Сирдарё: 97 нафар тиббиёт ходими махсус кийим-бош билан таъминланди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг иш режасига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича меҳнат техник инспектори А.Ғаниев томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Меҳнат кодекси, тармоқ келишуви ҳамда жамоа шартномаларида белгиланган бандларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати ўтказилди.

Назорат жараёнида иш берувчи томонидан ходимларни зарур махсус кийим-бош (тиббий халат ва тиббий қалпоқча) билан таъминлаш талаблари бажарилмаётгани аниқланди.

Аниқланган камчиликни бартараф этиш мақсадида иш берувчи номига ёзма кўрсатма киритилди. Бироқ иш берувчи кўрсатма ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли, ФИБ Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суд томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан киритилган даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Ховос ТТБда 97 нафар ходимга жами 20 520 000 сўм қийматида тиббий халат ва тиббий қалпоқчалар билан таъминланишига эришилди.

Print Friendly, PDF & Email