ЖИЗЗАХДА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Жиззах вилояти ҳокимлиги Анжуманлар саройида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят тиббиёт ходимлари, соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, вилоят фаоллари иштирок этдилар.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Эргаш Салиев барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш, тиббиёт ходимларининг шарафли ва масъулиятли меҳнатини эъзозлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур имкониятлар яратиш ва пировардида халқимизнинг тиббиётдан рози қилиш, давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар самарасида малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маҳсулдорлиги сезиларли ортганлиги, жорий йил вилоятимиз тиббиёт тарихида унитилмас воқеаларга бой бўлганлиги, бир неча бор буйрак кўчириш ва юрак билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилганлигини мамнуният билан қайд этди.
Тадбирда, тиббиёт ходимларининг бир гуруҳига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаккурномалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимлари вилоят ҳокимининг ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури байрам тадбири иштирокчиларига манзур бўлди.
Тантанали байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодиржон Холбўтаев иштирок этди ва шарафли касб эгаларини байрам билан табриклади.

Print Friendly, PDF & Email