Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида меҳнат қилаётган инсонлар, биринчи навбатда, ходимлар ва ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясини пухта билиши, унга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳитни яратиш ғоят муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 2023-йил 6 декабрь куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти фаоллар залида “Янги конституцион ислоҳотларда ёшларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Тошкент давлат юридик университети профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ходимлари, Тошкент педиатрия тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари ходимларидан иборат 200 нафар иштирокчи қатнашди.
Тадбирда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори – профессор Б.Даминов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Г.Тохтаева, Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши тарихи, унинг давлат сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари ҳақида талаба-ёшлар ҳамда давра суҳбати иштирокчиларига батафсил маълумотлар бердилар ҳамда Конституция мамлакат ёшлари ҳаёти, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда мустаҳкамлашда муҳим ўрин ва ролга эгалигини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришларини кафолатлаши; ҳар ким ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши; олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунларда белгиланган доирада ўз-ўзини бошқариш, академик эркинлик, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши каби нормалар киритилганлиги мамлакатимиз ёшлари, уларнинг таълим олишларига берилаётган эътиборнинг яна бир мисоли эканлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан берилган таклифларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилганлиги ва шуни эътиборга олган ҳолда Янгиланган Конституцияда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб “Оила, болалар ва ёшлар” масаласига бағишланганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини янада такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳуқуқий асос яратилганлиги тўғрисида сўзладилар.
Шу билан бирга, йиғилишда сўз олган ёшлар янгиланган Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормаларини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда ушбу Бош қомусимизни “Ёшлар Конституцияси” дея эътироф этишга ҳам барча асослар борлигини алоҳида қайд этдилар.