Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилоят Кенгашига Пахтакор ТТБнинг стоматология бўлимида жаррох стаматолог вазифасида фаолият юритган мархум Хужанов Эркин Шодиёровичнинг ишлаган даврида фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация пулларини ундириб беришда амалий ёрдам беришликни сўраб унинг турмуш ўртоғи Г.Хужанованинг қилган мурожаати Жиззах вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Ш.Шербеков томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида иш берувчининг 08.11.2024 йил кунидаги “Вафот этганлиги муносабати билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги буйруғига кўра, ходим билан тузилган меҳнат шартнома МКнинг 168-моддаси 8-банди ва ўлим гувохномасига асосан бекор қилинган.
Пахтакор ТТБ бухгалтерияси томонидан тақдим этилган “UzASBO” дастури орқали олинган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларда ходим Э.Хужанов 2015, 2016, 2017, 2018, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023, 2024 йилларда яъни, 10 йил давомида меҳнат таътилидан фойдаланмаганлиги маълум бўлди.
Иш берувчи номига киритилган тақдимнома натижасига кўра, иш берувчи томонидан тақдим этилган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотга асосан мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғига Э.Хужановнинг фойдаланилмаган меҳнат таътили учун 27 257 197 сўм миқдорида компенсация пуллари ундириб берилишига эришилди.