ХОДИМЛАР МАНФААТИ УСТУВОР

Икки йилдирки, мамлакатимизда 11 ноябрда “Касаба уюшмалари куни”ни нишонлаш одат тусига кирди. Мазкур сана олдидан вилоятимизда ҳам турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши мажлислар залида кечган “Очиқ мулоқот” тарзидаги анжуман ҳам фикримиз далилидир. Унга вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва тармоқ касаба уюшмалари ташкилотчилари таклиф этилди.

Тадбирни Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев олиб борди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев касаба уюшмаларининг жамиятда тутган ўрни ва тармоқ ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги вазифалари ҳақида маъруза қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар” деб белгилаб қўйилган. Нотиқ мулоқот давомида юқоридаги функциялар ижроси амалиётга қандай татбиқ этилаётганлигини батафсил изоҳлаб берди. Шунингдек, амалдаги Меҳнат кодекси ва Янги таҳриридаги Меҳнат кодексларининг муҳим жиҳатлари хусусида тўхталди.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг “Тармоқ келишуви”, “Жамоа шартномаси” ва бошқа ҳужжатларда қайд этилиши лозим бўлган ҳуқуқий манфаатларини батафсил изоҳлаб берди. Уларда кўзда тутиладиган имтиёзлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этди. Шу билан бирга иш берувчилар билан тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келаётган низоларни бартараф этиш борасида кўрилган чораларни рақамлар воситасида шарҳлади.

“Очиқ мулоқот”да кўпчиликни қизиқтираётган масалалар бўйича саволлар ўртага ташланди. Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Саломатхон Саркарова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Гулчеҳра Эгамбердиева ва бошқалар томонидан кўтарилган муаммолар долзарб аҳамиятга эгадир.

Тадбир ниҳоясида иш берувчилар ва касаба уюшма фаолларидан бир гуруҳи байрам олдидан рағбатлантирилди. Уларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.

Print Friendly, PDF & Email