2025 йил 17-18 сентябрь кунлари Вильнюс шаҳрида “Миграция ва меҳнаткашлар ҳимояси: Литванинг ижтимоий ҳимоя тажрибаси” мавзусида халқаро семинар ташкил этилмоқда. Тадбир Солидарумас Литва касаба уюшмалари ҳамда ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ) ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Семинарда Литва, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Украина ва Қирғизистон давлатлари касаба уюшмалари делегациялари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси таркибидан мазкур семинарда Тошпулатова Гулноза Шукуриллаевна — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси қатнашмоқда.
Семинар меҳнаткаш-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг қабул қилувчи мамлакатлар касаба уюшмаларига интеграциясини рағбатлантириш, шунингдек, манфаатдор томонлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Тадбир доирасида ХМТ стратегия ва сиёсатларини ратификация қилиш ва амалга ошириш, меҳнаткаш-мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўрни, ижтимоий мулоқот орқали ҳамкорлик ҳамда меҳнаткаш-мигрантларни касаба уюшмаларига жалб этиш ва интеграция қилиш стратегиялари каби масалалар муҳокама этилмоқда.
Семинарнинг дастлабки куни маърузалар ва иштирокчи делегацияларнинг тақдимотлари билан давом этмоқда.


