Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгашига Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси АКТ ҳамшираси Додаева Моҳсира Олимжон қизи томонидан 2023 йилнинг 8 февраль куни иш берувчи томонидан ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаси тўлаб берилиши кечиктирилганлиги учун кечиктирилган кунларга компенсация ундириб берилишида ёрдам сўраб мурожаат қилинган.
Мурожаатни ўрганиш якуни юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори ходим манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризаси киритган.
Ушбу даъво аризаси судда мазмунан кўриб чиқилиб, 1-инстация суди томонидан ходим ҳисобига 3 миллион 748 минг сўм миқдоридаги кечиктирилан кунлар учун компенсация, 500 минг сўм маънавий зарар учун пул маблағи тўлаб берилиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Кейинчалик жавобгар томонидан 2024 йилнинг 28 июнь куни кассация шикояти берилган ва 1-инстанция судининг қарор қисми ўзгартирилиб, ходим ҳисобига 3 миллион 748 минг сўм миқдоридаги кечиктирилан кунлар учун компенсация бекор қилиниб, 12 минг 278 сўм миқдорда компенсация тўланиши ҳақида ажрим қабул қилинган.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан Сирдарё вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясига шикоят аризаси киритилган ва кассация ажрими бекор қилиниб, М.Додаева ҳисобига ҳомиладорлик ва туғруқ нафақаси кечиктирилиб тўланганлиги учун 4 миллион 400 минг 79 сўм миқдорда компенсация тўланиши ҳақида ажрим қилинган. Ҳозирда ходим ҳисобига ушбу пул маблағи тўлаб берилган.
Тиббиёт ходимлари доим Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳимоясида!