Инсон учун энг муҳими — саломатлик. Тани соғлом, руҳи тетик одамгагина ҳаёт неъматлари татийди. Шу маънода, саломатлигимиз посбонларини қанча эъзозласак оз.
Юртимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланади.
Ушбу санага бағишланган бу галги асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳрида ташкил этилди. Шу муносабат билан кўҳна кент юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 600 нафардан зиёд тиббиёт ходимларини қарши олди.
Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд давлат мусиқали драма театри асосий тантаналар манзилига айланди. Сана муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига байрам табриги йўллади.
Шунингдек, тадбирда Президентимиз фармонига кўра юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган 73 нафар фидойи тиббиёт ходимига орден ва медаллар тантанали тарзда топширилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳам барча иштирокчиларни байрам муносабати билан қутлаб, қимматбаҳо эсдалик совғалари топширди.