Welcome to Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши
0371 256-86-73
soglik@kasaba.uz
Тошкент ш.,
Бухоро кўч, 24

Устави

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги томонидан

2015 йил 06 ноябр куни

406 тартиб рақами билан

қайта рўйҳатга олинган

 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг 22.08.2015 йилда VIIIҚурултойида (ҳамда 29.10.2015 йил Республика Кенгаши II Мажлиси қарори)тасдиқланган

ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИНИНГ

 (ЯНГИ ТАҲРИРДА)

УСТАВИ

  Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг

II-Қурултойида қабул қилинган, 1995 йил 12 январ.

 

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг

III-Қурултойида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, 1999 йил 23 ноябр.

 

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг

IV-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2005 йил 1 март.

 

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасинииг

V-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2010 йил 20 август.

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасинииг

VI-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2013 йил 10 май.

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба

уюшмасинииг VII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган,

2013 йил 10 апрель.

Ўзбекистон Соглиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба

уюшмасининг VIII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган,

2015 йил 22 август (29.10.2015 йил Республика Кенгаши қарори).

Тошкент 2015 йил

ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИНИНГ

У с т а в и

Янги таҳрирда

  1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР.

 

1.1. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси (кейинги ўринларда Уставда — Касаба уюшмаси) хўжалик юритиш ва ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар тиббиёт ва фармацевтика тизимлари ҳамда хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот, муассаса ва корхоналар (кейинги ўринларда Уставда — Корхоналар) ходимларини, шунингдек, қисман банд бўлган ва вақтинча ишсиз бўлган шахсларни, олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган талаба-ўқувчиларни ирқи, миллати, диний ва сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, ихтиёрийлик асосида бирлаштирадиган ўзини-ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.

1.2. Касаба уюшмаси юридик шахс бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида ва туманларда белгиланган тартибда тузилмавий бўлинмаларига эга. Касаба уюшмаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг аъзо ташкилоти ҳисобланади, Федерация билан келишилган ҳолда хорижий мамлакатларнинг касаба уюшмаси ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, халқаро ва бошқа касаба уюшмалари бирлашмаларига аъзо бўлиши мумкин.

1.3. Касаба уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро Конвенциялар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Устави ва мазкур Уставга биноан фаолият юритади.

1.4. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органларидан мустақилдир ва улар томонидан назорат қилинмайди, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

1.5. Ушбу Устав қоидалари талқинини бериш фақатгина касаба уюшмаси Республика Кенгаши, унинг мажлислари оралиғида эса касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатининг ҳуқуқи ҳисобланади. Устав қоидалари талқинини бериш масаласи бўйича ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар келиб чиққанда Уставнинг Давлат тилидаги матни устунликка эга ҳисобланади.

1.6. Касаба уюшмасининг юридик номи:

Давлат тилида — “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси” (лотин алифбосида — O‘zbekiston Sog‘liqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi);

Рус тилида — Профсоюз работников здравоохранения Узбекистана;

Инглиз тилида – Trade union of the healthcare workers of Uzbekistаn.

1.7. Касаба уюшмасининг доимий фаолият кўрсатувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 100165 Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бухоро кўчаси, 24 уй.

1.8. Касаба уюшмаси таркибий бўлинмаларини тузиш, ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлинмаларининг раҳбар органлар тўғрисидаги қоидалар ҳамда бўлинмаларининг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил равишда уларнинг низомларида белгиланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ. 

2.1. Касаба уюшмасининг асосий мақсади:

— ўз аъзоларининг меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

— ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

— норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

— касаба уюшмаси вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши;

— ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш;

— ижтимоий шериклик субъектлари томонидан ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиш, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашиш;

— ижтимоий шерикликни, маданий-оммавий, спорт-соғломлаштириш ишларини ривожлантиришдан иборат.

2.2. Касаба уюшмасининг вазифалари:

— миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъий назар ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини меҳнат қилиш  ва меҳнатга адолатли ҳақ тўланиши, касбни эркин танлаш, муносиб иш шароити, дам олиш, ишсизликдан ҳимоя қилинишга доир конституцион ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— меҳнат тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг ижтимоий-адолатли тизими жорий этилишига кўмаклашиш;

— корхоналарда меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя қилиниши, ходимларга меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилган имтиёз ва кафолатларнинг берилишига кўмаклашиш;

— иш жойларида ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омилларини бартараф этилиши, ишловчиларга соғлом ва хавфсиз меҳнат, қулай маиший шароитлар яратилишига кўмаклашиш;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил қилиш, дам олиш, санаторий — курортларда даволанишнинг самарали  бўлишига, жисмоний  тарбия ва спортни ривожлантиришга кўмаклашиш, унинг оммавийлигини оширилишига кўмаклашиш;

— тармоқ келишуви ва жамоа шартномалари тузилишига, уларнинг бажарилишини текшириш ҳамда назоратининг амалга оширилишида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика муасассалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

— касаба уюшмаси ҳар бир аъзосининг Ўзбекистон халқи маданий, маънавий, ахлоқий, тарихий қадриятларига оид билимларни эгаллаши, савиясини кенгайтириш ва ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган маърифий фаолиятининг кучайтириш;

— касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича манфаатларининг ҳимоялаш ва тегишли давлат органлари билан бу борада зарур музокаралар олиб бориш;

— касаба уюшмаси фаолиятининг кенг ошкоралигини таъминлаш учун ахборот ва ташвиқот ишларни олиб бориш;

— касаба уюшмаси аъзолари ўртасида маданий – маърифий ишларни олиб бориш;

— тармоқ касаба уюшмаси ҳаракатининг бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш;

— меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик тизимини ривожлантириш;

— қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

— меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйш, жамоа музокараларининг ташкил этилиши, жамоа шартномалари ва келишувлари тузилиши, уларнинг бажарилиши устидан назоратнинг амалга оширилишини таъминлаш;

— аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

— аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

— атроф муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашиш;

— оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш;

— тармоқ микёсидаги ўртача иш ҳақи миқдорини таҳлил қилиш, ўз ваколатлари доирасида иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, оммавий тарзда ишдан бўшатиб олинаётган ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш ишларини, яширин ишсизлик ва норасмий бандлик ҳолларини таҳлил қилиш, тегишли чоралар кўриш, ходимлар малакаси оширилишига қўмаклашиш, квоталаштирилган иш ўринларига фуқаролар ишга жойлаштирилиши, муассасалардан оммавий равишда ишдан озод этилаётган ходимларга моддий мадад чоралари қўлланилиши устидан назорат олиб бориш;

— миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш.

Қайд этилган йўналишдаги ишларни амалга оширишда касаба уюшмаси давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

2.3. Касаба уюшмаси қонунда белгиланган тартибда, Устав вазифаларини бажариш учун ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

2.4. Касаба уюшмаси ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, даъво аризалари билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

 

III.  КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ.

 

3.1. Касаба уюшмасининг ҳуқуқлари:

— ўз аъзоларининг манфаатларини ифодалаш ҳамда меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

— давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

— ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

— оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳамда белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

— Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиш;

— ўз рамзий белгиларини таъсис этиш ва уни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш;

— ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар, раёсатлар, Мажлислар, симпозиум, кўргазмалар, давра суҳбатлар, Қурултойлар ўтказиш.

— ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ўз аъзолари ва иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;

— ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг турли масалалари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, давлат органларига тегишли таклифлар киритиш;

— фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан давлат органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

— давлат органларига ахборот олиш тўғрисида сўровлар билан мурожаат этиш, шунингдек ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш;

— ижтимоий шериклик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш;

— ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш.

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

3.2. Касаба уюшмасининг мажбуриятлари:

— Қонун ҳужжатларига риоя этиш;

— ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

— рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

— рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

— ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

— ижтимоий шериклик соҳасидаги битимлар ва шартномалар, дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларнинг бажариш;

— ижтимоий шериклик доирасида фаолиятни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг манфаатлари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинишини;

— ижтимоий шериклик доирасида тақдим этилган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкдан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш.

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ. 

4.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмаси Устави талабларини тан олувчи, бажарувчи ва аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб турувчи, юридик шахсларда ишловчи 18 ёшга тўлган ҳар бир шахс касаба уюшмасининг аъзоси бўлишлари мумкин. Касаба уюшмасига аъзолик ёши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қисқартирилиши мумкин.

4.2. Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш якка тартибда, аъзоликка кирувчи шахснинг аризасига кўра, касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг (кейинги ўринларда Бошланғич ташкилот) касаба уюшмаси қўмитаси мажлисида (касаба уюшма Бошланғич ташкилот қўмитаси бўлмаган тақдирда — касаба уюшмаси бошланғич ташкилотини умумий йиғилишида) амалга оширилади. Ариза берилгандан кейин бир ойдан кечикмасдан кўриб чиқилади.

Йирик корхоналарда бошланғич ташкилот касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳуқуқи бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитасининг қарори билан бошланғич ташкилотнинг цех қўмиталарига берилиши мумкин.

Корхонада касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти бўлмаган ҳолларда ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш касаба уюшмаси юқори тузилмаси раҳбар орган йиғилишлари томонидан амалга оширилади. Улар бир вақтнинг ўзида аъзоликка қабул қилинган касаба уюшма аъзосининг қайси касаба уюшма ташкилотда ҳисобда туришини ҳам белгилайдилар.

4.3. Касаба уюшмасига аъзолик бу тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан бошланади.

Касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилинган шахсга тегишли бошланғич касаба уюшмаси органи томонидан касаба уюшмаси аъзолик билети топширилади ва аъзолик стажи касаба уюшмасига қабул қилинган вақтдан бошланади.

4.4. Касаба уюшмаси аъзолари асосий иш (ўқиш) жойларидаги касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳисобда турадилар.

4.5. Касаба уюшмаси аъзолиги ва аъзолик муддати қуйидаги ҳолларда сақланиб қолади:

— касаба уюшмаси аъзоси фарзанд тарбиялаш билан боғлиқ ёки бетоб бўлган яқин қариндошини парваришлаш зарурияти билан вақтинча меҳнат фаолиятини тўхтатганда;

— касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаган ва аъзолик бадалларини тўлаб турувчи касаба уюшмаси аъзоси соғлиғи бўйича ёки нафақа ёшига етиб, иш фаолиятини тўхтатганда;

— ходимлар сони (штат)нинг ўзгариши ёки корхонанинг тугатилиши муносабати билан вақтинчалик ишсиз қолиб, меҳнат органларида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган касаба уюшмаси аъзоси — бошқа ишга жойлашгунга қадар;

— ходим  иш берувчи томонидан  ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолларда — қайта ишга тиклангунча;

— ходим мавсумий ишларда банд бўлиб, кейинги мавсумда ишни қайта бошлагунча;

— ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилган ёки ташкилоти орқали мамлакатдан вақтинчалик ишлашга чиқиб кетган касаба уюшма аъзолари —  қайтиб келгунларига қадар.

4.6. Касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқлари.

— ўзининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб ҳар қандай даражадаги касаба уюшмаси органларига мурожаат этиш ва мурожаати бўйича тегишли жавоб талаб қилиш;

— касаба уюшмаси органларидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиш;

— касаба уюшмаси органларига сайлаш ва сайланиш;

— касаба уюшмасининг фаолиятини касаба уюшмаси йиғилиш (конференция)ларида, Қурултойларида, сайланма органлар мажлисларида, оммавий ахборот воситаларида эркин муҳокама этиш ва танқид қилиш, таклифлар киритиш, ўз фикрини очиқ баён этиш ва ҳимоя қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

— ўз фаолияти ва хулқ-атворига тааллуқли масала кўриб чиқилаётган йиғилиш (конференция)лар, касаба уюшмаси органлари мажлисларида шахсан қатнашиш;

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги ва бошқа санаторийларга, корхона (ташкилот)ларнинг санаторий-профилакторийларига, дам олиш масканларига, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар олиш;

— касаба уюшмалари тизимидаги ёки уларга фойдаланиш учун берилган маданият муассасалари, спорт иншоотлариданбиринчи навбатда ва имтиёзли шартлардафойдаланиш;

— ихтиёрий равишда касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш.

4.7. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:

— касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш, касаба уюшмаси органлари қарорларини бажариш;

— жамоа шартномалари ва келишувлари мажбуриятларининг бажарилишига кўмаклашиш;

— касаба уюшмаси гуруҳ, цех, бошланғич ташкилоти фаолиятида қатнашиш;

— аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб бориш;

— касаба уюшмаси фаолиятига зарар келтирадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик.

4.8. Касаба уюшмаси аъзоси олти ойдан ортиқ узрсиз сабаблар билан аъзолик бадалларини тўламаган тақдирда (Уставнинг 12.3.-бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) касаба уюшмаси аъзолигидан чиққан ҳисобланади.

4.9. Касаба уюшмаси аъзоларини меҳнатда эришган муваффақиятлари, касаба уюшмаси ташкилоти ишида фаол қатнашганлари учун қуйидагича рағбатлантириш мумкин:

— ташаккурнома эълон қилиш;

— эсдалик совғаси билан мукофотлаш;

— пул мукофоти билан тақдирлаш;

— Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш;

— Кўкрак нишони билан тақдирлаш.

Рағбатлантиришнинг шакли ва тартиби касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан белгиланади.

4.10. Касаба уюшмаси Устави талабларини бажармаган касаба уюшма аъзоси тегишли касаба уюшма органи қарорига асосан аъзоликдан чиқарилиши мумкин.

4.11. Касаба уюшмаси аъзосини сафидан чиқариш касаба уюшмасига қабул қилган орган томонидан амалга оширилади.

4.12. Касаба уюшмаси сафидан чиқарилган шахс бир ой ичида бу қарор юзасидан касаба уюшмаси юқори органига шикоят қилиши мумкин. Касаба уюшмаси органи ариза қабул қилинган кундан кейин уни бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқади.

4.13. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилганлар, бир йил ўтгандан сўнг умумий асосларга кўра касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиниши мумкин.

4.14. Касаба уюшмасидан чиқарилганларнинг тўлаган аъзолик бадаллари қайтариб берилмайди.

 

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ

ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ.

5.1. Касаба уюшмаси ташкилий тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

— касаба уюшма бошланғич ташкилотлари;

— касаба уюшма бирлашган қўмиталари;

— касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмалари;

— касаба уюшмасининг худудлардаги масъул ташкилотчилари;

— касаба уюшмаси.

Касаба уюшмаси тизимида хотин-қизлар, ёшлар билан ишлаш ва бошқа комиссиялар тузилиши мумкин, уларнинг фаолияти намунавий Низомлар асосида амалга оширилади. Барча даражадаги касаба уюшмаси сайланма органларининг ваколат муддати 5 йил.

Ҳудудда касаба уюшма ташкилотини ёки касаба уюшма бирлашган қўмиталарини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Республика Кенгашининг раёсати томонидан қабул қилинади.

Касаба уюшмасининг тузилмасини ўзгартириш ёки янги тузилмани ташкил этиш касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсатининг қарори билан амалга оширилади.

5.2. Касаба уюшмаси ихтиёрий асосда ташкил этилади ва ўз фаолиятини қуйидаги демократик принциплар асосида кўради:

— эркинлик, мустақиллик, адолатлик, ҳамжиҳатлик, кўнгиллилик, демократия ва ўзини-ўзи бошқариш, ошкоралик, коллегиаллик, бирлик, бирдамлик, ихтиёрийлик, қонунга бўйсуниш, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва шаффофлик, ҳаммабоплик, холислик, ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият;

— аъзолар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглигига риоя этиш;

— касаба уюшмасининг қуйидан юқоригача барча раҳбар органларининг  сайлаб қўйилиши;

— барча касаба уюшмаси ташкилотлари ва сайлаб қўйиладиган органлари ишида маслаҳатчилик, қабул қилинган қарорлар ҳамда касаба уюшмаси топшириқларини бажарилиши учун шахсий жавобгарлик;

— касаба уюшмасининг барча сайлаб қўйилган органлари ва ташкилотлари ишида ошкоралик ва ҳамжиҳатликни таъминланиши, коллегиаллик билан қабул қилинган қарорлар ва касаба уюшмаси топшириқларининг бажарилиши учун жамоат масъулияти;

— қарорлар қабул қилинишида музокаралар эркинлигини таъминланиши;

— озчиликнинг, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосининг фикрини ҳурмат қилиш, ўз позициясини, жумладан, касаба уюшмаси матбуоти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириб бериш;

юқори касаба уюшмаси органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларининг қуйи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги.

5.3. Касаба уюшмаси органларини шакллантириш тартиби:

5.3.1. Касаба уюшмаси органлари бевосита йиғилишларда, конференцияларда, Қурултойларда сайланиши, шунингдек, белгиланган квотага мувофиқ касаба уюшмаси органи таркибига тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципи бўйича шакллантирилиши мумкин. Бунда, касаба уюшмаси органини шакллантириш тартиби, вакиллар меъёри тегишли касаба уюшма органи томонидан белгиланади.

Тафтиш комиссиялари ҳам шу тартибда сайланади.

5.3.2. Касаба уюшмаси органларининг раҳбарларини, аъзоларини, касаба уюшмаси конференциялари ва Қурултойларига делегатларни сайлаш шакли (очиқ ёки яширин) тегишли йиғилиш, мажлис, конференция томонидан белгиланади.

5.3.3. Касаба уюшмаси органларининг аъзоларини сайлашда кворум мавжуд бўлган ҳолда йиғилиш иштирокчилари, конференция, Қурултой делегатларининг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган номзодлар сайланган ҳисобланади.

5.3.4. Касаба уюшмаси органининг раҳбарларини сайлашда кворум мавжуд бўлган ҳолда овоз беришда қатнашган йиғилиш иштирокчилари, конференция, Қурултой делегатлари, касаба уюшмаси органи, тафтиш комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган номзод сайланган ҳисобланади.

5.3.5. Конференциялар, Қурултойда сайланган касаба уюшмаси органлари раислари, раис ўринбосарлари конференциялар, Қурултойлар оралиғидаги даврда тегишли Конференция, Қурултой сайлаган, ваколат бўйича Конференция ва Қурултойдан кейинги раҳбар орган мажлисида муддатидан олдин лавозимидан озод қилинишлари мумкин. Бунда, кворум мавжуд бўлган ҳолда овоз беришда қатнашган сайлаб қўйиладиган орган аъзоларининг 2/3 қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қарор қабул қилинган ҳисобланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ.

6.1. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти (Кейинги ўринларда Бошланғич ташкилот) юридик шахс бўлган корхона, ташкилот, муассасада ишловчи ва ўқув юртида таҳсил олаётган касаба уюшмаси аъзолари беш нафардан кам бўлмаган тақдирда тузилади.

Бошланғич ташкилотни тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан қабул қилинади ва бу қарор ўн кунлик муддат ичида касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

6.2. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти мазкур Устав ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати томонидан тасдиқланган “Бошланғич касаба уюшма ташкилоти тўғрисида” намунавий Низом асосида ишлаб чиқилган ва Республика Кенгаши раёсати томонидан тасдиқланган Низомга амал қилади.

6.3. Касаба уюшмаси аъзолари 15 тадан кам бўлган касаба уюшма бошланғич ташкилоти умумий йиғилиши жорий ишларни олиб бориш учун 5 йил муддатга касаба уюшма ташкилотчиси ва ғазначини сайлайдилар.

15 ва ундан кўп касаба уюшмаси аъзосини бирлаштирган, ўз мустақил бюджетига эга бўлган касаба уюшма бошланғич ташкилотида умумий йиғилиш (конференцияси) 5 йил муддатга касаба уюшма бошланғич ташкилоти қўмитасини ва тафтиш комиссиясини сайлайди.

6.4. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг умумий йиғилиши (конференцияси) бошланғич ташкилотнинг ҳудуддаги юқори органи ҳисобланади. Касаба уюшма бошланғич (цех) ташкилотида умумий йиғилиш (конференция) бошланғич ташкилот касаба уюшма қўмитаси (цех қўмитаси) ёки касаба уюшма ташкилотчиси томонидан заруриятга қараб, лекин йилда камида бир маротаба ўтказилади.

6.5. Конференция ёки умумий йиғилишни чақириш, кун тартиби, конференция чақирилганда эса вакиллар меъёри тўғрисидаги қарорни касаба уюшма қўмитаси (касаба уюшма ташкилотчиси) 10 кун аввал эълон қилади.

6.6. Бошланғич ташкилот:

— касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатини ифода этади, уларнинг меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ижтимоий имтиёз ва кафолатларига риоя этилишини таъминлайди;

— иш берувчи билан меҳнат жамоаси номидан тузилган ва умумий йиғилиш (конференция)да маъқулланган жамоа шартномасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиб боради;

— меҳнат низоларини ҳал этишда иштирок этади, корхонада меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя этилишини назорат қилади;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил этади, меҳнат жамоасида маданий-маърифий ва жисмоний тарбия-спорт ишларини олиб боради;

— бошланғич ташкилот касаба уюшмаси бюджети сметасининг бажарилишини таъминлайди;

— давлат ижтимоий суғуртаси маблағларининг тўғри сарфланиши борасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

— зарур ҳолларда касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатади ва фаолларни рағбатлантиради;

— ўз раҳбар орган қарорлари ва касаба уюшмаси юқори органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

— касаба уюшмаси аъзоларини бошланғич ташкилот фаолиятида фаол иштирок этишга жалб қилади ва шароит яратади;

— касаба уюшмаси гуруҳ ташкилоти ва касаба уюшмаси цех қўмиталари ишларига раҳбарлик қилади, ишларни ташкил этишда уларга амалий ёрдам кўрсатади;

— корхонанинг ташкилий ҳуқуқий шакли ўзгарганда, ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиб, ўз фаолиятини давом эттиради;

— ўз фаолияти тўғрисида касаба уюшмаси бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференция)га ҳисобот бериб туради ва касаба уюшмаси назоратида бўлади.

6.7. Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахлдор ички локал меъёрий ҳужжатларни қабул қилишдан аввал тармоқ касаба уюшмаси ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчиларини камида бир ҳафта олдин хабардор этишлари шарт.

6.8. Касаба уюшма бошланғич ташкилотларида сайланган касаба уюшмаси ташкилотчилари касаба уюшмаси қўмитасига берилган ҳуқуқлар доирасида ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, маиший, дам олиш, маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда бошқа масалаларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

6.9. Цех қўмитаси цех, бўлим, участка ва шунга ўхшаш бўлинмаларда касаба уюшмаси ишларини ташкил этади, касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчилари ишларини йўналтиради, йиғилиш (конференция), касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти, касаба уюшмаси юқори органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди.

6.10. Касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчиси касаба уюшмаси аъзолари билан якка тартибда иш олиб боради, уларнинг ҳар бирини жамоат ишида фаол қатнашишга жалб этади, ходимларнинг меҳнат ва маиший шароитларини яхшилаш, уларнинг соғлиқларини мустаҳкамлаш ва дам олишларини, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласида ғамхўрлик қилади. Касаба уюшмаси гуруҳининг мажлиси зарурият туғилганда ўтказилади.

6.11. Касаба уюшма бошланғич ташкилот қўмитаси цех қўмиталарига, касаба уюшма гуруҳларига касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши, ўз комиссияларини ташкил қилиши ва уларнинг ваколатларини белгилаб бериши мумкин.

6.12. Касаба уюшма бошланғич ташкилотининг фаолиятини тугатиш касаба уюшма бошланғич ташкилоти умумий йиғилиши (конференцияси)нинг қарори билан, корхона тугатилганда эса — касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсатининг қарори билан амалга оширилади.

6.13. Юридик шахс бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъектлари таъсисчи бўлган ҳудудий хўжалик бирлашмалари, уюшмалари ва шунга ўхшашларда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарори билан касаба уюшмаси бирлашган ташкилоти тузилиши мумкин ва у ўз фаолиятини ушбу Уставга ва Республика Кенгаши раёсати томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширади. Касаба уюшма бирлашган қўмиталарининг ваколатлари, функциялари ва вазифалари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг раёсати томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади.

6.14. Йирик касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларнинг қўмиталари, касаба уюшма бирлашган қўмиталари жорий масалаларни тезкор ҳал этиш учун мазкур қўмиталарнинг раёсатларини сайлашлари ва бошланғич ташкилот тўғрисидаги Низомга мувофиқ унинг ваколатларини белгилашлари мумкин.

 

VII. КАСАБА УЮШМАСИ ТУМАН (ШАҲАР) БЎЛИНМАЛАРИ.

7.1. Касаба уюшмаси тизимида бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб ва йўналтириб бориш мақсадида, Республика Кенгаши раёсати билан келишган ҳолда, тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмалари тузилиши мумкин. Уларни тузиш бўйича қарор касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати қарори асосида касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмаларини конференцияларида қабул қилинади.

7.2. Касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) кенгашлари деб юритилади. Касаба уюшмаси туман (шаҳар) бўлинмалари юридик мақомига эга бўлган алоҳида бўлинмалар ҳисобланиб, тегишли маъмурий-ҳудудий тузилмаларда касаба уюшмаси манфаатларини ифодалайдилар ва амалга оширадилар, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, салоҳиятини юксалтириш ва ҳаракат бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида тузилади.

7.3. Туман (шаҳар) бўлинмалари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, юқори раҳбар органлари қарорлари, касаба уюшмасининг мазкур Уставига ва Республика Кенгаши раёсати томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширади.

7.4. Туман (шаҳар) бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

— ҳудуддаги касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

— ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;

— ўз ҳудудида тармоқни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда, меҳнат, иш ҳақи меъёрлари масалаларини ҳал этишда қатнашиш;

— ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

— ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, мажлислар ўтказиш;

— қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

7.5. Туман (шаҳар) бўлинмаларини мажбуриятлари:

— қонун ҳужжатларига риоя этиш;

— бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий, услубий ёрдам кўрсатиш;

— юқори касаба уюшма органлари қарорларини бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ижросини назорат қилиш;

— ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини касаба уюшмаси аъзолари учун таъминлаш;

— бошланғич касаба уюшма ташкилотлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметаларининг тузилиши ҳамда унинг ижроси бўйича таҳлиллар олиб борилишини таъминлаш;

— рўйхатдан ўтказувчи орган вакилига ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

— рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

— амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш;

Туман (шаҳар) бўлинмалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.

7.6. Қуйидагилар туман (шаҳар) бўлинмалар раҳбар органлари ҳисобланади:

Олий орган – Конференция;

Раҳбар орган – Кенгаш;

Ижроя орган — Раёсат.

7.7. Туман (шаҳар) бўлинмалари тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати қарорига асосан тармоқ касаба уюшмаси туман (шаҳар) Конференциясида қайта ташкил этилади ёки тугатилади.

7.8. Барча мажбуриятлар бажарилганидан сўнг, тугатиладиган ҳудудий бўлинмалар мол-мулки ва маблағлари Уставда белгиланган мақсадларга сарфлаш учун касаба уюшмасига ўтказилади.

 

VIII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИ БЎЙИЧА МАСЪУЛ ТАШКИЛОТЧИЛАРИ.

 

8.1. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши белгилаган тартибда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсатининг қарори билан ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) бўйича масъул ташкилотчи (кейинги матнларда “масъул ташкилотчи” деб юритилади) лавозими жорий этилади.

8.2. Масъул ташкилотчилар мазкур Устав ҳамда Федерация Кенгаши қарори билан тасдиқланган намунавий “Низом” асосида фаолиятини амалга оширадилар.

8.3. Касаба уюшмалари фаолиятига доир айрим масалаларни коллегиаллик асосида ҳал этиш учун касаба уюшмаси тизимда масъул ташкилотчилар лавозимлари жорий этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида жамоатчилик асосида касаба уюшма бошланғич ташкилотлари раислари кенгашлари тузилиши мумкин. Касаба уюшмасининг тегишли ҳудуд бўйича масъул ташкилотчиси айни вақтда жамоатчилик асосидаги касаба уюшма қўмиталари бошланғич ташкилот раислари кенгашларининг раиси ҳисобланади.

 

  1. ХОДИМЛАР ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ.

9.1. Касаба уюшмаси мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш учун доимий асосда фаолият юритувчи аппарати шакллантирилади.

Республика Кенгаши раиси касаба уюшма аппарати фаолиятига бевосита бошчилик қилади.

9.2. Касаба уюшмаси органларида ишлаётган ходимларнинг меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари ва келишувлари ҳамда бошқа локал норматив ҳужжатлари билан тартибга солинади.

9.3. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимлар билан 5 йилга меҳнат шартномалари (контрактлар) тузилади, улар билан меҳнат шартномаси умумий йиғилиш, конференция, Қурултой ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

9.4. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди ва меҳнат дафтарчалари ходимлар билан меҳнат шартномаси (контракт) тузган касаба уюшмаси ташкилотида сақланади.

