12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири

Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги санъат саройида 12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида фидойи касб эгаларига яна бир бор эҳтиром кўрсатилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев сўзга чиқиб, барча ҳамшираларни Халқаро ҳамширалар куни билан самимий қутлади.

– Замонавий тиббиётни ҳамширалар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Энг илғор технологияларга асосланган амалиётларни ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданият даражасининг юқори бўлишида патронаж ҳамшираларнинг ўрни беқиёс, – деди, жумладан, Алишер Шодмонов. – Шу боис ҳам, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда олиб борилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 май куни тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантиришга оид қарорига кўра, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Шу ўринда юртимизда уч юз минг нафардан зиёд ўз касбига садоқатли ҳамширалар тиббиётнинг турли бўғинларида самарали фаолият юритиб келаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ана шундай фидойи, ораста, оқила, бир сўз билан айтганда, олижаноб касб эгалари бўлган ҳамшираларимиз қаршисида ҳамиша таъзимдаман.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунгача Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент каби қатор йўналишлар бўйича тўрт ярим минг нафар олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, юзга яқин ҳамширалар магистр даражасига эга. Улар даволаш-профилактика муассасаларида бош, катта ва етакчи ҳамшира ҳамда тиббиёт институти ва коллежларида ўқитувчи сифатида фаолият юритмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, 18 нафар олий маълумотли ҳамшира тиббиёт соҳасида фалсафа доктори (PhD) илмий унвонига эга бўлди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ўтган йил давомида самарали фаолияти билан аҳоли саломатлигини сақлашда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи ҳамширалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Эл ардоғидаги санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тантанали байрам тадбирига ўзгача файз киритди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ўтган йил давомида самарали фаолияти билан аҳоли саломатлигини сақлашда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи ҳамширалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Эл ардоғидаги санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тантанали байрам тадбирига ўзгача файз киритди.

 

 

Print Friendly, PDF & Email