Конституция билимдонлари ўртасида викторина ўтказилди

Яқинда Тошкент давлат тиббиёт университетининг Академик лицейида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллигига бағишланган “Конституция ва ёшлар” мавзусидаги маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ҳуқуқий демократик жамиятда инсон ҳуқуқлари таъминлангани, ислоҳотлар жараёнида халқ иродасининг устуворлиги ва давлат томонидан ёшларга яратилаётган имкониятлар тадбирнинг асосий мазмунини ташкил этди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз”.

Ушбу фикрлар тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган конституцион ислоҳотларнинг аҳамияти ва инсон ҳуқуқлари устуворлигини яна бир бор эътироф этишга асос бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари маъруза билан иштирок этди. Маърузалар ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, Конституциянинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини чуқурроқ англатишга қаратилди.
Олимларнинг маърузаларидан кейин талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқий викторина ўтказилди. Унда фаол иштирок этган ва саволларга тўғри жавоб берган талабаларга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

Print Friendly, PDF & Email