Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси делегацияси Бельгиянинг Брюссель шаҳрига расмий ташрифини якунлади.
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Брюссель шаҳрида Жамоат ходимлари Интернационали Европа Федерацияси (Европейская Федерация профсоюза Общественного обслуживания (ЕФПОО), European Public Services Union (EPSU))нинг Соғлиқни сақлаш ва Ижтимоий таъминот бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги 59-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув доирасида 25 та аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаси касаба уюшмалари етакчилари иштирокида сектор фаолиятининг муҳим йўналишларига оид масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ)нинг Бухарест декларациясидан келиб чиқувчи вазифалар, Европа Иттифоқи ва Пан-Европа минтақасида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар етишмаслигини бартараф этиш ташаббуслари, 7 апрель Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати бўйича ва Халқаро ҳамширалар ва доялар куни бўйича баёноти, Европа руҳий саломатлик стратегияси ҳамда Европа Парламентининг COVIDдан олинган сабоқлари ҳақидаги ҳисоботи ва бошқа устувор йўналишлардаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб муҳокама қилинди.
Кўрилган масалалар доирасида Республика Кенгаши раиси Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада кадрлар етишмаслигини бартараф этиш юзасидан тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, тиббиёт ва ўрта тиббиёт ходимлари учун яратилаётган меҳнат шароитлари, уларнинг касбий малакасини ривожлантириш, янгидан қуриб топширилаётган тиббиёт муассасалари, жаҳон ва замон стандартлари талабига мос асбоб-ускуналар, реанимобиллар ҳамда умуман аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзга чиқди.