Май ойи халқимиз, жумладан, тиббиёт ходимлари учун байрамлар ва муҳим саналарга бой кечмоқда. Рамазон ҳайити, “Хотира ва қадрлаш куни”, “Халқаро доялар куни” ва “Халқаро ҳамширалар куни” муносабати билан ташкилланган акция бу байрамларни янада ёдда қоларли ва таассуротларга бой бўлишини таъминлади.
Маълумки, май ойининг биринчи ўн кунлиги давомида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан “Барча ҳаракатларимиз – инсон қадри учун!” шиори остида кенг миқёсдаги акция ташкил қилинди ва у вилоятимизда ҳам кенг қулоч ёйди.
Акция доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ҳамда унинг жойлардаги бошланғич ташкилотлари томонидан бир неча йўналишда тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Рамазон ҳайити ҳамда 5 май – “Халқаро доялар куни” муносабати билан Наманган шаҳридаги “Гўзал” тантаналар мажмуасида байрам дастурхони ёзилиб, тантанали тадбир ташкил этилди. Унда соҳанинг тажрибали доялари таклиф этилди. Меҳнатда ўрнак кўрсатган ходимларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Акциянинг “Хотира ва қадрлаш — юксак қадрият” мавзусидаги йўналишига кўра вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган 500 нафар фахрийлар ҳузурига ташриф буюрилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди. Нафақага чиққан бўлишларига қарамай, меҳнат фаолиятини давом эттириб келаётган 200 нафардан зиёд тиббиёт ходимларининг ҳам узоқ йиллик заҳматли меҳнатлари эътироф этилди, уларга ҳам байрам совғалари топширилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси тизимида 10 йилдан ортиқ фаолият юритиб, соҳа ходимларини ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга оид ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича самарали меҳнат қилган 20 нафар касаба уюшмаси фахрийлари ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга ҳам миннатдорлик сўзлари акс этган “Қадрнома”лар топширилди. Албаттта, ёрлиқлар билан бирга марҳумлар оилаларига, фахрийларга эсдалик совғалари, гулдасталар, озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва пул маблағлари ҳам туҳфа этилди.
12 май — “Халқаро ҳамширалар куни”га бағишланган тадбирлар билан акция янада қизғин тус олди. “Бор бўлинг, ҳамширалар!” мавзусидаги йўналишга асосан республика миқёсида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида зиёрат туризми ташкилланди ва унда вилоятимиздаги даволаш — профилактика муассасаларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган 144 нафар ҳамширалар мамлакатимизнинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат қилиб қайтдилар.
— Саёҳатчи ҳамкасбларимиз 5 май куни “Поп” поезд вокзалидан Бухорога йўл олишлари режалаштирилган эди, — дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев. –Афсуски, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли поездлар қатнови вақтинча тўхтатилди. Шундай бўлса-да, саёҳат кунлари қисқаргани йўқ, саёҳатчиларнинг ортиқча харажат қилишларига йўл қўйилмади. Улар йўловчи автомашиналарда Тошкент шимолий вокзалига етиб бордилар, саёҳат ташкилотчиси — туризм фирмаси томонидан Наманган вилоятидан пойтахтгача сарфланган йўл харажати қоплаб берилди.
5-9 май кунлари давом этган зиёрат туризми давомида саёҳатчилар тарихий шаҳарларда бўлиб, бой маданий мерос объектларида бўлдилар ва улар билан яқиндан танишдилар.
— Ҳамширалар меҳнатисиз, фидойилигисиз тиббиёт тизимининг ютуқларини тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси раиси, акция ташкилотчиси Фарҳод Ханапияев. – Айниқса, наманганлик ўрта тиббиёт ходимлари ҳақида ҳамиша илиқ фикрлар эшитамиз. Менинг ҳам уларга меҳрим бошқача, чунки мен Наманган тиббиёт техникумида таҳсил олганман ва илк иш фаолиятимни Наманганда фельдшерликдан бошлаганман. Ушбу саёҳат соҳа вакилларига жуда катта маънавий озуқа ва куч берганига ишонаман. Уларнинг кўтаринки кайфияти, қувончи байрамга чинакам шукуҳ бағишлади.
Дарвоқе, қадим ва навқирон шаҳар Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса ёзги саройи, Сайид Мир Кулол, Баҳовуддин Нақшбанд мақбаралари, Арк қалъаси ва ўнлаб тарихий обидалар ва маданият ёдгорликларини бориб кўришди. Шунингдек, ер юзининг сайқали Самарқанддаги буюк бобокалонимиз, соҳибқирон Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Биринчи Президент Ислом Каримов мақбара мажмуаси ва уй музейини, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда, Регистон майдони, Шердор ва Тиллақори мадрасаларида бўлишди. Ушбу тарихий шаҳарларнинг бугунги кундаги қиёфаси, ундаги бунёдкорликлар ҳамшираларни ҳайратга солибгина қолмасдан, дилларида мана шундай саёҳатларни оилавий ташкил этиш фикрини ҳам уйғотди. Демак, бу анъана тўхтаб қолмайди. Оилаларда давом этиб, фарзандлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилаверади.
Саёҳат кунлари давомида ҳар оқшом ташкилотчилар томонидан тантанали дастурлар тайёрланди, байрам дастурхонлари ёзилди. Мана шундай дастурларда наманганлик 8 нафар ҳамшира фаолиятдаги юксак натижалари учун Республика Кенгашининг “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Саёҳат кўнгилларимизга қанчалар завқ улашган бўлса, камтарона меҳнатларимизнинг эътирофи сифатида “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланишимиз қалбларимизни ғурур-ифтихорга тўлдирди, — дейди Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими катта ҳамшираси Ойшахон Ғаниева. – Бу саёҳатдан нафақат маданий ҳордиқ олдик, балки янги куч, ғайрат ва шижоатга ҳам тўлдик. Чунки бундай эътибор ва рағбатлар қадримиз қанчалар юксаклигини амалда яққол намоён этди.
Бундай миннатдорлик сўзларини тақдирланганлар — вилоят ПРББУИТ болалар уйи ҳамшираси Маҳлиё Мирзабоева, вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонаси ҳамшираси Людмила Газиева ва бошқа кўплаб ҳамширалар тўлқинланиб ифода этдилар.
— Тўғри, авваллари ҳам соҳа ходимларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари бўлган, бироқ бу сафаргиси ғоят эсда қоларли бўлди — деди вилоят Фтизиатрия ва пульмонология маркази лаборанти Нигора Хонбобоева. – Ҳар оқшомдаги маданий-кўнгилочар тадбирлар, тақдирловлар касбимизга бўлган меҳримизни янада ошириб юборди, десам муболаға бўлмаса керак.
Саёҳат тадбири доирасида Бухоро шаҳридаги “Диёра”, Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” тантаналар мажмуасида байрам тадбирлари ўтказилди. Тўкин дастурхон, шўх куй-қўшиқлар барчага яна кўтаринки кайфият улашди.
“Самарқанд” поезд вокзалидан Наманган шаҳрига йўл олган саёҳатчилар 9 май куни “Поп” поезд вокзалига етиб келдилар ва ўз манзиллари томон йўл олдилар.
Олдинда яна бир катта байрам тадбири бор эди. 11 май куни Наманган шаҳридаги вилоят театрида “Халқаро ҳамширалар куни”га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда 60 дан зиёд ҳамшираларга касаба уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.
Сидқидил меҳнатлар эътирофи албатта, инсон қадрини юксалтиради. Миннатдорлик туйғулари эса умрга умр қўшади. Кўплаб хайрли мақсад ва амалларни ўзида мужассам этган акция эса йил бўйи давом этади.