Жорий йилнинг 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади.
Мазкур лойиҳага Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳам тармоқ иш берувчилари билан биргаликда иштирок этди ва ҳайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди.
Халқимизнинг қадимий анъаналари ва урф-одатларига биноан, дарахт экиш жараёни нуронийларнинг дуолари билан бошланди, яхши ниятларнинг ижобати, хайр-барака сўралди.
Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Тошкент Ботаника боғи мутахассисларининг таъкидлашича, мазкур кўчат навлари қурғоқчиликка чидамли бўлиб, 90 фоизгача натижа кўрсатади.