Ўзбекистон ёшларининг «ТЕМП-2018» Халқаро ёшлар ўқув форумида иштироки

Жорий йилнинг 25 июнь – 1 июль кунлари Белоруссия пойтахти Минск шаҳрида Белоруссия Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «ТЕМП-2018» Халқаро ёшлар ўқув форуми ташкил этилди. Унда дунёнинг 16 та давлатидан, жумладан Латвия, Россия, Украина, Кипр, Египет, Молдова, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбойжондан турли ташкилотларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Рахматилла Карабаев, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахачиси М.М.Захидов; Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахачиси Н.А.Пардаев, Наманган касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахачиси А.В.Акрамов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари бош мухаррири ўринбосари Т.М.Мамаджановлардан иборат делегация иштирок этди.

Форум мобайнида иштирокчилар Белоруссия давлатида ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиш механизмлари, ёшларга яратилаётган имтиёзлар, Белоруссия касаба уюшмалари Федерациясига қарашли МИТСО университетининг фаолияти, йирик завод, фабрика ва комбинатларнинг иш фаолияти, уларда фаолият юритаётган ёш ходимларга яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ва кафолатлар тўғрисида кенг тасавурга эга бўлиб қайтдилар. Жумладан, Белоруссия давлати ҳукумати ёшларга кенг имкониятлар, ёш ходимлар ва ёш оилаларга уй-жой хариди учун кредитлар, ссудалар берилишига, қолаверса йирик завод, фабрика, комбинат ва саноат бирлашмаларида меҳнат қилаётган 30 ёшгача бўлган ходимларга муассаса бюджети ҳисобидан уй-жон билан таъминлаш амалиётини ҳаётга татбиқ этмоқда. Бу амалиёт касаба уюшмаларининг таклифлари ва ташаббуси орқали амалга оширилмоқда.

Белоруссия касаба уюшмалари Федерацияси катта мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирнинг очлиш қисмида Федерация раиси М.С. Орда  республика ёшлар иттифоқининг ўз бюджети ташкил қилиниши лозимлиги тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини ваъда қилди.

Мазкур форум турли хил оммавий тадбирларга ҳам жуда бой бўлди. Жумладан, Белоруссия касаба уюшмалари Федерациясининг ватанпарварлик лойиҳаси ҳамда Белоруссия республика ёшлар иттифоқининг “Улуғ Ғалаба гуллари” Музей-автобуси ва экспозицион-кўргазма музейига ташриф, Белоруссия касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти билан учрашув, қолаверса Белоруссия Миллий кутубхонаси, Белоруссия Катта театрида Джакомо Пуччинининг «Богема» операси,  Могилев шаҳрида жойлашган “Белшина” ОАЖ, Рогачёв шаҳридаги «Рогачев сут-консерва комбинати» ОАЖ,  Гомель туманидаги «Приднепровский» санаторийсида «Белпрофсоюзкурорт» унитар корхонасининг презентацияси, Жлобин шаҳридаги “Белоруссия металлургия заводи” ОАЖ фаолияти билан яқиндан танишув иштирокчилар кўнглидан чуқур жой эгаллади.

Ҳар бир учрашувда Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация вакиллари ўзларининг сохаларига оид савол ва таклифларини тадбир ташкилотчилари ҳамда корхона раҳбарларига бевосита бериш имкониятига эга бўлдилар. Хусусан, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслахачиси М.М.Захидов Белоруссиядаги йирик завод, фабрика ва комбинатларда ходимларнинг соғломлаштирилиши, фавқулотда вазиятларда тез тиббий ёрдамнинг ташкиллаштирилиши, ёш ходимлар ва ёш оилаларга бериладиган имтиёзлар ҳақида саволлар бериб, худди шу масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ёшларга оид Давлат сиёсатининг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва афзалликлари тўғрисида ўзининг фикрларини барча билан ўртоқлашди

Бундан ташқари, форумнинг якунида ҳар бир давлат вакили ўз мамлакатида ёшларга оид чора-тадбирлар дастури, дастурларнинг амалга оширилишида касаба уюшмаларининг ўрнини ўзида мужассамлаштирган презентациялари билан иштирок этиб, қолган иштирокчилар билан ўзаро тажриба алмашди.

 Хулоса қилиб айтганда, «ТЕМП-2018» Халқаро ёшлар ўқув форумида  Ўзбекистон делегацияси вакиллари касаба уюшмаси фаолиятига оид янги билим ва кўникмалар эгаллаш, турли хил ўқув тренинглар ва мастер-классларда иштирок этиш, бошқа давлат вакиллари билан бу борадаги Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкилотларининг ёшлар бирлашмалари фаолияти тўғрисида ўзаро билим ва малака алмашиниш бахтига муяссар бўлдилар.

 

 

Print Friendly, PDF & Email