Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Брюссель шаҳрининг Халқаро ассоциациялар марказида Жамоат хихмати Интернационали Европа Федерацияси (ЕФПОО) Ижроия қўмитасининг навбатдаги 78-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мазкур йиғилишда ЕФПООга аъзо бўлган 40 га яқин давлатлардан 50 дан ортиқ касаба уюшмалари вакиллари, Жамоат хизмати Интернационали Бош котиби Д.Бэртосса, ЕФПОО Президенти Ф.Генг, Бош котиби Я.В.Гудриан, Европа касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби ўринбосари И.Шёнманнлар қатнашмоқда. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, Марказий Осиё мамлакатлари соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби Ф.Ханапияев ҳам иштирок этмоқда.
Йиғилиш кун тартибига бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқиш киритилган, шу жумладан, ташкилотнинг 2024 йил фаолияти якунлари ҳамда янги стратегик йўналишларни муҳокама қилиш, жамоат хизматлари, сунъий интеллект, ижтимоий сиёсат ва гендер тенглиги масалалари алоҳида ўрин эгаллаган.
Тармоқлараро ҳамкорлик мавзусида миллий ва Европа маъмурияти, коммунал хизматлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги ва ёшлар масалаларидаги янгиликлар, аъзолик масалалари бўйича янги аъзо бўлиш сўровлари, аъзолик бадалларига оид масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, йиғилиш кун тартибига жорий йилнинг 25-26 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқлим ўзгариши масаласига бағишлаб ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияси якунлари ҳамда Орол денгизи мавзуси ҳам алоҳида эътиборга олинди.