Welcome to Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси   Click to listen highlighted text! Welcome to Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
71-241-50-44
soglik@kasaba.uz
Тошкент ш.,
Навоий, 4, Б-блок

Устави

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан

2020 йил 15 октябрь куни 406-п сон билан

қайта рўйҳатга олинган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари

касаба уюшмаси Қурултойининг

24.08.2020 3-сон қарори билан тасдиқланган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг янги таҳрирдаги Устави

1.1. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси (кейинги ўринларда — Касаба уюшмаси) хўжалик юритиш ва ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар соғлиқни сақлаш, фармацевтика, санитария-гигиена ва аҳолига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган ташкилот, корхона ва муассасалар (кейинги ўринларда — Муассасалар) ходимларини, шунингдек, қисман банд бўлган ва вақтинча ишсиз бўлган шахсларни, тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган талаба-ўқувчиларни ирқи, миллати, диний ва сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, ихтиёрийлик асосида бирлаштирадиган ўзини-ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси ҳисобланади.

1.2. Касаба уюшмаси юридик шахс бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрида, шунингдек, республиканинг барча туман ва шаҳарларида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига (кейинги ўринда – “бошланғич ташкилот”) ҳамда бўлинмаларига эга.

1.3. Касаба уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро Конвенция ва шартномалар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда ушбу Уставга асосан, шунингдек ўзи аъзо бўлган касаба уюшма бирлашмалари Уставлари талаблари асосида иш юритади.

1.4. Касаба уюшмаси ўз фаолиятида, шу жумладан молиявий фаолиятида давлат хокимияти ва бошқаруви, иш берувчилар ёки уларнинг уюшмаларидан мустақилдир, улар олдида ҳисобдор эмас ва улар томонидан назорат қилинмайди. Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Касаба уюшмаси мустақил равишда ўз Уставини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, ташкилий тузилмасини белгилайди, касаба уюшма органларини сайлайди, ўз фаолиятини ташкил этади, йиғилишлар, шунингдек бошқа тадбирларни ташкил этади.

1.5. Ушбу Устав қоидалари талқинини бериш фақатгина касаба уюшмаси Республика Кенгаши, унинг Мажлислари оралиғида эса касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг ҳуқуқи ҳисобланади. Устав қоидалари талқинини бериш масаласи бўйича ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар келиб чиққанда Уставнинг давлат тилидаги матни устунликка эга ҳисобланади.

1.6. Касаба уюшмасининг номи:

Давлат тилида – “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси” (лотин алифбосида — O‘zbekiston Sog‘liqni saqlash xodimlari kasaba uyushmasi);

Рус тилида – Профессиональный союз работников Здравоохранения Узбекистана;

Инглиз тилида – Trade union of the Healthcare workers of Uzbekistаn.

1.7.Касаба уюшмасининг доимий фаолият кўрсатувчи раҳбар органи жойлашган ери (почта манзили): 100029, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бухоро кўчаси, 24 уй.

1.8.Касаба уюшмаси бўлинмаларини тузиш, ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бўлинмаларининг раҳбар органлар тўғрисидаги қоидалар ҳамда бўлинмаларнинг мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил равишда уларнинг Низомларида белгиланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1.Касаба уюшмасининг асосий мақсади:

— ўз аъзоларининг меҳнат соҳасидаги хуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш;

-тармоқ касаба уюшмаси ҳаракатининг бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш;

2.2.Касаба уюшмасининг вазифалари:

— ходимларга амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатларда белгиланган кафолат ва имтиёзларнинг сўзсиз татбиқ этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

— иш берувчилар ҳамда уларнинг бирлашмалари билан биргаликда ижтимоий шериклик ўрнатиш, музокалар юритиш орқали ўз аъзоларига қонунларда берилган имтиёзлардан кўра кўпроқ имтиёзлар яратилиши бўйича келишув ва шартномалар тузиш;

— касби, лавозими, миллати, жинси, ёши ва диний эътиқодидан қатъий назар, ҳар бир касаба уюшмаси аъзосини меҳнат қилиш ва меҳнатга адолатли ҳақ тўланиши, касбни эркин танлаш, муносиб меҳнат ёки таълим олиш шароитига эга бўлиш, дам олиш, ишсизликдан ҳимояланишга доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— меҳнатга ҳақ тўлашнинг ижтимоий-адолатли тизими жорий этилишини назорат қилиш;

— иш жойларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини олдини олинишига, ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омилларини бартараф этилиши, ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат, қулай маиший шароитлар яратилишини назорат қилиш;

— содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг сабаб ва оқибатларини, зарар тўловлари ҳисобланиши ва тўланишини ўрганиш, таҳлил  қилиш, сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш, чора-тадбирлар ишлаб чиқишда кўмаклашиш;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил қилиш, дам олиш, санаторий — курортларда даволанишнинг самарали  бўлишига, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, унинг оммавийлигини оширишга, иш вақтида ходимлар гимнастикаси жорий этилишига кўмаклашиш;

— касаба уюшмаси аъзолари ўртасида туризмни ривожлантириш, улар ўртасида миллатлараро, конфессиялараро тотувлик ҳамда миллий истиқлол ғояларини мустаҳкамлаш, маданий-маънавий, ахлоқий-тарихий, шунингдек умумбашарий қадриятларни тарғибот-ташвиқот қилиш;

— тармоқ миқёсидаги ўртача иш ҳақи миқдорини таҳлил қилиш, ўз ваколатлари доирасида иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, оммавий тарзда ишдан бўшатиб олинаётган ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— ходимларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш ишларини, яширин ишсизлик ва норасмий бандлик ҳолларини таҳлил қилиш, олдини олиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш, ходимларнинг ўз малакасини ошириб боришига қўмаклашиш, меҳнат бозорида тенг рақобатлашиш имконига эга бўлмаган шахсларнинг иш ўринларига жойлаштирилиши, муассасалардан оммавий равишда ишдан озод этилаётган ходимларга моддий мадад чоралари қўлланилиши устидан назорат олиб бориш;

— бандликка кўмаклашиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, яшил иш ўринлари яратилишига кўмаклашиш;

— атроф муҳитнинг экологик мувозанатини сақлашга, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўмаклашиш;

— гендер тенглигига эришиш, оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

— ёшларга оид давлат сиёсатига кўмаклашиш, ёш мутахассислар, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устида доимий ишлаши, касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириб бориши учун “Устоз-шогирд”  тизими ва бошқа шонли анъаналарни йўлга қўйиш, давом эттириш;

— кам таъминланган, эҳтиёжманд касаба уюшма аъзоларига моддий ёрдам, ҳамжиҳатлик кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;

— меҳнатда бошқаларга ибрат кўрсатган, фаол касаба уюшма аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада иш берувчилар ва уларнинг уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш;

— аъзоларнинг касб имиджини сақлаш ва уни кўтариш бўйича иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари билан биргаликда тегишли чораларни амалга ошириш;

— жамоа шартномалари ва келишувлари лойиҳаларини жамоатчилик экспертизадан ўтказиш комиссиялари ташкил этиш, экспертизасидан ўтказиш.

— Республикадаги бошқа касаба уюшмалари, халқаро ва чет эл турдош касаба уюшмалари, касаба уюшмалари бирлашмалари билан аъзолар манфаати ва тажриба алмашиш йўлида ҳамкорлик қилиш;

— фуқароларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқини ҳеч қандай чекловлар ва тўсиқларсиз амалга ошириш;

— касаба уюшмаси ҳаракатининг, унинг аъзоларининг бирлиги ва бирдамлигини таъминлаш йўлида тизимли тадбирларни амалга ошириш.

Ўз мақсад ва вазифаларига эришиш йўлида касаба уюшмаси давлат ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

III. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

3.1. Касаба уюшмаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

— касаба уюшмаси ўз маблағига, юридик шахс сифатида банкда ҳисоб рақамига, муҳр, тамға ва бланкларига эга бўлади;

— касаба уюшмаси аъзоларига нисбатан, шунингдек, тармоқ муассаса ва муассасаларида меҳнат қилаётган ходимларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назорати тартибида текшириб боради ва назорат қилади;

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги касаба уюшмалари бирлашмаларини таъсис этиши, уларга ҳамда халқаро ва глобал касаба уюшма ташкилотларига аъзо бўлиши, турдош хорижий касаба уюшмалари билан ҳамкорлик қилиши, улар билан халқаро келишув ва битимлар тузиши, биргаликда тадбирлар ташкил қилиши мумкин;

— ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризалари билан судга мурожаат қилишга, суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли;

— ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиши, Ўзбекистон Республикасининг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда меҳнат соҳасидаги хуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган халқаро шартномаларини тузишда, шунингдек унинг ижросини мониторинг қилишда иштирок этиши, бу бўйича тегишли давлат, иш берувчилар ҳамда уларнинг бирлашмалари ахборотларини тинглаши мумкин;

— оммавий ахборот воситаларини таъсис этиши, белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириши,  оммавий-ахборот воситалари, шунингдек электрон ва интернет тармоғида ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиши мумкин;

— Уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши ва бу йўналишда ўз тузилмаларини ташкил этиши мумкин;

— касаба уюшмаси ўз рамзий белгиларини таъсис этиши мумкин ва уни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказади;

— фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан оммавий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, семинарлар, танловлар, давра суҳбатлари, йиғилишлар, конференциялар, раёсатлар, Мажлислар ва Қурултойлар, шунингдек қонунда тақиқланмаган тартибда намойишлар ташкил қилиши мумкин;

— давлат органлари, хўжалик бошқарув органларига ахборот олиш тўғрисида сўровлар билан мурожаат этиш, шунингдек, ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот тарқатиш;

— аъзолар манфаатларини кўзлаган ҳолда ижтимоий шериклик масалалари бўйича иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари билан маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ҳақида ташаббуслар билан чиқиш, битимлар ва шартномалар тузиш тўғрисида таклифлар киритиш, битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиш, имзолаш, ижроси таъминланиши устидан назорат ўрнатиш;

— тармоқ ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, битимлар ҳамда шартномалар, шунингдек бошқа қўшма ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш;

— муассасаларда меҳнат шароитлари ва ходимларнинг меҳнат хуқуқлари бузилиши аниқлаган ҳолларда қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга тақдимнома киритиш хуқуқларига эга.

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

3.2. Касаба уюшмасининг мажбуриятлари:

— Қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этиш;

— касаба уюшмаси пул маблағлари ҳамда мол-мулкидан ушбу Устав талабларини амалга ошириш доирасида мақсадли сарфланишини таъминлаш, ўз фаолиятида молиявий интизомга қатъий амал қилиш;

— ўз аъзолари олдида фаолияти бўйича ҳисобдорлик, касаба уюшмаси аъзоларига ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

— рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

— рўйхатдан ўтказувчи давлат органи ҳамда солиқ ва статистика органларига, ўзи аъзо бўлган касаба уюшмалари бирлашмаларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

— ўз фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш;

— битимлар ва шартномалар, дастурлар ва лойиҳалар бўйича мажбуриятларининг бажариш;

— фаолияти давомида касаба уюшма аъзоларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олинишини таъминлаш.

Касаба уюшманинг барча органларида иш юритиш коллегиал орган томонидан қарор қабул қилиш йўли билан амалга оширилади, ходимлар шахсий таркибига оид ҳужжатлар фармойишлар кўринишида юритилиши мумкин.

Касаба уюшмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

4.1. Касаба уюшмасига аъзо бўлиш ва ундан чиқиш ихтиёрийдир. Касаба уюшмасига аъзо бўлишдан олдин ҳар бир ходим, талаба ва ўқувчилар унинг Устави билан таништирилади.

4.2. Касаба уюшмаси Устави талабларини тан олувчи, бажарувчи ва аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб турувчи, касби, лавозими ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, санитария-гигиена ва аҳолига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилаётган фуқаролар ёки шу йўналишдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари касаба уюшмасининг аъзоси бўлишлари мумкин.

4.3. Ўзбекистон Республикасида яшаётган, соҳада меҳнат қилаётган ёки таълим олаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам касаба уюшмасига аъзо бўлишлари мумкин ва тенг хуқуқлидир. Агар қонун ҳужжатларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

4.4. Иш берувчи мақомига эга бўлган шахсларга ҳам касаба уюшмасига аъзо бўлишига йўл қўйилади, лекин бундай шахслар касаба уюшмаси аъзоси сифатида ўзига иш берувчи бўлган юқори ташкилот касаба уюшмаси ташкилотида рўйхатга олинади. Аъзолик бадалларини ҳам ўша ташкилот бошланғич касаба уюшмаси ҳисоб рақамига ўтказади.

4.5. Касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш якка тартибда аъзоликка кирувчи шахснинг аризасига кўра, бошланғич ташкилотнинг қарорига асосан амалга оширилади. Ариза берилган кундан бир ойдан кечикмасдан кўриб чиқилади.

Йирик муассасаларда касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳуқуқи касаба уюшма қўмитасининг қарори билан бошланғич ташкилотнинг цех қўмиталарига берилиши мумкин.

4.6. Муассасада касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти бўлмаган ҳолларда ходимларни касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш касаба уюшмаси юқори тузилмаси раҳбар орган йиғилишлари томонидан амалга оширилади. Улар бир вақтнинг ўзида аъзоликка қабул қилинган касаба уюшма аъзосининг қайси касаба уюшма ташкилотида ҳисобда туришини ҳам белгилайдилар.

4.7. Касаба уюшмасига аъзолик бу тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан бошланади. Касаба уюшмасига аъзоликка қабул қилинган шахсга тегишли бошланғич касаба уюшмаси органи томонидан касаба уюшмаси аъзолик билети топширилади. Аъзолик стажи касаба уюшмасига қабул қилинган вақтдан бошланади.

4.8. Касаба уюшмаси аъзолари асосий иш (ўқиш) жойларидаги касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳисобда турадилар.

4.9. Ташқи ўриндошлик асосида ишловчи ходимлар бир вақтнинг ўзида бошқа бир тармоқ касаба уюшмасига ҳам аъзо бўлишига йўл қўйилади.

4.10. Касаба уюшмаси аъзолиги ва аъзолик муддати қуйидаги ҳолларда сақланиб қолади:

— туғруқ ва фарзанд тарбиялаш таътилида ёки бетоб бўлган яқин қариндошини парваришлаш зарурияти билан вақтинча меҳнат фаолиятини тўхтатганда;

— касаба уюшмаси ташкилоти билан алоқани узмаган ва аъзолик бадалларини тўлаб турувчи касаба уюшмаси аъзоси соғлиғи бўйича ёки нафақа ёшига етиб, иш фаолиятини тўхтатганда;

— ходимлар сони (штат)нинг ўзгариши ёки муассасанинг тугатилиши муносабати билан вақтинчалик ишсиз қолиб, меҳнат органларида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган касаба уюшмаси аъзоси — бошқа ишга жойлашгунга қадар;

— ходим  иш берувчи томонидан  ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ҳолларда — қайта ишга тиклангунча;

— ходим мавсумий ишларда банд бўлиб, кейинги мавсумда ишни қайта бошлагунча;

бошқа узрли сабабларга кўра (тегишли касаба уюшмаси органининг қарори асосида).

4.11. Ходимнинг муассасадаги иш фаолиятини тўхтатиши унинг бошланғич ташкилот рўйхатидан чиқарилишига асос бўлади. Лекин касаба уюшмаси аъзоси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг ҳам аризасига асосан, аъзолик бадалларини тўлаб туриш шарти билан аъзоликни давом эттириши мумкин. Бундай шахсларнинг аризаси касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти органи томонидан кўриб чиқилади ва  тегишли қарор асосида амалга оширилади. Аризачини касаба уюшмаси аъзолигида қолдириш рад этилиши хақида қарор қабул қилинган бўлса, бу хақда амалдаги қонунларда белгиланган муддатларда ёзма жавоб берилиши шарт.

4.12. Устав талаблари бўйича мажбуриятларини бажармаган касаба уюшмаси аъзосига тегишли касаба уюшма органининг қарори билан интизомий жазо сифатида огоҳлантириш берилиши мумкин.

4.13. Шунингдек, аъзоликдан чиқиш ихтиёрийлик асосида ходимнинг бу хақдаги аризасига асосан ёки интизомий жазо сифатида тегишли касаба уюшма органларидан бирининг ташаббусига кўра бошланғич ташкилотнинг қарори асосида амалга оширилиши мумкин.

Ходимни интизомий жазо сифатида касаба уюшмаси аъзолигидан чиқариш бўйича қарор фақатгина касаба уюшмаси юқори турувчи органи билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

4.13. Устав талабларини қасддан бажармаган, касаба уюшмаси мол-мулки, шаъни ва обрўсига асоссиз ва қасддан путур етказган аъзолар интизомий жазо сифатидан аъзоликдан чиқарилади.

Шунингдек, олти ойдан ортиқ узрсиз сабаблар билан аъзолик бадалларини тўламаслик ҳам (Уставнинг 4.10-бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилишига асос бўлиши мумкин.

4.14. Касаба уюшмаси аъзоликдан чиққан ёки чиқарилган шахсларга бошланғич ташкилот органининг бу хақдаги қабул қилинган қароридан нусҳа тақдим этилади.

4.15. Касаба уюшмаси сафидан чиқарилган шахс бир ой ичида бу қарор юзасидан касаба уюшмаси юқори касаба уюшмаси раҳбар органига шикоят қилиши мумкин. Касаба уюшмаси органи ариза қабул қилинган кундан кейин уни бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқади.

4.16. Касаба уюшмаси аъзолигидан чиқарилганлар, бир йил ўтгандан сўнг умумий асосларга кўра касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиниши мумкин.

4.17. Касаба уюшмаси аъзосининг ҳуқуқлари:

— ўзининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб ҳар қандай даражадаги касаба уюшмаси органларига мурожаат этиш ва мурожаати бўйича тегишли жавоб талаб қилиш;

— касаба уюшмаси органларидан бепул ҳуқуқий ёрдам олиш;

— касаба уюшмаси органларига сайлаш ва сайланиш;

— касаба уюшмасининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида эркин муҳокама этиш ва танқид қилиш, таклифлар киритиш, ўз фикрини очиқ баён этиш ва ҳимоя қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

— ўз фаолияти ва хулқ-атворига тааллуқли масала кўриб чиқилаётган йиғилиш (конференция)лар, касаба уюшмаси органлари мажлисларида шахсан қатнашиш;

— касаба уюшмаси ва унинг бирлашмалари тасарруфидаги ва бошқа санаторийларга, муассаса (ташкилот)ларнинг санаторий-профилакторийларига, дам олиш масканларига, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар олиш;

— касаба уюшмалари тизимидаги ёки уларга фойдаланиш учун берилган маданият муассасалари, спорт иншоотларидан биринчи навбатда ва имтиёзли шартларда фойдаланиш;

— касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам олиш;

— ихтиёрий равишда касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиш.

4.19. Касаба уюшмаси аъзосининг мажбуриятлари:

— касаба уюшмаси Уставига риоя қилиш, касаба уюшмаси органлари қарорларига амал қилиш ва бажариш;

— жамоа шартномалари ва келишувлари мажбуриятларининг бажарилишига кўмаклашиш;

— касаба уюшмаси гуруҳ, цех, бошланғич ташкилоти фаолиятида қатнашиш;

— аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб бориш;

— касаба уюшмаси фаолиятига зарар келтирадиган ҳаракатларга йўл қўймаслик.

4.20. Касаба уюшмаси аъзолари меҳнатда эришган муваффақиятлари, касаба уюшмаси ташкилоти ишида фаол қатнашганлари учун қуйидагича рағбатлантирилиши мумкин:

— ташаккурнома эълон қилиниши;

— эсдалик совғаси билан мукофотланиши;

— пул мукофоти билан тақдирланиши;

— фахрий ёрлиқ билан тақдирланиши;

— эсдалик ва кўкрак нишонлари билан тақдирланиши;

— бепул йўлланмалар билан таъминланиши.

Рағбатлантиришнинг шакли ва тартиби касаба уюшмаси органлари томонидан белгиланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛИШИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ

5.1. Касаба уюшмаси ташкилий тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

— бошланғич касаба уюшма ташкилотлари;

 — касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бўлинмалари;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши;

— касаба уюшмаси ташкилотларининг тафтиш комиссиялари

5.2. Касаба уюшмаси тизимида хотин-қизлар, ёшлар билан ишлаш ва бошқа комиссиялар тузилиши мумкин, уларнинг фаолияти Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган Низомлар асосида амалга оширилади.

5.3. Барча даражадаги касаба уюшмаси сайланма органларининг ваколат муддати 5 йил.

5.4. Касаба уюшмасининг тузилмасига ўзгартириш киритиш ёки янги тузилмани ташкил этиш касаба уюшмаси Республика Кенгаши (Мажлиси)нинг қарори билан амалга оширилади. Айрим ҳолларда ушбу ваколат Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига берилиши мумкин.

5.5. Касаба уюшмаси ихтиёрийлик асосда ташкил этилади ва ўз фаолиятини қуйидаги демократик принциплар асосида кўради:

— қонунийлик;

— иҳтиёрийлик;

— камситишга йўл қўймаслик;

— мустақиллик ва ўз-ўзини бошқариш;

— тенг хуқуқлилик;

— ошкоралик ва очиқлик.

5.6. Бундан ташқари қуйидагилар касаба уюшмаси фаолиятининг устувор принциплари ҳисобланади:

— қуйидан юқоригача барча касаба уюшма органларининг сайлаб қўйилиши, сайловларда ҳолислик ва адолат тамойилларига асосланиш;

— ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун принципига амал қилиш;

— қарорлар қабул қилишда коллегиаллик, музокаралар эркинлиги;

— манфаатлар йўлида бирлашиш, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик;

— аъзолар ўртасида дўстона муносабат ва қадриятларга ҳурмат;

— ҳуқуқ ва мажбуриятлар тенглиги;

— озчилик фикрини ҳурмат қилиш, кўпчилик манфаатининг устунлиги, ҳар бир аъзо манфаати учун кураш;

— юқори касаба уюшмаси органларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларининг қуйи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурийлиги.

5.7. Касаба уюшмаси ташкилотини шакллантириш тартиби:

5.7.1. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси аъзоларининг таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан қабул қилинади.

5.7.2. Касаба уюшмаси бирлашган қўмиталарини тузиш хақидаги қарор Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишган ҳолда ҳудудий бўлинма раёсати қарори асосида амалга оширилади.

5.7.3. Касаба уюшмасининг ҳудудий кенгашларини тузиш тўғрисидаги қарор касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилиниши мумкин.

5.8.1.Касаба уюшмаси органлари бевосита йиғилишларда, конференцияларда, Қурултойларда сайланиши, шунингдек, белгиланган квотага мувофиқ касаба уюшмаси органи таркибига тўғридан-тўғри вакил йўллаш принципи бўйича шакллантирилиши мумкин.

Бунда, касаба уюшмаси органини шакллантириш тартиби, вакиллар меъёри тегишли касаба уюшма органи томонидан белгиланади.

Тафтиш комиссиялари ҳам тегишлигича Қурултой, умумий йиғилиш (конференция)ларда сайланади.

5.8.2. Касаба уюшмаси органларининг раҳбарларини, аъзоларини, касаба уюшмаси конференциялари ва Қурултойларига делегатларни сайлаш шакли (очиқ ёки яширин) тегишли йиғилиш, мажлис, конференция томонидан белгиланади.

5.8.3. Касаба уюшмаси органларига сайловлар давомида умумий йиғилишларда умумий аъзолар сонининг, конференциялар ва Қурултойларда сайланган делегатларнинг 2/3 қисми қатнашаётганда кворум мавжуд деб ҳисобланади ва ваколатли деб белгиланади.

