Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилоят Кенгашига Шеробод туман тиббиёт бирлашмаси КТМП юқумли касалликлар хонасида ишловчи ходимлар Т.Суванов ва М.Чориевалар ОИТС/ОИВ касалликларига қарши амалий ишларни бажариб келганлиги учун қўшимча тўловлар 2024 йил апрель ойидан буён тўланмаётганлиги тўғрисидаги мурожаат келиб тушган.
Ушбу мурожаат тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сурхондарё вилояти буйича меҳнат техник инспектори У.Бўриев томонидан ўрганиб чиқилди.
Т.Суванов КТМП врач инфекционисти ва М.Чориева ҳамшира вазифасида фаолият юритиб келишган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдагидаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сонли Қарорнинг VIII бўлим 8.1 бандида “ОИТСга ва ОИВ инфекциясига чалинган беморлар билан бевосита контактда бўлиш натижасида консультациялар, кўздан кечириш, тиббий ёрдам кўрсатиш, суд-тиббий экспертиза ва бошқа ишларни амалга оширишда банд бўладиган тиббиёт ходими, раҳбарлар, мутахассислар, хизматчилар ва ишчи касблари лавозимлари” деб белгиланган талабга кўра КТМП юқумли касалликлар хонасида ишловчи ходимларга Шеробод туман тиббиёт бирлашмаси томонидан қўшимча 50% устама ҳақлари мунтазам равишда ҳар ойда тўлаб берилиши лозим деб топилди ва меҳнат техник инспектори томонидан иш берувчи номига устама ҳақлари тўлаб берилиши юзасидан ёзма кўрсатма киритилди.
Кўрсатмага кўра иш берувчи ҳисобидан 2024 йил апрель-август учун ойлари ойлик иш ҳақига қўшимча 50% устама ҳақлари Т.Сувоновга 13 миллион 353 минг 148 сўм ва М.Чориевага 8 миллион 362 минг 420 сўм, жами бўлиб ҳисоблаганда 21 миллион 715 минг 568 сўм маблағ 2024 йил август ойи ойлик иш ҳақисига қўшилган ҳолда тўлиқ тўлаб берилди.
Тиббиёт ходимлари доим Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳимоясида!