МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМАСИ

    Ижтимоий ҳимоя манзарасида депсиниш, қотиб қолган услубларга таяниш барҳам топди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида энг аввало инсон капиталини ривожлантириш бош масала сифатида майдонга олиб чиқилди. Зотан, 2023 йил  “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастурида кўзда тутилган мақсадлар ва вазифалар кўламдорлиги билан ўзгача аҳамият касб этади. Айнан шу масала соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Самарқандда бўлиб ўтган сайёр Пленуми ва Ижроия қўмита йиғилишида кўрилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастур ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган манзилли-тадбирлар режасининг иккинчи чоракдаги ижроси муҳокамасига кенг ўрин берилди. Унда тармоқ касаба уюшмаси республика кенгашининг раиси Фарход Ханипияев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқовлар иштирок этди.

     Меҳнат соҳасида асослантирувчи ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш тармоқ тизимидаги барча ташкилотлар фаолиятида намоён бўлмоқда. Соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғиботи доирасида “давра суҳбатлари”, семинар-тренинглар, меҳнат шароитлари хусусидаги фото кўргазмалар ташкил этиш анъанага айлантирилган. Бир неча босқичли, барча тизим ташкилотларини ўз қамровига олган “Меҳнат маҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” кўрик танлови бир неча номинацияларда ўтказилмоқда. Қуйи ташкилотлар фаолиятига белгиланган мезонлар асосида баҳо берилаяпди.

    Тизимда “Бир мурожаат-натижа” тамойилли мулоқот механизми ишлаб чиқилган. Бу эса очиқлик сари ташланган муҳим қадам бўлди. Ўтган чорак мобайнида мурожаатлар асносида 57 028 нафар тизимда ишлаётган ходимларнинг ҳуқуқлари тикланди. Ходимлар манфаатини кўзлаб иш берувчиларга 498 та тақдинома (кўрсатма хат) юборилган. 383 ҳолатда эса судларга даъво аризалари ва илтимосномалар киритилди. Иш берувчилар томонидан меҳнат ҳуқуқлари топталган ходимларнинг 14 миллиард 164 миллион 567 минг 898 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди.

    Ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашни тубдан такомиллаштириш сари муҳим қадамлар ташланаяпди. Ижтимоий шерикчилик муносабатлари доирасида тармоқ келишувига амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларига киритилган қўшимчалар асосида 32 янги банд, келишувнинг 58 бандига ўзгартиришлар киритилди. Янгиланган амалиёт барча тизим ташкилотари жамоа шартномаларида ўз аксини топишига эришилди. Соҳа ходимларининг касб маҳоратини ошириш йўналишида “Энг яхши ўрта тиббиёт ходими ва фармацевтика ходими”, “Ҳамшира 2023” кўрик танловлари ўтказилиши мунтаззамлиги таъминланмоқда.

    Чорак мобайнида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний чиниқиш тадбирларига 183 199 нафар тиббиёт ходимлари, тизимдаги олий ўқув юрти ҳамда ишлаётган 45 мингдан ортиқ ёшлар жалб этилди. Ижтимоий суғурта ва касаба уюшма бюджети маблағлари ҳисобидан 2629 нафар ходимлар сиҳатгоҳларда имтиёзли дам олди.

      Иқтисодиётнинг реал секторидаги илдамлаш, тадбиркорликнинг қўллаб — қувватланиши тиббиёт соҳасида ҳам ўзлигини намоён қилмоқда.  Тизимда хусусий сектор улуши тобора ошиб, айни чоғда бу йўналишда фаолият кўрсатаётган шифо масканлари сони 8 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Тармоқ касаба уюшмалари, ўтган ярим йилда, таркибида 10 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган 701  муассасалар билан мулоқот олиб борди. Айни пайтда уларнинг 606 таси касаба уюшмалари хизматига олиниб, бу жамоаларда ишлаётган 10768 нафар ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси таъминланмоқда.

   Меҳнат масаласида мувозанат бузилиши ҳолатлари бор. Ўтказилаётган жамоатчилик назорати натижасида меҳнат ҳуқуқи бузилишларига барҳам бериб келинмоқда. Тармоқ кенгаши меҳнат инспекцияси аралашуви билан 54 минг 134 нафар ходимларнинг ҳуқуқи бузилган деб топилиб, улар фойдасига 7 миллиард 921 миллион 748 минг сўм маблағ ундириб берилди. Ходимлардан тушган 847 та мурожаат асосида 2894 нафар фуқарога, судларга даъво аризалари киритиш орқали 470 нафар ходимларнинг манфаатлари ҳимояланди. Бир сўз билан айтганда фаолиятда изчиллик, илгарилаш бор.

Тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши ижроия қўмитасининг II мажлиси кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Тадбир доирасида, Самарқанд вилоятидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида ўқув-семинари ҳам ташкил этилди.

Print Friendly, PDF & Email