Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ходимлар томонидан бузилган хуқуқларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш, шунингдек иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари бўйича қонун бузилиш холатлари тўғрисида мурожаатлар сони ортиб бораётганлигидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри бўйича меҳнат-ҳуқуқ ва меҳнат-техник инспекторлари иштирокида ўқув-семенар машғулоти ўтказиш тўғрисида таклиф берилди ва таклиф асосида ҳар битта тумандаги тиббиёт муассасаларида ўқув-семенар машғулотини ўтказиш режалаштирилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Г.Тошпулатова ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Тошкент шаҳар бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори М.Садиков ва техник инспектор Н.Маннановалар иштирокида белгиланган режа асосида жорий йилнинг 14 сентябридан 21 сентябига қадар Олмазор, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтохур, Яшнобод туманининг марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт муассасаларидан таклиф этилган кадрлар бўлими мутахассислари, меҳнат мухофазаси бўйича инспекторлари ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раислари билан карантин қоидаларига риоя этилган холда ўқув-семенар машғулоти ташкил этилди.
Ушбу ўқув-машғулотларида жами 238 нафар ходим иштирок этди.
Ўқув-семенар машғулотида меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, меҳнат таътиллари ва меҳнат муносабатлари, иш берувчи билан ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича буйруқларни қонуний расмийлаштириш ҳамда меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича нафақа тўлаш масалалари тўғрисида маъруза қилинди. Бундан ташқари, меҳнат шартномаларининг барча бандлари тўлиқ расмийлаштирилиши ва ҳар бир ходимнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилиб, тегишли ходимлар билан таништирилиб, бир нусхаси ходимда ва яна бир нусхаси ходимнинг шахсий жилдида сақланиши тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига бевосита тааллуқли бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 4 августдаги 461-сонли қарори асосида рағбатлантириш тўловларини тўлаш масалалари бўйича хам тушунтириш берилди.
Маърузаларда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат хуқуқини кафолатлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сонли “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланганлиги кенг ёритиб берилди.
Тиббиёт ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш масалалари бўйича Ўзбекистонг республикаси Меҳнат Кодексининг 214-моддаси асосида тушунтиришлар берилди ва иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
Бу каби ўқув-семенар машғулотлари туман тиббиёт муассасаларида жорий йилнинг 24 сентябр кунига қадар давом эттирилиши режалаштирилган.
Меҳнат-хуқуқ инспектори М.М.Содиқов