 

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ. 

10.1. Қуйидагилар касаба уюшмасининг раҳбар органлари ҳисобланади:

            — Қурултой;

— Республика Кенгаши;

— Республика Кенгаши раёсати;

— Тафтиш комиссияси.

10.2. Касаба уюшмасининг олий органи Қурултой ҳисобланади ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан камида беш йилда бир маротаба чақирилади. Қурултой чақириш ҳақидаги қарор, унга вакиллик меъёри, кун тартиби хақида камида икки ой олдин эълон қилинади. Қурултойга сайланган вакиллар ваколати 5 йил.

Навбатдан ташқари Қурултой касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан, шунингдек Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсат қарори билан чақирилади. Қурултой чақирилиши ҳақидаги қарор ва кун тартиби тўғрисида камида бир ой олдин эълон қилинади.

10.3. Касаба уюшмасининг Қурултойи:

— касаба уюшмасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

— касаба уюшмаси ва тафтиш комиссиясининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади ва муҳокама этади, улар юзасидан қарор қабул қилади:

— касаба уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди;

— касаба уюшмасининг Уставини, дастурий ҳужжатларни ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомни ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни қабул қилади, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

— Республика Кенгаши 5 йил муддатга раисини сайлайди, у лавозими бўйича бир вақтнинг ўзида касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг Раёсати аъзоси этиб сайланган ҳисобланади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларини 5 йил муддатга сайлайди;

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойига делегатларни шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига вакилларни сайлайди.

10.4. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари беш йил муддатга сайланади ва уларнинг ваколати навбатдаги Қурултойгача сақланади.

10.5. Республика Кенгаши – Қурултойлар орасидаги даврда 5 йил муддатга касаба уюшмасининг раҳбар органи ҳисобланади. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.

10.6. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши:

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойи қарорлари ва Федерация органлари, касаба уюшмаси Қурултойи қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;

— давлат ва жамоат ташкилотларида, ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар хўжалик юритувчи субъектларида касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ифода этади ҳамда ҳимоя қилади;

— тармоқда мавжуд муаммоларни тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ҳал этилишига қўмаклашади;

— тармоқда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид ишларнинг аҳволини таҳлил қилиб боради;

— корхона ва ташкилотларда жорий этилган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига доир қарорлар, локал ҳужжатлар қабул қилувчи бошқарув органлари (кузатув кенгашлари, ҳайъатлар, комиссиялар ва ҳ.қ.) таркибига касаба уюшма қўмитаси раислари ёки касаба уюшмаси ташкилоти вакилларини албатта киритилиши масаласи тармоқ келишувларида акс эттирилишига эришади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши раис ўринбосарини, зарурат туғилганда Қурултойлар оралиғида – раисини сайлайди ва вазифасидан озод этади, шунингдек, Федерация Кенгашига ўз вакилларини йўллайди ва чақириб олади;

— Қурултойлар оралиғида қисман кенгаш таркибига янги аъзолар сайлайди, шунингдек, кенгаш аъзоларини таркибдан чиқариш, сайлаш ҳуқуқига эга;

— касаба уюшмаси ташкилотларига фаолиятларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатади;

— касаба уюшмаси бюджетини ўрнатилган тартибда бошқаради, касаба уюшмаси аъзолик бадаллари тушумидан касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларига қолдириладиган қисмини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тасдиқланган меъёрлар асосида (фоиз ҳисобида) белгилайди;

— хўжалик бошқаруви органларининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилган қарорларини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

ўзининг амалий фаолиятида касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари билан ўзаро тенг ҳуқуқлик асосида ҳамкорлик қилади, бошқа касаба уюшмалар билан алоқада бўлади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати ҳисоботини тинглайди, тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади ва ҳал қилади;

— ўз фаолияти ҳақида касаба уюшмаси Қурултойига ҳисобот беради;

— мазкур уставнинг 16.1.-бандига биноан, Қурултой берган ваколатга асосан Қурултойлар оралиғида мазкур Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритади;

— зарур ҳолларда касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларини, Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисида эса тафтиш комиссияси аъзоларини қайта сайлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— касаба уюшмаси аъзолари ва фаоллари ўқувини ташкил этади, касаба уюшмаси ишидаги ижобий тажрибаларни умумлаштиради ва оммалаштиради;

— тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Бош келишувга киритиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига таклифлар киритади;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, маданий-маърифий, ҳамда жисмоний тарбия ишларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати белгилаган маблағларнинг тўғри сарфланишини назорат қилади;

— бошқа манфаатдор касаба уюшмаси ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда тадбирлар ўтказади;

— давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини тайёрлаш ва амалга ошириш ишларида иштирок этади;

— касаба уюшмасининг мухим йўналишлари бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқади, касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги комиссиядан экпертизадан ўтказади, тармоқ касаба уюшмаси  органларига етказилишини таъминлайди;

— ўзининг айрим ваколатларини Республика Кенгаши раёсатига бериши мумкин.

10.7. Республика Кенгаши Устав талабларини ҳаётга татбиқ этиш, касаба уюшмаси ишларини мувофиқлаштириш, жорий ва ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ўз Раёсатини сайлайди.

10.8. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош Келишувга асосланган ҳолда тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, иш берувчилар уюшмалари билан ҳамкорликда тармоқ келишувини тасдиқлайди;

— тармоқда давлат ижтимоий дастурлари бажарилишини таъминлаш, юқорироқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар (ёшлар, ногиронлар, қариялар, болалик аёллар) манфаатларини ҳимоя қилиш борасида иш олиб боради;

— корхона ва ташкилотларга тармоқ келишувлари етказилишини, жамоа шартномалари уларга тўлиқ мослаштирилишини таъминлайди ва ижроси таҳлилини олиб боради;

— тармоқда жамоа шартномалари бажарилиши бўйича статистик ҳисоботларни юритади. Жамоа шартномаларининг тармоқ макетларини ишлаб чиқади, тегишли Низомда кўрсатилган тармоққа мансуб юридик шахсларнинг жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертизадан ўтказади;

— тармоқда Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенциялари ижросининг жамоатчилик назоратини олиб боради;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлислари оралиғида касаба уюшмаси фаолиятини бошқаради ва бажарилган ишлар тўғрисида йилда бир маротаба навбатдаги мажлисда ахборот беради;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун белгиланган ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгашининг иш режасини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлисини чақиради, унинг мажлисига муҳокама этилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар тайёрлайди ва тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ташкил этади;

— касаба уюшмасининг штатлар жадвали, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати билан келишган ҳолда касаба уюшмаси молиявий фаолиятини амалга оширади ҳамда моддий ёрдам, мукофот пуллари ва бошқа тўловларнинг миқдорини тасдиқлайди;

— касаба уюшма мол-мулкини тасарруф қилади;

— касаба уюшмаси органлари ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомларни ва касаба уюшмаси аъзолари сонидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг ҳақ олиб ишлайдиган ходимлари сонининг меъёрини, касаба уюшма қўмиталарининг асосий ишидан озод этилмаган раисларига қўшимча тўловлар миқдорини Федерация Кенгаши томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилган ҳолда тасдиқлайди;

— Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишган ҳолда халқаро касаба уюшмалари ташкилотларига ва бирлашмаларига аъзо бўлиш, унга вакил юбориш ёки ундан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— Республика хўжалик бошқаруви органлари билан тармоқ ходимларига даҳлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келишувлар тузади;

— касаба уюшмаси рамзини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси ходимлари, фаолларини Давлат мукофотлари, Федерация Кенгашининг Фахрий ёрлиғи, “Эҳтиром нишони” билан тақдирлашга тавсия этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— аъзо ташкилотларнинг таклифи билан Республика Кенгаши раҳбарлик лавозимларига заҳира таркибини шакллантиради ва уларнинг тайёрлашни йўлга қўяди;

— касаба уюшмаси фаолиятининг барча йўналишлари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

— Республика Кенгаши аппарати фаолиятини ташкил этишга оид Низомлар, йўриқномаларни тасдиқлайди;

— барча даражадаги касаба уюшмаси органлари девони ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

— касаба уюшма тузилмалари (бўлинмалари)ни ташкил қилиш, тугатиш ва уларнинг Низомларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши ваколат берган бошқа вазифаларни амалга оширади.

Раёсат таркибига касаба уюшмаси Республика Кенгашии раиси, унинг ўринбосари, тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ва хўжалик органлари вакиллари сайланади.

10.9. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси:

— Касаба уюшмаси ва унинг сайланма органларини ифода этади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг Раёсати ишини бошқаради, уларнинг мажлисларининг ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди, касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсатини чақиради;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши раёсати белгилаган пул маблағларини сарф қилади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши Раёсати томонидан белгиланган маблағларни бошқаради, ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларини амалга оширади;

— касаба уюшмаси аппаратини шакллантиради, унинг ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва бекор қилади;

— меҳнат интизомини бузган аппарат ходимлари ва худудлар бўйича масъул ташкилотчиларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллайди;

— Касаба уюшма аппаратнинг ички тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлайди, аппарат ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

— Касаба уюшмаси номидан ишончномасиз иш юритади ва касаба уюшма номидан ишончномалар беради;

— касаба уюшмаси иш юритишни ташкил қилиш, ижро интизоми ва хужжатларнинг белгиланган тартибда олиб борилиши учун масъул ҳисобланади;

— касаба уюшмаси раҳбар органлари унга юклатган бошқа вазифаларини бажаради.

10.10. Мазкур Устав бўйича юқори турувчи раҳбар орган қарор қабул қилиш давомида буйсунув бўйича қуйи турувчи раҳбар орган ваколатларига доир масалаларни ҳам ҳал этиши мумкин.

Шу муносабат билан, юқори турувчи раҳбар орган буйсунув бўйича қуйи турувчи раҳбар органнинг, юқори турувчи касаба уюшмаси ташкилоти эса қуйи турувчи касаба уюшмаси ташкилотининг қонун ва мазкур Устав талаблари зид қарорларини қайта кўриб чиқиш учун тегишли орган ёки ваколатли шахсга юбориши, коллегиал органлар ваколатига доир масалалар юзасидан эса унинг навбатдан ташқари йиғилишини белгиланган тартибда чақириши мумкин.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда қуйи турувчи раҳбар орган ёки касаба уюшмаси ташкилотининг қонун ва Устав талабларига зид қарорлари юқори турувчи раҳбар орган ёки касаба уюшмаси ташкилоти томонидан қисман ёки тўлиқ бекор қилиниши мумкин.

 

  1. КАСАБА УЮШМАСИ КОЛЛЕГИАЛ РАҲБАР ОРГАНЛАР ЙИҒИЛИШЛАРИДА ОВОЗ БЕРИШ ШАКЛЛАРИ. 

11.1. Касаба уюшмаси раҳбар орган мажлислари тегишлича ушбу касаба уюшмаси раҳбар орган аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, конференция, қурултой эса сайланган делегатларнинг 2/3 қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

11.2. Касаба уюшмаси раҳбар орган йиғилишлари, конференциялари ва Қурултой қарорлари кворум мавжуд бўлган ҳолда раҳбар орган йиғилиши қатнашчилари, конференция, қурултой делегатларининг 50 фоизидан кўпи овоз берса қабул қилинган ҳисобланади.

11.3. Овоз бериш усули (очиқ ёки ёпиқ) қурултой, конференция делегатлари, раҳбар орган йиғилишлари иштирокчилари томонидан белгиланади.

 

XII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ, МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИВА САРФЛАНИШИ. 

