Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Д.Уразбаев томонидан Республика ўлат профилактика маркази Қорақалпоғистон филиалида ишловчи тиббиёт ходимларининг 2023 йил давомида ва 2024 йилнинг январ-апрел ойларига тўланган ойлик иш ҳақининг тўғри тўланиши юзасидан жамоатчилик назорати ўтказилган.
Ўтказилган ўрганиш давомида Республика ўлат профилактика маркази Қорақалпоғистон филиали ҳисоб-китоб бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2006 йил 14 январьда 1538-сонли давлат рўйхатидан ўтказилган Низом талабларига амал қилмасдан филиал директорига ва унинг ўринбосарига 2023 йилнинг январ ойидан 2024 йилнинг апрел ойигача кам миқдорда иш ҳақи тўлаб келинганлиги аниқланган.
Аниқланган камчиликлар бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан ҳужжатлар тўпланиб Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига ариза киритилган.
Натижада, суднинг буйруғига асосан Республика ўлат профилактика маркази Қорақалпоғистон филиали директорига жами 93 миллион 528 минг 74 сўм ва директор ўринбосарига жами 84 миллион 708 минг 459 сўм ундириб берилишига эришилди.
Тиббиёт ходимлари доим Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳимоясида!