Спартакиада мусобақаларининг республика босқичи ғолиблари аниқланди.
Айни кунларда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланяпти. Турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари уюштириляпти. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2025 йил 16 сентябрдаги “Тиббиёт муассасалари ходимлари орасида спартакиада мусобоқаларини ташкил қилиш тўғрисида” қўшма қарори қабул қилинган эди.
Қарор асосида “Соғлиқни сақлаш вазири ва касаба уюшмаси раиси кубоги” спартакиадасига старт берилди. Унда спортнинг мини футбол (эркаклар ўртасида), стол тенниси (эркаклар ва аёллар ўртасида), шахмат (эркаклар ва аёллар ўртасида) ва шашка (эркаклар ва аёллар ўртасида) турлари бўйича барча ҳудудларда мусобақаларнинг саралаш ва худудий босқичлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни спорт ва жисмоний фаолликка жалб этиш, турли касб касалликларининг олдини олиш, саломатликни тиклаш ҳамда соҳа ходимларини руҳлантиришни мақсад қилган беллашувларнинг саралаш ва худудий босқичларида фақатгина дўстлик ва чаққонлик ғалаба қозонди. Саралашда ғолибликни қўлга киритганлар бошланғич ташкилотлар томонидан, худудий босқичида ҳудуд шарафини муносиб ҳимоя қилиб, энг юқори натижани қайд қилганлар тармоқнинг худудиц кенгашлари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Энг муҳими, ўз ҳудудида спортнинг барча турлари бўйича биринчи бўлганлар спартакиаданинг республика босқичида куч синашишди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда эса куч ва маҳорат ўз сўзини айтди.
Мусобақа якунига кўра, мини футболда Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси, стол теннисида аёллар ўртасида Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Маҳмуда Собирова, эркаклар ўртасида Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ходими Бахтиёр Муҳаммадиев, шахматда аёллар ўртасида Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиали бош аудитори Гулшод Турдиқулова, эркаклар ўртасида Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ходими Жамшид Мустофаев, шашкада аёллар ўртасида Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси ходимаси Нодира Ҳолиқова, эркаклар ўртасида Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси хирургия бўлими травматологи Мухторали Ғопиров биринчиликни қўлдан беришмади.
Мини футбол бўйича мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросимида соғлиқни сақлаш вазири А.Худояров иштирок этди ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.










