюшмалари Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт согломлаштириш  ишлари бошкармаси ҳамда унинг ҳудудий булимлари томонидан мехнаткашлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда спортнинг оммавийлигини оширишга қаратилган оммавий спорт тадбирларини,  кўп босқичли сапртакиадалар, оммавий юриш ва югуриш, соғломлаштириш машқлари каби  қатор тадбирлар ўтказилиб, уларга 1 миллиондан ортиқ ходим жалб этилди.

Ушбу спорт мусобақаларида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг аҳил жамоаси ҳам иштирок этиб, аёллар ўртасида спортнинг шашка тури бўйича ўтказилган мусобақасида тармоқ Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Дилором Тошматова фахрли 2-ўринни, дартс тури бўйича ижтимоий масалалар бўйича бош мутахассис Дилноза Рўзиева 3-ўрини, стол тенниси бўйича Республика Кенгашининг Тошкент шаҳар бўйича меҳнат техник инспектори Нилуфар Маннонова 3-ўрини эгалашга муваффақ бўлдилар.

Умумий ҳисобда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ушбу мусобақаларда 23 та жамоа ичида 5-ўринни эгаллади.

Print Friendly, PDF & Email