5.8.4. Касаба уюшмаси органларининг раҳбар лавозимига сайловлар ўтказишда кворум мавжуд бўлган ҳолда номзодлар сони 2 нафар бўлганда овоз беришда қатнашган умумий йиғилиш иштирокчилари, конференция, Қурултой делегатлари, касаба уюшмаси органи, тафтиш комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпроғи ёқлаб овоз берган номзод сайланган ҳисобланади. Номзодлар сони 3 ва ундан кўп бўлган ҳолларда сайлов натижасига кўра энг кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.

5.8.5. Конференциялар, Қурултойда сайланган касаба уюшмаси органлари аъзолари, раис ва раис ўринбосарлари конференциялар, Қурултойлар оралиғидаги даврда тегишли конференция, Қурултой сайлаган, ваколат бўйича конференция ва Қурултойдан кейинги раҳбар орган мажлисида муддатидан олдин лавозимидан озод қилинишлари ва сайланишлари мумкин

5.8.6. Ҳисобот-сайлов йиғилишлари, конференциялар ва Қурултойларига сайланган делегатларнинг ваколатларини кейинги ҳисобот сайлов йиғилишлари, конференция ва Қурултойларга қадар узайтирилишига йўл қўйилади. Бу хақдаги қарор мазкур йиғилишда тасдиқланади.

5.8.7. Касаба уюшмасининг сайланма органлари раҳбарлари (раис ва раис ўринбосарлари) лавозимларига номзодлар шу органга аъзоликка сайлаб олинганлар ичидан кўрсатилиши шарт.

5.8.8. Сайланма орган раҳбарлари (раиси ва раис ўринбосари)ни сайлаш шу сайланма орган аъзоларининг ваколати ҳисобланади.

5.9.Мазкур Устав бўйича юқори турувчи раҳбар орган қарор қабул қилиш давомида бўйсунув бўйича қуйи турувчи раҳбар орган ваколатларига доир масалаларни ҳам ҳал этиши мумкин. Шу муносабат билан, юқори турувчи раҳбар орган буйсунув бўйича қуйи турувчи раҳбар органнинг, юқори турувчи касаба уюшмаси ташкилоти эса қуйи турувчи касаба уюшмаси ташкилотининг қонун ва мазкур Устав талаблари зид қарорларини қайта кўриб чиқиш учун тегишли орган ёки ваколатли шахсга юбориши, коллегиал органлар ваколатига доир масалалар юзасидан эса унинг навбатдан ташқари йиғилишини белгиланган тартибда чақириши мумкин.

5.10. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда қуйи турувчи раҳбар орган ёки касаба уюшмаси ташкилотининг қонун ва Устав талабларига зид қарорлари юқори турувчи раҳбар орган ёки касаба уюшмаси ташкилоти томонидан қисман ёки тўлиқ бекор қилиниши мумкин.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ

6.1. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти бир ёки бир нечта иш берувчида ишлайдиган ёки тегишли таълим муассасасида ўқийдиган, уч нафардан кам бўлмаган аъзоларни бирлаштирган, тармоқ касаба уюшмаси Устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий бирлашмасидир.

6.2. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари мазкур Устав ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган “Бошланғич касаба уюшма ташкилоти тўғрисида” намунавий Низом асосида ишлаб чиқилган ўз Низомларига  асосан фаолият юритади.

6.3. Касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари юридик шахс мақомига эга бўлган ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда тузилиши мумкин.

6.4. Юридик шахс мақомига эга бўлган ҳолда тузилган бошланғич ташкилотлар махаллий адлия органлари томонидан қонунда белгиланган тарзда рўйхатга олинади.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич ташкилотларни рўйхатга олиш касаба уюшмасининг ҳудудий бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

6.5.Қуйидагилар касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотлари ҳисобланади:

— касаба уюшмаси ташкилотчилари;

— касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотлари;

— касаба уюшмаси цех ташкилотлари;

— касаба уюшмаси қўмиталари;

— касаба уюшмаси бирлашган қўмиталари.

6.5.1. Касаба уюшма ташкилотчиси– юридик мақомга эга муассаса ёки ташкилотларда тузилган, аъзолар сони 15 нафардан кам бўлган, ўз муҳри, банкда ҳисоб рақамига эга бўлган юридик шахс мақомидаги бошланғич ташкилот.

Касаба уюшма ташкилотчиси бўлган муассасаларда касаба уюшма бошланғич ташкилоти умумий йиғилиши жорий ишларни олиб бориш учун 5 йил муддатга касаба уюшма ташкилотчиси ва ҳисобчисини сайлайди. Касаба уюшмасининг ташкилотчиси фаолияти юзасидан сайланган органи олдида йилига камида 1 маротаба ҳисобот беради.

Касаба уюшма ташкилотчиси касаба уюшмасига берилган ҳуқуқлар доирасида ишлаб чиқариш, ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, маиший, дам олиш, маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда бошқа масалаларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади, иш берувчи билан жамоа шартномасини тузади.

6.5.2. Касаба уюшмаси гуруҳ ташкилоти – аъзолар сонидан қатъий назар, муассасанинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган  бўлим ва бўлинмаларида тузилган, шунингдек касаба уюшмаси цех ташкилотлари таркибига кирувчи, юридик шахс мақомига эга бўлмаган бошланғич ташкилот. Гуруҳ ташкилоти фаолияти гуруҳ ташкилотчиси томонидан юритилади.

15 нафаргача касаба уюшмаси аъзоларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотида қўмитанинг ваколатлари ва вазифалари умумий йиғилишга берилади.

Касаба уюшмасининг гуруҳ ташкилотчилари фаолияти юзасидан сайланган органи олдида ҳисобот беради.

Касаба уюшмаси гуруҳининг йиғилиши заруриятга қараб ўтказилади.

6.5.3. Касаба уюшма цех ташкилотлари аъзолар сонидан қатъий назар, бевосита касаба уюшма қўмитаси таркибига кирадиган касаба уюшма бошланғич ташкилотидир. Цех ташкилотлари юридик шахс мақоми мавжуд бўлган муассасада, ёхуд муассасанинг таркибий бўлинмаларида тузилади. Цех ташкилоти таркибида бир неча гуруҳ ташкилотлари бўлиши мумкин.Касаба уюшмаси цех ташкилотлари юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

Цех ташкилотларида жорий ишларни олиб бориш учун 5 йил муддатга таркиби 5 кишидан кўп бўлмаган касаба уюшма цех қўмитаси ва унинг раиси сайланади. Цех ташкилотлари банкда ҳисоб рақамига эга бўлмайди, лекин касаба уюшмаси қўмитаси ёки бирлашган қўмита сайланма органининг қарорига кўра таркибий муҳр ва хос бланкига эга бўлиши мумкин.

Цех қўмитаси бўлим, филиал, блок, пункт, факультет ва шунга ўхшаш бўлинмаларда касаба уюшмаси ишларини ташкил этади, касаба уюшмаси гуруҳ ташкилотчилари ишларини йўналтиради, йиғилиш (конференция), касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти, касаба уюшмаси юқори органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди. Ўз фаолияти юзасидан сайланган органи олдида ҳисобот беради. Заруриятга қараб ўз йиғилишларини ўтказади.

6.5.4. Касаба уюшма қўмиталари – 15 нафар ва ундан ортиқ аъзоларни бирлаштирган, ўзининг сайланма органи ҳамда юридик шахс мақомига эга бўлган, корхона, ташкилот ва муассасаларда ташкил этиладиган бошланғич ташкилотдир.

Касаба уюшма қўмиталари қуйидаги органларга эга бўлади:

— Олий орган – ҳисобот-сайлов йиғилиши (конференцияси);

— юқори раҳбар орган – умумий йиғилиш (конференция);

— ижроия органи — касаба уюшмаси қўмитаси;

— назорат органи — тафтиш комиссияси.

Касаба уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши ёки конференцияси 5 йил муддатга касаба уюшма қўмитасининг аъзоларини ҳамда тафтиш комиссиясини сайлайди.

Қўмита аъзолари ичидан қўмита раиси сайланади, аъзолари сони кўп бўлган йирик касаба уюшма қўмиталари жамоатчилик асосида қўмита раиси ўринбосарини  ҳам сайлаши мумкин.

Касаба уюшма қўмитаси аъзолари касаба уюшмаси аъзолар сонидан келиб чиққан ҳолда, тоқ сонли бўлиши шарт.

Касаба уюшма қўмиталари ўз фаолиятини мазкур Устав ҳамда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган «Бошланғич ташкилотлар тўғрисидаги намунавий Низом» асосида тузилган ташкилот Низоми асосида ташкил этадилар.

6.5.5. Касаба уюшмаси бирлашган қўмиталари – аъзолар сонидан қатъий назар, ўз сафига икки ва ундан ортиқ юридик шахс мақомидаги муассаса ва ташкилотларда тузилган касаба уюшма ташкилотларини бирлаштирган бошланғич касаба уюшма ташкилоти. Бирлашган касаба уюшма қўмиталари аъзоларининг тоифаси ёки касбий фарқланишига кўра (ходимлар, талабалар, ўқувчилар) ҳам ташкил этилиши мумкин.

Касаба уюшма бирлашган қўмиталари қуйидаги органларга эга бўлади:

— Олий орган – умумий йиғилиш (конференция);

— юқори раҳбар орган – бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси;

— ижроия органи – бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раёсати;

— назорат органи — тафтиш комиссияси.

Бирлашган касаба уюшмаси конференцияси 5 йил муддатга касаба уюшма бирлашган қўмитасининг ижро органи – қўмита раёсатини, юқори органи – бирлашган қўмитасини, шунингдек қўмита раисини, жамоатчилик асосидаги раис ўринбосарини ҳамда тафтиш комиссиясини сайлайди.

Касаба уюшмаси бирлашган қўмиталарида раёсат аъзолари сони тоқ сонда 7 нафардан 11 нафаргача, қўмита аъзоларининг сони бирлашган касаба уюшмаси таркибидаги муассасалардан сонидан келиб чиққан ҳолда, лекин 35 нафардан кўп бўлмаган ҳолда шакллантирилади.

Касаба уюшмаси бирлашган қўмиталари раёсати аъзолари бир вақтнинг ўзида бирлашган қўмита аъзолари ҳисобланади.

6.6. Ҳисоб варағига эга бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотларида бошланғич ташкилотнинг молиявий фаолиятини юргизиш учун ижроия органи қарори билан ҳисобчи лавозими жорий этилади.

6.7. Касаба уюшма қўмиталари, бирлашган  қўмиталарда қўмита раиси ва ҳисобчиси асосий ишдан озод этилган ёки озод этилмаган ҳолда фаолият юритиши мумкин. Бу лавозимларнинг асосий  ишидан озод этилган ёки озод этилмаган ҳолда ташкил этилиши бошланғич ташкилотнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари Раёсат қарорлари билан белгиланади.

6.8. Бошланғич ташкилотлар раислари,  ҳисобчилари ва бошқа мутахассисларга хақ тўлаш тартиби ва унинг миқдорлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши (Мажлиси) томонидан тасдиқланадиган молиявий Тартиб асосида амалга оширилади.

6.9. Асосий ишидан озод этилган ва штат асосида фаолият юритувчи ҳисобчиларнинг бошланғич ташкилот органларига сайланишига йўл қўйилмайди. Лекин аъзолари кам сонли бошланғич ташкилотларда унинг ижроия органи қарорига асосан ҳисобчи вазифаси қўмита аъзоларидан бирига юклатилиши мумкин.

6.10. Асосий ишдан озод этилган қўмита ҳисобчиси билан меҳнат шартномаси қўмита раиси томонидан, қўмита раиси билан қўмита ўртасида тузилган меҳнат шартномаси умумий йиғилиш (конференция) ваколат берган қўмита аъзоларидан бири томонидан имзоланади.

6.11. Касаба уюшма бирлашган қўмиталари ўз фаолиятини мазкур Устав ҳамда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган «Касаба уюшмаси бирлашган қўмиталари тўғрисидаги намунавий Низом» асосида тузилган ташкилот Низоми асосида ташкил этадилар.

6.12. Касаба уюшма қўмитаси ва бирлашган қўмита цех қўмиталарига, касаба уюшма гуруҳларига касаба уюшмаси қўмитаси ёки бирлашган қўмитанинг ваколатига кирадиган айрим ҳуқуқларни бериши, ўз комиссияларини ташкил қилиши ва уларнинг ваколатларини белгилаб бериши мумкин.

6.13. Касаба уюшма бошланғич ташкилотларида умумий йиғилиш (конференция) касаба уюшма ташкилотчиси, қўмитаси томонидан, касаба уюшма бирлашган қўмитаси йиғилишлари қўмита раёсати томонидан заруриятга қараб, лекин йилда камида бир маротаба чақирилади. Конференция ёки умумий йиғилишни чақириш, кун тартиби, конференция чақирилганда эса вакиллар меъёри тўғрисидаги қарор камида 3 кун аввал эълон қилади.

6.14. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларида касаба уюшма ижроия органлари йиғилишлари заруриятга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта, юқори органлари йиғилишлари — йилда камида бир  марта, раҳбар органлари йиғилишлари беш йилда бир марта ўтказилади.

6.15. Бошланғич ташкилотлар умумий йиғилиш (конференция)ларида сайланган касаба уюшмаси органлари аъзолари, раис ва раис ўринбосарларини муддатидан олдин аъзолик ва лавозимидан озод қилиш ва сайлаш бошланғич ташкилотнинг  умумий йиғилиши (конференция)сида амалга оширилади.

6.16. Бошланғич ташкилотлар:

— касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифода этади, уларнинг меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ижтимоий-иқтисодий имтиёз ва кафолатларига риоя этилишини таъминлайди;

— иш берувчилар билан аъзолар номидан меҳнат соҳасида амалдаги қонун ва меъёрлар, шунингдек уларда белгиланганидан кўра кўпроқ имтиёз ва кафолатлар белгиланган жамоа шартномалари тузади;

— иш берувчи ва меҳнат жамоаси номидан касаба уюшмаси билан тузилган ҳамда меҳнат жамоасининг умумий йиғилиш (конференцияси)да маъқулланган жамоа шартномасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиб боради;

— муассасада меҳнат низоларини ҳал этишда иштирок этади, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрларига риоя этилишини, ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигини назорат қилади;

— касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришни ташкил этади, меҳнат жамоасида маданий-маърифий ва жисмоний тарбия-спорт ишларини олиб боради;

— касаба уюшма аъзолари ўртасида туризмни тарғиб қилади, мамлакатимизнинг ички туристик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда аъзолар ва уларнинг оила аъзоларини тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳларга саёҳатини, экотуризмни ташкил қилади;

— касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини тарғиб қилган ҳолда муассасага янги ишга қабул қилинаётган ходимларни касаба уюшмасига қабул қилиш чораларини кўради;

— бошланғич ташкилот касаба уюшмаси бюджети сметасининг бажарилишини таъминлайди;

— давлат ижтимоий суғуртаси маблағларининг тўғри сарфланиши борасида жамоатчилик назоратини амалга оширади;

— зарур ҳолларда касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатади ва фаолларни рағбатлантиради;

— ўз раҳбар орган қарорлари ва касаба уюшмаси юқори органлари қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

— касаба уюшмаси аъзоларини бошланғич ташкилот фаолиятида фаол иштирок этишга жалб қилади ва шароит яратади;

— касаба уюшмаси қуйи тузилмалари ишларига раҳбарлик қилади, ишларни ташкил этишда уларга амалий ёрдам кўрсатади;

— муассасанинг ташкилий ҳуқуқий шакли ўзгарганда, ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиб, ўз фаолиятини давом эттиради;

— ўз фаолияти тўғрисида касаба уюшмаси бошланғич ташкилот умумий йиғилиши (конференция)га ҳисобот бериб туради ва касаба уюшмаси назоратида бўлади.

6.17. Иш берувчи томонидан ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахлдор ички локал меъёрий ҳужжатларни қабул қилишдан аввал тармоқ касаба уюшмаси юқори ташкилотини камида бир ҳафта олдин хабардор этишлари ёки жамоатчилик экспертизасидан ўтказишлари шарт.

6.18. Касаба уюшма бошланғич ташкилотининг фаолиятини тугатиш касаба уюшма бошланғич ташкилоти умумий йиғилиши (конференцияси)нинг қарори билан, муассаса тугатилганда эса — касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори билан амалга оширилади.

VII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, ТОШКЕНТ ШАҲАР ВА ВИЛОЯТЛАР ҲУДУДИЙ  БЎЛИНМАЛАРИ

7.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бўлинмалари ташкил этилиши мумкин. Мазкур бўлинмаларни шакллантириш касаба уюшмасининг тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ташкилотлари таъсис конференцияларида амалга оширилади.

7.2. Касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар касаба уюшмаси бўлинмалари ўз фаолиятини касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган намунавий Низом асосида тузилган Низомга мувофиқ амалга оширади ҳамда ҳудуддаги касаба уюшмасининг барча йўналишлари бўйича фаолиятини ташкил қилади, бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Ҳудудий бўлинмалар томонидан касаба уюшмаси фаолиятига оид барча масалалар раёсат, кенгаш ҳамда конференцияларда кўриб чиқилади.

7.3. Касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ҳудудий кенгашлари раислари конференцияда беш йил муддатга сайланадилар. Ҳудудий кенгаш раислари худуддаги касаба уюшмаси ва унинг органлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

7.4. Ҳудудий конференциялар кенгаш аппарати ходимлари ичидан кенгаш раиси ўринбосарларини беш йил муддатга сайлашлари мумкин. Ҳудудий кенгаш раисининг ўринбосарлари асосий ишидан ажралмаган ҳолда жамоатчилик асосида фаолият юритади.

7.5. Ҳудудий бўлинмалар раёсатлари:

7.5.1. Касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар,  вилоятлар бўлинмалари кенгашлари оралиғида тармоқ касаба уюшмаси ҳудудий ташкилотининг ижроия органи ҳисобланади. Кенгаш раёсати аъзолари сони тоқ сонда, аъзо бошланғич ташкилотлар сонига қараб 7-9 нафаргача бўлиши мумкин. Кенгаш раёсат  аъзолари 5 йил муддатга сайланади.

7.5.2. Кенгаш раёсатига касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмаси раиси раҳбарлик қилади ва у бир вақтнинг ўзида раёсат аъзоси ҳисобланади;

7.5.3. Ҳудудий бўлинмалар кенгаш раёсатлари ўз фаолияти давомида қуйидагиларни амалга оширади:

— касаба уюшмасининг Қурултойи, Республика Кенгаши ва Ижроия қўмитаси, ҳудудий кенгаш конференцияси, Кенгаш қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

—          тегишли тармоқ ҳудудий иш берувчилар бирлашмалари, хўжалик органлари, бошқармалари билан худуддаги тармоқ касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси, соғломлаштириш, маданий-маърифий, туризм ва спорт ишларини ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича келишувлар тузади, уларни амалга ошириш бўйича қўшма мажлисларда ахборотлар тинглайди ва қарор қабул қилади, уларнинг бажарилишини таъминлайди ҳамда бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради;

— муассаса, ташкилот ва муасасаларда жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилади, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ишини мувофиқлаштириб туради ва ўз ҳуқуқ, вазифаларини амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлайди ва амалий ёрдам кўрсатади;

— касаба уюшмаси ходимлари ўқувини ташкил қилади, касаба уюшмаси фаолиятидаги ижобий иш тажрибаларини умумлаштиради ва тарғиб этади;

— меҳнат ва саломатлик муҳофазасига доир ҳужжатларни амалга ошириш бўйича ишларни олиб боради, ишлаб чиқаришда уларга риоя этилишини назорат қилади;

— меҳнат, бандлик, соғломлаштириш, маиший, маданий, маърифий, жисмоний тарбия ва спортни, туризмни ривожлантириш ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар киритади, уларни амалга оширилишини назорат қилади;

— аъзоларни касбга тайёрлаш ва қайта ўқитишни ташкил этилишига кўмаклашади;

— касаба уюшмаси тизимига янги аъзоларни жалб этиш, тармоққа оид тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотларида касаба уюшма хизматини ташкил қилиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

— касаба уюшма ташкилотларига услубий, ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

— конференцияга делегат этиб сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлайди;

— тегишли кенгашлар берган ваколат доирасида бошқа ишларни амалга оширади.

7.5.4. Раёсат йиғилишлари заруриятга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

7.5.5. Ҳудудий кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосидаги ўринбосари эгаллаб турган лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида раёсат аъзоси ҳисобланади. Кенгаш раиси раёсат қарорларини имзолайди.

7.6. Ҳудудий бўлинмалар кенгашлари:

7.6.1. Касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари Кенгашлари конференциялар оралиғида тармоқ касаба уюшмаси ҳудудий ташкилотининг ижроия органи ҳисобланади. Кенгаш аъзолари сони тоқ сонда, аъзо бошланғич ташкилотлар сонига қараб 15-25 нафаргача бўлиши мумкин. Кенгаш  аъзолари 5 йил муддатга сайланади. Заруриятга қараб, лекин  йилига камида бир маротаба ўзи сайланган орган ва аъзолари олдида ҳисобот беради.

7.6.2. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар касаба уюшма бўлинмалари кенгашларининг йиғилишлари раёсат томонидан заруратга қараб, лекин йилига камида бир маротаба чақирилади.

7.6.3. Ҳудудий бўлинма кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосидаги ўринбосари эгаллаб турган лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида Кенгаш аъзоси ҳисобланади.

7.6.4. Ҳудудий бўлинма кенгашлари ўз фаолияти давомида қуйидагиларни амалга оширади:

— касаба уюшмасининг Қурултойи, касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва ҳудудий бўлинма конференцияси қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

— тармоқни ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш чоғида хўжалик бошқарув органлари ишида иштирок этади;

— ўз ишини касаба уюшма ташкилотлари олдида турган мақсад, вазифаларни ҳисобга олиб ва мазкур Уставга, конференция, Қурултой қарорларига ҳамда қонунларга амал қилган ҳолда олиб боради;

— Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар миқёсидаги хўжалик бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимиятларда касаба уюшмаси аъзоларининг манфаатларини ифода этади;

— тегишли касаба уюшма кенгашларига қарашли спорт-соғломлаштириш, маданий-тарбиявий, туризм ва бошқа йўналишлар билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолиятини йўналтириб туради;

— касаба уюшма бюджетининг касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори билан белгиланган қисмини бошқаради;

— меҳнаткашларни ва уларни оила аъзоларини соғломлаштириш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этади;

— касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари конференцияларига вакиллик меъёрини белгилайди;

— кенгаш мажлислари оралиғида жорий масалаларни ҳал қилиш учун раёсат аъзоларини сайлайди;

 — ўз фаолияти тўғрисида тегишинча ҳудудий ташкилот касаба уюшма аъзоларига, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари конференциясига ҳисобот беради;

— бўлинма кенгаши раисининг жамоатчилик асосидаги ўринбосарини, зарур ҳолларда раисини сайлайди, лавозимидан озод этади;

7.7. Ҳудудий бўлинмалар конференциялари:

7.7.1. Конференция заруриятга қараб, лекин 5 йилда бир маротаба Кенгаш томонидан чақирилади ва конференцияга вакиллик меъёри ва делегатларни сайлаш тартибини белгилайди.

Конференцияни чақириш ва кун тартиби тўғрисида камида икки ой илгари маълум қилинади.

7.7.2. Навбатдан ташқари конференция тегишли ҳудудий бўлинма бирлаштирган бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг 1/3 қисмининг талаби ёки тегишли кенгашнинг, шунингдек юқори касаба уюшмаси органларининг қарорига кўра чақирилиши мумкин. Конференцияни чақириш, вакиллик меъёри ва кун тартиби тўғрисида камида бир ой илгари маълум қилинади.

