Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ВКП Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида айрим ижроия қўмитаси аъзолари ёки уларнинг ваколатли ўринбосарлари видеоалоқа орқали иштирок этишди.
Йиғилишни ВКП Президенти Александр Корчагин кириш сўзи билан очди ҳамда йиғилишни олиб борди.
“Республика пойтахти — қадимий ва ҳамиша навқирон Тошкент тупроғига қадам қўйган илк дақиқаларданоқ ўртоқларимизнинг самимий меҳмондўстлигини тўлиқ ҳис қилдик, – деди ВКП Президенти. – Биз ҳам ўз навбатида Ўзбекистон халқига самимий ҳурмат ва дўстлик туйғулари билан қалбимиздан илиқлик бахш этдик”.
Ижроия қўмитаси йиғилишига тайёргарлик кўриш жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва ходимлари томонидан катта ташкилий ишлар олиб борилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Йиғилганларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиков қутлади.
Қ.Рафиков касаба уюшмалари Федерацияси ўз фаолиятида юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан касаба уюшмалари ҳаракатига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмакка таянишини, бу кўп жиҳатдан мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг юксак даражасини белгилаб бераётганини ва касаба уюшмаларига самарали ва тўлиқ фидойилик билан ишлаш имконини бераётганини эътироф этди.
Йиғилишда онлайн тарзда иштирок этган ВКП Бош котиби вазифасини бажарувчи Анатолий Назейкин ВКП штаб-квартирасидан Ижроия қўмитаси аъзоларига мурожаат қилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси давлат ижтимоий сиёсатини шакллантириш ва олиб боришда фаол иштирок этиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги моделини яратишга салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Унинг ташаббуси ва фаол иштирокида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун кенг муҳокама қилиниб, қабул қилинди. Меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа қонунлар ишлаб чиқилиб, кўплаб муҳим ижтимоий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
– ВКПга аъзо ташкилотлар Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўладилар. Биз муносиб меҳнат, минтақа касаба уюшмаларининг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги учун курашда ўзаро ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланишига ишончимиз комил”, — деди Анатолий Назейкин. А.Назейкин республика меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, миллий миқёсда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси нуфузини оширишга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Президенти ВКПнинг “За заслуги перед профдвижением” фахрий олтин кўкрак нишони билан мукофотланганини эслаб ўтди.
Ижроия қўмитаси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишда касаба уюшмаларининг роли тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Маъруза ҳамда таҳлилий тақдимот билан касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат хавфсизлиги бўлими бошлиғи Нодира Гаибназарова сўзга чиқди. Мавзуни муҳокама қилишда ВКП комиссиясининг меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва ишчиларни ижтимоий таъминлаш комиссияси ҳамраиси, МОП “Электропрофсоюз” раиси Василий Бондарев иштирок этди.
ВКП Ижроия қўмитасининг мазкур масала бўйича қабул қилинган қарорида меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг фаол, мақсадли, тизимли иш олиб бораётгани қайд этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари тажрибасидан амалий фаолиятда фойдаланиш учун ВКП тизимидаги ташкилотларга маълумот юборишга қарор қилинди.
ВКПнинг ахборот нашрларида Ҳамдўстлик давлатлари касаба уюшмаларининг соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ҳаракатлари, шунингдек, ишлаб чиқаришдаги жароҳатларнинг олдини олиш тажрибаси тўғрисидаги материалларни мунтазам равишда эълон қилишни давом эттириши белгилаб олинди.
ВКП ва Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциациясининг «Минтақа мамлакатларида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги ҳисоботини Ижроия қўмитага ВКП Бош котибининг ўринбосари Валерий Юрьев тақдим этди. Ўзбекистон ва Озарбайжон касаба уюшмалари марказларининг ижтимоий суғурта бўлимлари раҳбарлари ўз маърузаларида ушбу мамлакатлар касаба уюшмаларининг муносиб пенсия таъминоти учун олиб бораётган ишлари ҳақида ахборот бердилар.
Таъкидланганидек, пенсия миқдори оширилишига қарамай, минтақада пенсия таъминоти даражаси пастлигича қолмоқда, пенсия таъминоти тизимининг молиявий аҳволи беқарор ва давлатлар, иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларига боғлиқ.
2018 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда мамлакатларда пенсиянинг реал харид қобилияти ҳамма жойда пасайиб кетди ва камбағаллик чегарасида яшовчи инсонлар сони, уларнинг ичида пенсионерлар кўп болали оилалардан кейин иккинчи ўринда туради.
Касаба уюшмалари аҳолининг иш ҳақи ва даромадларини ошириш муаммоларини ҳал этиш билан бевосита боғлиқ бўлган мавжуд пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисидаги масалаларни доимий равишда кўтаради.
ВКП Ижроия қўмитаси ва Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциациясининг “Минтақа мамлакатларида фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қўшма маърузасини маъқуллади ва уни МДҲ Ижроия қўмитаси, Парламентлараро Ассамблея — МДҲга аъзо давлатлари, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳамда аъзо ташкилотларга ишда фойдаланиш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ижроия қўмита аъзо ташкилотлар томонидан пенсия таъминотини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
ВКПга аъзо ташкилотларга Ҳамдўстлик давлатларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва маъмурий органлари, барча даражадаги ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда пенсия таъминоти тизимларининг нормал фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга изчил ва мақсадли равишда эришиш тавсия этилди.
Йиғилиш давомида касаба уюшмалари Федерацияси етакчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Касаба уюшмаларидаги кўп йиллик самарали фаолияти, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташкилий бирлигини, халқаро касаба уюшмалари ҳаракатининг меҳнат бирдамлигини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси Рафиков Қудратулла Мирсагатович ВКПнинг “За заслуги перед профдвижением” фахрий олтин кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси ўринбосари Махмадалиев Бахтиёр Хасанович “За заслуги перед профдвижением” фахрий кумуш кўкрак нишони билан тақдирланди.
Йиғилишда жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган ВКПнинг навбатдан ташқари Х съездига тайёргарлик кўриш, Конфедерация бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, минтақадаги касаба уюшмалари ҳаракатининг долзарб муаммоларини ҳал этиш масалалари юзасидан манфаатли фикр алмашилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкасблар учун қизиқарли ва маърифий маданий дастур ташкил этилди.