Жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши ва касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 21 февраль куни Шахрихон туман тиббиёт бирлашмасида 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши якунлари бўйича меҳнат жамоасининг ҳамда касаба уюшма ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.

Конференцияда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси А.Арзиев, мутахассис Х.Якубовлар иштирок этди.

Меҳнат жамоасининг конференциясида 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2024 йилда бажарилиши бўйича иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси раисининг ҳисоботлари тингланди. Делегатлар томонидан Жамоа шартномаси бандларининг 2024 йилда бажарилиши “қониқарли” деб баҳоланди. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиясининг далолатномаси тасдиқланди.

Шундан сўнг, касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил февраль ойидан 2025 йил февралигача бўлган даврдаги фаолияти муҳокама қилиниб, фаолияти қониқарли деб топилди ҳамда тафтиш комиссиясининг ҳисоботи тасдиқланди.

Кун тартибига мувофиқ сайлов муқобиллик асосида, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб Х.Тоштемиров қайта сайланди, шундан сўнг қўмита таркиби сайланди, қўмита таркибига сайланган ҳар бир қўмита аъзоси учун дублёр белгилаб олинди, касаба уюшма раиси билан меҳнат шартномасини имзолаш ваколати бўйича, тафтиш комиссияси таркиби, тафтиш комиссияси раиси, шунингдек, юқори касаба уюшмаси ташкилотининг конференциясига делегат сайланиб олинди.

Вилоят кенгаши раиси А.Арзиев томонидан касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари ҳамда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан касаба уюшмаларининг босиб ўтган йўллари, тузилма томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилган ютуқ ва натижалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Print Friendly, PDF & Email