12.1. Касаба уюшмасининг пул маблағлари касаба уюшмаси аъзоларининг бадалларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан тушган тушумлардан, Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун амалга ошириладиган ишлаб чиқариш-хўжалик, шунингдек лицензия асосидаги ноширлик фаолиятидан, ҳомийларнинг касаба уюшмасини қўллаб-қувватлаш учун берган ёрдамлари ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятидан келадиган маблағлардан ташкил топади.

12.2. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендия)нинг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Касаба уюшмаси аъзосининг аризасига асосан у ўз хоҳиши билан белгиланган миқдордан ортиқ бадал тўлаши мумкин.

12.3. Касаба уюшмаси аъзоси бўлган вақтинча ишламаётган шахслар (штат қисқариши, корхоналарнинг тугатилиши ва шунга ўхшаш ҳолларда), стипендия олмайдиган клиник ординаторлар, тиббиёт ўрта махсус, касб-ҳунар таълим  муассасаларининг ўқувчилари, 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёллар бадал тўлашдан озод қилинадилар.

12.4. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотда ҳақ олиб ишлайдиган ходимлар рўйхати (штатлар жадвали)ни шакллантириш касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг аъзолари сони меъёридан ва молиявий имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади.

12.5. Касаба уюшмаси ва касаба уюшма бошланғич ташкилотларида ходимлар сони, штатлар жадвали, қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурияти ва уларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб шакллантирилади.

12.6. Касаба уюшмаси ўзининг эгалик ҳуқуқи бўлган мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф қилади, ундан фойдаланади ва сарф қилади. Касаба уюшмасининг умумий мол-мулки, пул маблағлари бўлинмайди ва касаба уюшмаси аъзосига қайтарилмайди.

Касаба уюшмаси органлари ўз молиявий маблағларини исталган банкка қўйиш, акцияларини сотиб олиш ва ўз мол-мулкларини ижарага бериш ҳуқуқига эгадир.

12.7. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг фаолияти тўхтатилганда унинг мол-мулки ва пул маблағи касаба уюшмаси бошланғич ташкилотнинг қарзини тўлаш учун ишлатилади. Қолган маблағ ҳамда корхонанинг касаба уюшмаси аъзолиги бадалидан қарзи, касаба уюшмаси Устави белгилаган  мақсад ва вазифаларни, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларини амалга ошириш учун юқори касаба уюшмаси тузилмасига ўтказилади.

12.8. Пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, маданий-оқартув, спорт-соғломлаштириш анжомлари, жамғармалари, пул маблағлари билан бирга бошқа муассасалар ҳамда унга тегишли бошқа мол-мулклар касаба уюшмасининг хусусий мол-мулкидир.

12.9. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ва бошқа манбалардан тушган маблағлар маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларига, касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантиришга, касаба уюшмаси органларида ишлайдиган ходимларга ҳақ тўлаш ва бошқа мақсадлар учун сметага мувофиқ сарфланади.

XIII. КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ТАФТИШ КОМИССИЯЛАРИ. 

13.1. Касаба уюшма ташкилотларининг тафтиш комиссиялари мустақил органлар бўлиб, улар касаба уюшмасининг тегишли сайлаб қўйиладиган органлари билан бир вақтда тегишли умумий йиғилишларда, конференцияларда, қурултойларда ўша муддатга ва ўша тартибда, комиссия раиси ҳамда аъзолари таркибида сайланадилар, уларни сайлаган орган олдида ҳисобот берадилар.

13.2. Тафтиш комиссияси аъзолари касаба уюшмаси бошқа раҳбар органлари ишида маслаҳат овози билан қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

13.3. Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини касаба уюшмаси Устави ва улар тўғрисидаги касаба уюшмаси Қурултойи томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ олиб борадилар.

13.4. Касаба уюшмаси тафтиш комиссияси ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан биргаликда ўтказилган қўшма мажлисида, касаба уюшмасининг тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкин.

13.5. Тафтиш комиссияси таркибига сайланган касаба уюшмаси аъзолари бошқа сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси раҳбар органлари таркибига сайланиши мумкин эмас.

XIV. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ.

14.1. Касаба уюшмаси юридик шахс ҳисобланади ва мазкур Уставга биноан фаолият кўрсатади.

14.2. Касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари ўз муҳрлари, белгиланган намунадаги штамплар, ҳос қоғозлар ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга бўладилар.

14.3. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ўз рамзига эга бўлади.

  

  1. КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ.

15.1. Касаба уюшмаси фаолиятини қайта ташкил этиш (бирлашиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва бошқалар) ёки тугатиш Қурултой қарорига кўра амалга оширилади.

15.2. Касаба уюшмаси қайта ташкил этилгандан сўнг Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатига олинади.

15.3. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор айнан шу масала юзасидан чақирилган Қурултойда қабул қилинади.

15.4. Касаба уюшмаси ўз фаолиятини тугатган тақдирда Қурултой унинг мол-мулкидан фойдаланиш тўғрисида қарор чиқаради. Касаба уюшмасининг мол-мулки унинг ходимлари, аъзолари ўртасида бўлинмайди. Қолган мол-мулклар Уставдаги мақсад ва вазифалар йўлида ёки хайрия мақсадларида сарфланади.

 

XVI. КАСАБА УЮШМАСИ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ. 

16.1. Касаба уюшмаси Уставига Қурултой қарорига асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Қурултойлар оралиғида тармоқ касаба уюшмасининг Уставига қонунчилик асослари ва бошқа сабабларга кўра қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан амалга оширилиши мумкин.

16.2. Ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида қарор Қурултойда иштирок этаётган делегатлар, Республика Кенгаши мажлисида иштирок этаётган кенгаш аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

16.3. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг, қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда тегишли ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш

ходимлари касаба уюшмаси

Республика Кенгаши раиси                                                     Ф.Р.Ханапияев

Устави

Print Friendly, PDF & Email

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам:

Click to listen highlighted text!