«Ҳамшира-2025 кўрик-танлови» ўтказилди

Жорий йилнинг 02 апрел куни Урганч «Абу-Али Ибн-Сино» номидаги жамоат саломатлиги техникуми залида, Хоразм вилоят Соғлиқни сақлаш Бошқармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Хоразм вилоят кенгаши ҳамда Ҳамширалар Ассоциацияси Хоразм вилоят бўлинмаси қўшма қарорига асосан «Ҳамшира- 2025 кўрик-танлови»нинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу кўрик-танловда даволаш профилактика туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари муассасаларидан сараланган ҳамширалардан 10 нафар ҳамшира қизлар иштирок этишди.

Бири – биридан чаққон, билимли, зукко, янгилик сари интилувчан ҳамшираларнинг ўзига ярашиб турган оқ либоси томошабинлар қалбини янада завққа тўлдирди. Танлов Низомига кўра, иштирокчилар тўртта шарт асосида ўз билимларини синашди.

Шунингдек, назарий ҳамда ижтимоий – сиёсий саволларга зукколик ва чаққонлик билан жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Ҳамширалар билим ва маҳорат борасида бир – бирларидан асло қолишганлари йўқ. Энг муҳими, кимдир амалиётда, кимдир назарий, ижтимоий – сиёсий, кимдир эса ўз билим ва истеъдодини қойил мақом даражада кўрсата олди. Бу албатта уларда камтарлик, инсонийлик, самимийлик ва меҳрибонлик фазилатлари мужассамлигини ифода этди.

Танловда фахрли ўринларни:

1-ўрин — Халлилоева Дилафрўз Комилжон қизи Янгибазар туман тиббиёт бирлашмаси Қабул эмержимент жаррохлик пости ҳамшираси.

2-ўрин — Давлетова Дилдора Шоназар қизи Боғот туман тиббиёт бирлашмаси 3-сон ОП тиббий бригада ҳамшираси.

3-ўрин — Ботирова Соҳиба Мухторбек қизи Янгариқ туман тиббиёт бирлашмаси қабул-диагностика бўлими ЭГДС ҳамшираси ўрин олдилар.

Кўрик-танлов юқори кўтаринки кайфиятда ўтди. Кўрик-танлов ғолиблари ва танлов иштирокчилари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилоят кенгаши, Хоразм вилоят соглиқни сақлаш Бошқармаси, Ҳамширалар Ассоциацияси Хоразм вилоят бўлинмасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

 

Print Friendly, PDF & Email