7.7.3. Конференция қуйидаги ваколатларга эга :

— ҳудудий бўлинма кенгаши ва тафтиш комиссиясининг фаолиятлари ҳақидаги ҳисоботни эшитади;

  • ҳудудий бўлинма кенгашининг келгуси беш йиллик фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди;
  • тегишли юқори касаба уюшма ташкилотлари конференциялари, қурултойига делегатлар сайлайди;
  • белгиланган меъёр бўйича тегишли юқори касаба уюшма органлари таркибига вакиллар сайлайди;
  • касаба уюшмаси ҳудудий бўлинма кенгашини, мазкур ташкилотлар тафтиш комиссияларини сайлайди, шунингдек тўғридан-тўғри кенгашлар таркибига вакил этиб сайланганларнинг ваколатларини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси ҳудудий бўлинма кенгаши раисини сайлайди, улар лавозимлари бўйича бир вақтнинг ўзида касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар бўлинмалари Кенгашлари ва унинг раёсати аъзолари этиб сайланган ҳисобланадилар

7.8. Ҳудудий бўлинмалар аппарати:

7.8.1. Ҳудудий бўлинмалар касаба уюшмаси Устави ҳамда ўз Низомларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ҳудудий бўлинма аппаратига эга бўлиши мумкин.

7.8.2. Ҳудудий бўлинмалар аппарати штатлар жадвали Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишган ҳолда ҳудудий бўлинмалар раёсати томонидан тасдиқланади.

7.8.3. Касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ҳудудий кенгаш раислари ҳисобланади ва ҳудудий аппарат ходимлари билан меҳнат муносабатларини юритади.

7.8.4. Ҳудудий кенгашлар аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш Республика кенгаши раиси билан келишган ҳолда амалга оширилади.

VIII. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

8.1. Қуйидагилар касаба уюшмасининг раҳбар органлари ҳисобланади:

— Қурултой – касаба уюшмасининг Олий раҳбар органи;

Республика Кенгаши – касаба уюшмасининг Қурултойлари оралиғида доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал юқори раҳбар органи;

— Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси – касаба уюшмаси фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширувчи ижро органи;

— Тафтиш комиссияси – касаба уюшмасининг назорат органи;

8.2. Қурултой — касаба уюшмасининг Олий органи  ҳисобланади ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан заруриятга қараб, лекин беш йилда камида бир маротаба чақирилади. Қурултой чақириш ҳақидаги қарор, унга вакиллик меъёри, кун тартиби хақида камида икки ой олдин эълон қилинади. Қурултойга сайланган вакиллар ваколати 5 йилгача сақланиб қолиши мумкин.

Навбатдан ташқари Қурултой касаба уюшмаси Республика Кенгаши қарори асосида чақирилади. Қурултой чақирилиши ҳақидаги қарор ва кун тартиби тўғрисида камида бир ой олдин эълон қилинади.

8.3. Касаба уюшмаси раҳбар органлари таркибига иш берувчиларнинг аъзо бўлиб сайланишига йўл қўйилмайди, лекин бу органларга иш берувчиларнинг ёки уларнинг уюшмалари вакиллари умумий асосларда сайланиши мумкин.

8.4. Касаба уюшмасининг Қурултойи:

— касаба уюшмасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

— касаба уюшмасига аъзолик бадали миқдорини белгилайди;

— касаба уюшмаси ва тафтиш комиссиясининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади ва муҳокама этади, улар юзасидан қарор қабул қилади:

— касаба уюшмаси фаолиятининг келгуси беш йиллик устувор йўналишларини белгилайди;

— касаба уюшмасининг Уставини, дастурий ҳужжатларни ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомни ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни қабул қилади, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

— Республика Кенгашининг раисини 5 йил муддатга сайлайди, у лавозими бўйича бир вақтнинг ўзида касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган ҳисобланади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларини 5 йил муддатга сайлайди;

— ўзи аъзо бўлган Ўзбекистон Республикасидаги касаба уюшмалари бирлашмасининг Қурултойига делегатларни шунингдек, унинг Кенгаши таркибига вакилларни сайлайди.

8.5. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари беш йил муддатга сайланади ва уларнинг ваколати навбатдаги Қурултойгача сақланади.

8.6. Касаба уюшмаси Қурултойи ўзининг айрим ваколатларини касаба уюшмаси Кенгашига бериши мумкин.

8.7. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши —  Қурултойлар орасидаги даврда 5 йил муддатга касаба уюшмасининг раҳбар органи ҳисобланади. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлиси заруриятга қараб, лекин бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.

8.7.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши қуйидаги ваколатларга эга:

— касаба уюшмаси Қурултойлари оралиғида унинг қарорларини, Кенгаш қарорлари ижроси таъминланишини ташкил қилади ва бажарилишини назорат қилади;

— ўзи аъзо бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва бошқа халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмалари Қурултойлари қарорлари ва уларнинг органлари қарорларининг бажарилишини ташкил қилади;

— касаба уюшмаси Қурултойи томонидан белгиланган устувор йўналишлар доирасида касаба уюшмасининг йиллик устувор йўналишларини белгилайди;

— давлат ва жамоат ташкилотларида, хўжалик юритувчи субъектларида касаба уюшмаси ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ифода этади ҳамда ҳимоя қилади;

— тармоқда мавжуд муаммоларни тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ҳал этилишига қўмаклашади;

— тармоқда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид ишларнинг аҳволини таҳлил қилиб боради;

— муассаса ва ташкилотларда жорий этилган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига доир қарорлар, локал ҳужжатлар қабул қилувчи бошқарув органлари (кузатув кенгашлари, ҳайъатлар, комиссиялар ва ҳ.қ.) таркибига касаба уюшма қўмитаси раислари ёки касаба уюшмаси ташкилоти вакилларини албатта киритилиши масаласи тармоқ келишувларида акс эттирилишига эришади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши раис ўринбосарини, зарурат туғилганда Қурултойлар оралиғида – раисини сайлайди ва вазифасидан озод этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидаги касаба уюшмалари бирлашмасига, халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмаларига ўз вакилларини йўллайди ва чақириб олади;

— Қурултойлар оралиғида қисман кенгаш таркибига янги аъзолар сайлайди, шунингдек, кенгаш аъзоларини таркибдан чиқариш, сайлаш ҳуқуқига эга;

— касаба уюшмаси рамзларини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси ташкилотларига фаолиятларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатади;

— касаба уюшмаси бюджетини ўрнатилган тартибда бошқаради, касаба уюшмаси аъзолик бадаллари тушумини бошланғич ташкилотлар, ҳудудий бўлинмалар ҳамда Республика Кенгашига фоизлар ҳисобида тақсимланиш меъёрларини белгилайди.

— ўзи аъзо бўлган Ўзбекистон Республикасидаги касаба уюшмалари бирлашмасига, халқаро ва глобал касаба уюшмалари бирлашмаларига аъзолик бадали миқдорини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси тизимида молиявий тартибга оид Низом ва йўриқномалар ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

— хўжалик бошқаруви органларининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилган қарорларини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

— ўзининг амалий фаолиятида касаба уюшмалари ташкилотларининг ҳудудий бирлашмалари билан ўзаро тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик қилади, бошқа касаба уюшмалари билан алоқада бўлади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳисоботини тинглайди, тармоқ касаба уюшмаси ташкилотлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади ва ҳал қилади;

— ўз фаолияти ҳақида касаба уюшмаси Қурултойига ҳисобот беради;

— мазкур уставнинг 10.5.-бандига биноан, Қурултой берган ваколатга асосан Қурултойлар оралиғида мазкур Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиши мумкин;

— зарур ҳолларда касаба уюшмаси Республика Кенгаши аъзоларини, Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисида эса тафтиш комиссияси аъзоларини қайта сайлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Хукумати, ходимлар вакили ва иш берувчилар вакили томонидан имзоланадиган Бош келишувга киритиш учун ходимлар вакилига таклифлар киритади;

— бошқа манфаатдор касаба уюшмаси ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда тадбирлар ўтказади;

— давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларини тайёрлаш ва амалга ошириш ишларида иштирок этади;

— ўзининг айрим ваколатларини Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига бериши мумкин.

