Ўзбекистонда илк маротаба «ТЕМП – 2019» Тошкент Халқаро касаба уюмалари ёшлари форуми ўтказилди

“ТЕМП – 2019” Тошкент Халқаро форуми иштирокчилари 24 июнь куни Тошкентга қайтгач, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги энг сўлим ва бетакрор табиат манзараларига эга бўлган масканда жойлашган “Чарос” меҳмонхона комплексида тантанали равишда кутиб олинди.

Комплексда ҳорижлик ва ўзбекистонлик касаба уюшма ёшлари 3 гуруҳга бўлинган ҳолда қизиқарли интерактив мулоқот орқали бир бирлари билан яқиндан танишдилар ҳамда турли мавзуларга йўналтирилган тренингларда қатнашдилар. Дўстона муносабатларга йўл очувчи машғулотлардан сўнг барча иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийлар фаолияти, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этувчи кўргазмалар билан танишдилар. Махсус дастур асосида ташкил этилган Миллий либослар фестивалида иштирок этиб, бетакрор таассуротлар олдилар.

Шундан сўнг шу куннинг ўзида “ТЕМП – 2019” Тошкент Халқаро Форумининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, аввало Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган муқобили йўқ ислоҳотлар ва уларнинг бугунги кундаги ижобий натижалари, мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, илм-фанда ютуқларга эришиши йўлида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалирини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Республикамизда ўтказилаётган бу каби йирик анжуманда 20 дан ортиқ мамлакат ва йирик халқаро ташкилотлардан нуфузли делегацияларнинг иштирок этаётгани мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга жаҳон ҳамжамиятининг эътибори тобора ортиб бораётганидан далолат эканлигини эътироф этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур йирик халқаро анжуманнинг мамлакатимизда илк маротаба ўтказилаётгани, ушбу форум касаба уюшма ёшларининг яқиндан мулоқот ўрнатиши ва билим-кўникмалари ҳамда маърифий даражасини ошириш учун кенг ва самарали майдон вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Халқаро форум ёшлар учун етакчилик салоҳиятини ривожлантириш, билим ва кўникмаларни ошириш, касбий маҳоратни такомиллаштириш, долзарб масалаларда фикр юритиш ва уларга ечим топиш йўналишларидаги салоҳиятларини оширишда ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.

“ТЕМП – 2019” Тошкент Халқаро Форумининг тантанали очилиш маросимда ҳорижий касаба уюшма марказлари мутасаддилари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, бунинг натижасида мамлакатимиз ёшларининг илм-фан, санъат, спорт каби кўплаб соҳаларда самарали ютуқларни киритаётганларини эътироф этдилар. Ҳорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини руёбга чиқариш, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган ижтимоий шериклик орқали ёшлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида тўпланган илғор тажрибани оммалаштириш ҳар томонлама фойдали эканлигини таъкидладилар.

Форумнинг тантанали очилиш маросимини юқори савияда ташкил этилган маданий тадбир давом эттирди.

25 июнь куни Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ўз ишини давом эттирди. Шу куни “Мамлакат ижтимоий ривожланишида касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди. Халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, уларнинг бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётгани, энг замонавий рақамли технологиялар асосида илмий-техникавий ривожлантириш жараёнида ўзига хос ютуқларни қўлга киритаётганларини, бунинг учун мамлакатимизда давлатимиз томонидан ёшларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлади. Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳамда уларнинг амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларга дахлдорлигини оширишга қаратилганлиги эътироф этилди. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар халқаро ташкилотлар экспертлари ва ҳорижлик иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, Халқаро конференция давомида иштирокчилар мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган ўзига хос тизим ва механизмлар, касаба уюшмаларининг барча бўғинларида ёшлар масаласи билан шуғулланувчи тузилмалар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида Ёшлар бирлашмасининг ташкил этилгани, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ҳамда таълим муассасаларида билим олаётган ёшларнинг касаба уюшма аъзолигига олингани, бу орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, касаба уюшмалари сафлари ёшлар сони ортиб браётгани ҳорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, ижобий баҳоланди.

Халқаро конференция давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлдилар. Шундан сўнг конференция иши учта секцияга бўлинган ҳолда давом эттирилиб, уларда мавзу юзасидан қизғин муҳокамалар бўлди ва таклифлар ўртага ташланди. Халқаро конференция якунлари ююзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Конференциядан сўнг Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми иштирокчилари Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари, жаҳон ва олимпия чемпионлари, гросмейстерлар билан учрашдилар. Мини футбол, баскетбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, бадминтон шахмат ва шашка бўйича дўстлик мусобақаларида иштирок этдилар. Конференциянинг у кунги ишига маданий тадбир якун ясади.

Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форумининг ишини “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуидаги Давра суҳбати давом эттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ёшлари иштирок этдилар.

Давра суҳбати доирасида Касаба уюшмалари фаолиятида инновацион технологияларни қўллаш, Касаба уюшмалари ёшларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини шакллантириш, Омма олдида сўзга чиқиш ва иш берувчилар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантириш мавзуларидаги маҳорат дарслари ўтказилди.

Шундан сўнг Халқаро Форум иштирокчиларини Бўстонлиқ туманининг сўлим табиати ва бетакрор манзаралари билан таништириш мақсадида ҳудуд бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва рассомчилик кўргазмалари билан танишиб, санъат асарларидан баҳра олдилар. Миллий таомлар тайёрланиши а уларнинг намойиши анжуман иштирокчиларида унутилмас бой таассурортлар қолдирди. Барча иштирокчилар “Plov-party”да қатнашдилар. Улар учун маданий тадбир ҳам ташкил этилди.

27 июнь куни Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форумининг иштирокчилари пойтахтимиздаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гул қўйдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон тарихи, Амир Темур, Алоқа тарихи музейларига саёҳатлар уюштирилиб, мамлакатимизнинг бой тарихи ва миллий анъаналари билан яқиндан танишдилар.

Кунниг иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳамда ушбу таълим муассасасидаги Ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар технологик парки бўлмиш “Технопарк”га ташриф буюрдилар.

“Имзо”, “Артел” ва “Краферс” корхоналарига ташриф чоғида иштирокчилар мазкур меҳнат жамоаларида ёш мутахассислар учун яратилган муносиб меҳнат шароитлари, давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг самарали ижтимоий шериклиги натижасида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида эришилаётган ижобий натижалар, ушбу корхоналардаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Кун якунида иштирокчилар учун Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театрида ёш санъат намоёндалари ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури намойиш қилинди.

Бир неча кун давом этган Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми иштирокчиларда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, барча соҳаларда уларга яратилаётган зарур шарт-шароитлар, ёшлар ижтмиоий ҳимоясини таъминлашда юртимиз касаба уюшмаларининг тутган ўрни, қолаверса, Ватанимизнинг кўҳна ўтмиши ва бой маданияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотиши билан жиддий аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.

Print Friendly, PDF & Email