Барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклаймиз!!!

Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси «Тиббиёт ходимлари куни» касб байрами сифатида кенг нишонланади. Мана, йил ўтиб яна байрам келди. Лекин, бу йилги байрам бироз маҳзун ва сокинрок келди. Сабаби, айрим касбдошларимиз энди орамизда йўқ…. Улар коронавирус деб аталмиш кўринмас ёв билан мардонавор курашда шаҳид кетдилар.
Оллоҳ уларнинг барчасини ўз раҳматига олган бўлсин! Шу сабабли, Ўзбекистон Соғликни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан байрам арафасида коронавирусга чалиниши оқибатидаҳаётдан кўз юмган ҳамкасбларимиз оилаларидан хабар олиш, улардан ҳол сўраш акцияси ўтказилмокда.
Бундан ташкари, касб байрами арафасида меҳнат фаолияти давомида Covid-19 касаллигига чалинган ва ҳозирда тиббий реабилитация ўтишга мухтож бўлган соҳанинг 150 нафар ходимларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийларга бепул йўлланмалар берилди.
Республикамизнинг барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ва санитария ва эпидемиология хизмати ходимлари, вилоят ва Республика даволаш-профилактика муассасалари, ўқув юртларида меҳнат қилаётган фаол тиббиёт ходимларидан 780 нафари Республика Кенгаши Фахрий Ёрлиги ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланмокда.
Касаба уюшмалари тавсиялари ва вилоят ҳамда туман ҳокимлари ташаббуслари билан жойларда тантанали тадбирлар ўтказилиб, жонкуяр ва фидойи тиббиёт ходимлари меҳнатларини муносиб тақдирлаш жараёнлари бошлаб юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар касаба уюшмаси бирлашмалари томонидан, шунингдек барча корхона ва муассасалар касаба уюшма қўмиталари томонидан энг яхши натижаларга эришган тиббиёт ходимлари меҳнатини эътироф этиш тадбирлари ҳали давом этади.
Фурсатдан фойдаланиб, энг машаққатли ва энг шарафли касб эгалари — тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этаман! Эл-юрт равнақи, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги шарафли бурчларини адо этишда куч-қувват, сиҳат-саломатлик, оилаларига тинчлик-тотувлик, дастурхонларига файзу-барака тилаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз хамкасблар!
Print Friendly, PDF & Email