Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилоят кенгаши тармоқ тизимида фаолият кўрсатаётган туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, Самарқанд тиббиёт университети ва вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик ташкилотларда ишловчи хотин-қизлар ўртасида “Бир бўлсак ягона –халқмиз, бирлашсак-Ватанмиз” деган ғоя асосида спортнинг волейбол тури бўйича “Саломатлик спорт мусобақаси” ўтказилди.
Мазкур спорт мусобақасида 200 га яқин хотин-қизлардан иборат жамоалар иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси С.А.Рафиков очиб берди. Тадбирнинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.С.Зайниев ҳам иштирок этиб, мусобақа иштирокчиларини қутлаб, бажараётган шарафли ишлари билан биргаликда ушбу спорт мусобақасида фаол иштирок этаётганликларини таъкидлаб, жамоаларга муваффақият тилади.
Тадбир очилишида Самарқанд давлат тиббиёт университети касаба уюшма қўмита раиси, касаба уюшмаси фахрийси Я.Н.Аллаяров ҳам сўз олиб, мазкур мусобақа мустақиллигимизниниг 33 йиллик тантаналарига бағишланганлиги, юртимиздаги тинчлик, инсонга бўлган эътиборнинг янада юқори даражага чиқарилишини таъкидлаб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Ж.М.Очилов сўзга чиқиб бу каби спорт мусобақалари келажакда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва мутасадди ташкилотлар билан доимий равишда ўтказиб борилиши, мусобақа турлари ва иштирокчилари кўлами кенгайиб боравериши ҳамда бу каби тадбирлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қуръа ташлаш натижаларига кўра мусобақага ташриф буюрган 20 жамоа 2 гуруҳга бўлиниб мусобақани бошлашди.
Муросасиз ўтган беллашувда Булунғур ва Нарпай туман тиббиёт бирлашмалари жамоалари фахрли III ўринни, Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси фахрли II ўринни, Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси фахрли I ўринни эгаллашди.
Ғолиблар вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди.
Мусобақа якуни бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилоят кенгаши томонидан мусобақа ҳамкорлари ва мусобақани ўтказишда яқиндан кўмак берган мутасаддиларга ташаккурномалар берилди. Бундан ташқари мусобақа иштирокчилари учун байрам дастурхони ва маданий тадбир ҳам ташкиллаштирилди.