Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами муносабати билан анъанавий “Ҳеч ким унутилмайди, ҳеч ким эътиборимиздан четда қолмайди. Барча ҳаракатларимиз инсон қадри учун!” деб номланган акцияга старт берилди.
Ушбу акция доирасида касаба уюшмаси турли бўғин ташкилотлари томонидан, тармоқ иш берувчилари – корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан биргаликда илгари тизимда фаолият юритган ва бугунги кунда орамизни тарк этган 892 нафар марҳум ҳамкасбларимиз хонадонларидан хабар олиб, уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, ётганларни хотирлаш ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан тайёрланган Хотира ёдномаларини топшириш режа қилинган.
Бундан ташқари, соҳада самарали меҳнат қилиб хозирда қарилик нашидасини сўраётган нафақадаги ходимларимиз, ёки кўп йиллардан бери тизимда самарали меҳнат қилиб келаётган фахрий ходимларимиздан 3450 зиёдига иззат-икром кўрсатиш ва уларнинг меҳнат фаолияти эътироф этилган касаба уюшмаси Қадрномаларини топшириш мақсад қилинган.
Шундай тадбирлардан бири бугун, 7 май куни Тошкент Давлат тиббиёт Университетида бўлиб ўтди. Унда Университет раҳбарияти томонидан фахрийларга ва марҳум ходимларга эсдалик совғалари тарқатилди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Ф.Ханапияев томонидан касаба уюшмаси томонидан меҳнат фахрийларига самарали меҳнатлари эътироф этилган Қадрнома ва эсдалик совғалари, кўп йиллар давомида ишлаб бугунги кунда орамизни тарк этган марҳум ҳамкасблар оила аъзоларига Ёдномалар тақдим этилди.