Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Навоий вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ ҳамда техник инспекторлари томонидан тиббиёт муассасаларида иш режасига асосан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида иш режага асосан белгиланган тартибда иш ҳақларининг тўғри тўланиши юзасидан жамоатчилик назорати ўтказилди.
Ўрганиш давомида Х.Шукуров, Н.Хотамова, М.Авезова, З.Қўзиевларга иш ҳақлари кам тўланиб келинаётганлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликлар бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ҳужжатлар тўпланиб Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туманлараро судига тўланмасдан қолинган иш ҳақларини ундириш бўйича ариза киритилди.
Натижада, Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туманлараро судининг қарорига асосан Учқудуқ туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Х.Шукуровга 197 миллион 239 минг 329 сўм, тиббиёт бирлашмасининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари З.Қузиевга 126 миллион 757 минг 278 сўм, тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамширалари М.Авезовага 66 миллион 122 минг 632 сўм ҳамда Н.Хотамовага 10 миллион 213 минг 134 сўм, жами 400 миллион 332 минг 373 сўм тўланмасдан қолинган иш ҳақи ундириб берилишига эришилди.
Тиббиёт ходимлари доим Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳимоясида!