Жорий йилнинг 13 февраль куни Буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунлари муносабати билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сергели Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ҳамкорлигида “Икки буюк даҳо, икки бебаҳо” деб номланган маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар, Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ибрат бўларли ҳаёти, шахсий намуна бўлувчи фазилатлари, асарларидаги одоб-ахлоқ, ота-она ҳамда фарзандлар ўртасидаги ўзаро хурмат масалалари, ватанга садоқат, одамийлик тушунчаларининг яққол намоён бўлиши ҳақида айтиб ўтдилар.
Тошкент давлат педагогика университети Ўзбек Адабиёти ва уни ўқитиш кафедраси (доценти) – Д.Қаландарова, икки буюк бобокалонимизга ҳаёт ижодлари тўғрисида тўхтаб ўтдилар.
Тадбирнинг бадиий қисмида, техникумнинг иқтидорли ўқитувчилари Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазал ва рубоийларини маҳорат билан ижро этдилар. Тадбирда 200 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этишди.
Тадбир якунида иштирок этган барча фаол ўқувчиларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.