«Энг фаол ёш ишчи касб эгаси» кўрик-танлови ўтказилмоқда!

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими маркази бир қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларнинг халқаро стандартлар асосида касблар эгаллаши, касбий маҳоратини оширишга кенг имконият яратиш, қобилиятлиларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида «Энг фаол ёш ишчи касб эгаси» танловини ўтказади.

Танловда «Компьютер ва компьютер жиҳозларини ишлатиш ва дастурий таъминоти бўйи­­ча техник», «Автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш чилангари», «Умумқурилиш ишлари устаси», «Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси», «Ортопедик стоматология техниги», «Ошпаз», «Сартарошлик ва декоратив косметика устаси», «Ҳаво кемалари ва авиадвигателларини техник ишлатиш бўйича авиация техниги», «Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги», «Суғурта агенти», «Бухгалтер», «Нефть ва газни қайта ишлаш машина ва жиҳозлари механиги», «Кимёвий таҳлил лаборанти», «Электромонтёр», «Рассом», «Темир йўл вагонларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш механиги», «Кон ишлари бўйича уста» номинациялари бўйича 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ходимлар ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
Танловда қатнашиш истагида бўлганлар танлов номинацияси номи кўрсатилган ҳолда ўзи истиқомат қиладиган туман (шаҳар) касаба уюшмаси кенгашига (ташкилий қўмита) тегишли ҳужжатларни жорий йилнинг 20 апрелига қадар тақдим қилиши керак.
Касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ҳужжатларни ўзлари таҳсил олаётган ўқув муассасаси қошидаги комиссияга топшириши тавсия этилади.
Танлов уч босқичда, яъни туман (шаҳар), корхоналарда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда респуб­лика тармоқлари миқёсида ўтказилади. Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Танлов тўғрисида батафсил маълумотлар билан Касаба уюшмалари Федерациясининг интернет тармоғидаги www.kasaba.uz портали орқали танишишингиз ёки Касаба уюшмалари Федерациясининг (71) 256-76-57, 252-78-39, 252-21-19 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Print Friendly, PDF & Email