8.7.2. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши таркиби 45 кишидан ошмаган ҳолда,  тоқ сонли қилиб белгиланади.

8.7.3. Республика Кенгаши раиси, унинг ўринбосари лавозимига кўра касаба уюшмаси Кенгаш аъзолигига сайланган ҳисобланади.

8.8.Республика Кенгаши Устав талабларини ҳаётга татбиқ этиш, касаба уюшмаси ишларини мувофиқлаштириш, жорий ва ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ўз Ижроия қўмитасини сайлайди.

8.8.1. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қуйидагиларни амалга оширади:

— тармоқ касаба уюшмасининг фаолияти бўйича тегишли қарорлар қабул қилади, ушбу қарорлар ижросини назорат қилиб боради;

— тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, иш берувчилар уюшмалари билан ҳамкорликда тармоқ келишувлари ҳамда битимларини тузади ва тасдиқлайди;

— муассаса ва ташкилотларда жорий этилган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига доир қарорлар, локал ҳужжатлар қабул қилувчи бошқарув органлари (кузатув кенгашлари, ҳайъатлар, комиссиялар ва ҳ.қ.) таркибига касаба уюшма қўмитаси раислари ёки касаба уюшмаси ташкилоти вакилларини албатта киритилиши масаласи тармоқ келишувларида акс эттирилишига эришади;

— хўжалик бошқаруви органларининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилган қарорларини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

— касаба уюшмаси аъзолари ва фаоллари ўқувини ташкил этади, касаба уюшмаси ишидаги ижобий тажрибаларни умумлаштиради ва оммалаштиради;

— тармоқ ходимларига дахлдор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Хукумати, ходимлар вакили ва иш берувчилар вакили томонидан имзоланадиган Бош келишувга киритиш учун ходимлар вакилига таклифлар киритади;

— касаба уюшмасининг мухим йўналишлари бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқади, белгиланган тартибда экпертизадан ўтказади, тармоқ касаба уюшмаси  органларига етказилишини таъминлайди;

— тармоқда давлат ижтимоий дастурлари бажарилишини таъминлаш, юқорироқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар (ёшлар, ногиронлар, қариялар, болалик аёллар) манфаатларини ҳимоя қилиш борасида иш олиб боради;

— муассаса ва ташкилотларга тармоқ келишувлари етказилишини, жамоа шартномалари уларга тўлиқ мослаштирилишини таъминлайди ва ижроси таҳлилини олиб боради;

— тармоқда жамоа шартномалари бажарилиши бўйича статистик ҳисоботларни юритади. Жамоа шартномаларининг тармоқ макетларини ишлаб чиқади, тегишли Низомда кўрсатилган тармоққа мансуб юридик шахсларнинг жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертизадан ўтказади;

— тармоқда Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенциялари ижросининг жамоатчилик назоратини олиб боради;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлислари оралиғида касаба уюшмаси фаолиятини бошқаради ва бажарилган ишлар тўғрисида йилда бир маротаба навбатдаги мажлисда ахборот беради;

— ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш учун белгиланган ижтимоий суғурта маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг иш режасини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши мажлисини чақиради, унинг мажлисига муҳокама этилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар тайёрлайди ва тақдим этади, қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ташкил этади;

— касаба уюшмасининг штатлар жадвали, даромадлар ва ҳаражатлар сметасини тасдиқлайди;

— касаба уюшмаси молиявий фаолиятини амалга оширади ҳамда моддий ёрдам, мукофот пуллари ва бошқа тўловларнинг миқдорини тасдиқлайди;

— касаба уюшма мол-мулкини тасарруф қилади;

— касаба уюшмаси органлари ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Низомларни ва касаба уюшмаси аъзолари сонидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг ҳақ олиб ишлайдиган ходимлари сонининг меъёрини, касаба уюшма қўмиталарининг асосий ишидан озод этилмаган раисларига қўшимча тўловлар миқдорини тасдиқлайди;

— халқаро касаба уюшмалари ташкилотларига ва бирлашмаларига аъзо бўлиш, унга вакил юбориш ёки ундан чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— касаба уюшмаси ходимлари, фаолларини Давлат мукофотлари, касаба уюшмалари ва уларнинг бирлашмалари, ижтимоий шерикларнинг Фахрий ёрлиғи, кўкрак нишонлари билан тақдирлашга тавсия этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

— аъзо ташкилотларнинг таклифи билан Республика Кенгаши раҳбарлик лавозимларига заҳира таркибини шакллантиради ва уларнинг тайёрлашни йўлга қўяди;

— касаба уюшмасининг муҳим йўналишлари бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқади, белгиланган тартибда экпертизадан ўтказади, тармоқ касаба уюшмаси  органларига етказилишини таъминлайди;

— барча даражадаги касаба уюшмаси органлари аппарати ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади;

— касаба уюшмаси фаолиятини ташкил этишга оид Низомлар, Тартиблар, Йўриқномалар, Қоида ва меъёрларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

— касаба уюшма тузилмалари (бўлинмалари)ни ташкил қилиш, тугатиш ва уларнинг Низомларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилади;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши ваколат берган бошқа вазифаларни амалга оширади.

8.8.2. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси 15 нафардан кўп бўлмаган ҳолда тоқ сонда шакллантирилади.

8.8.3. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, унинг ўринбосари лавозимига кўра Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланган ҳисобланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ТАФТИШ КОМИССИЯЛАРИ

9.1. Касаба уюшма ташкилотларининг тафтиш комиссиялари мустақил органлар бўлиб, улар касаба уюшмасининг тегишли сайлаб қўйиладиган органлари билан бир вақтда тегишли умумий йиғилишларда, конференцияларда, қурултойларда ўша муддатга ва ўша тартибда, комиссия раиси ҳамда аъзолари таркибида сайланадилар, уларни сайлаган орган олдида ҳисобот берадилар.

9.2. Тафтиш комиссияси аъзолари — касаба уюшмаси бошқа раҳбар органлари ишида маслаҳат овози билан қатнашиш ҳуқуқига эга.

9.3. Тафтиш комиссиялари ўз фаолиятини касаба уюшмаси Устави ҳамда касаба уюшмаси Қурултойи томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ олиб борадилар.

9.4. Касаба уюшмаси тафтиш комиссияси ва касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан биргаликда ўтказилган қўшма мажлисида, касаба уюшмасининг тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкин.

9.5. Тафтиш комиссияси таркибига сайланган касаба уюшмаси аъзолари бошқа сайлаб қўйиладиган касаба уюшмаси раҳбар органлари таркибига сайланиши, касаба уюшмаси аппаратида ишлаши мумкин эмас.

  1. КАСАБА УЮШМАСИ ИНСПЕКЦИЯСИ

10.1. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий хуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-хуқуқий хужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатларга риоя  қилиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаси ўз инспекциясини тузиши мумкин.

10.2. Касаба уюшмаси инспекциялари ўз фаолиятини амалдаги қонунлар ҳамда касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ БОШҚАРУВ ВА ИЖРО АППАРАТИ

11.1. Касаба уюшмаси раиси — лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси ҳисобланади.

11.2. Раис қарори фармойиш шаклида қабул қилинади. Касаба уюшмаси раиси касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппарати ходимлари, қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари, касаба уюшмаси тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари томонидан бажарилиши шарт бўлган қонуний фармойишлар бериш ҳуқуқига эга.

11.3. Қурултойлар оралиғида касаба уюшмаси раисининг ваколатини белгиланган муддатдан илгари тўхтатиш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида қарор Республика Кенгашининг Мажлисида қабул қилиниши мумкин.

11.4. Касаба уюшмаси раиси:

 — касаба уюшмаси Устави бўйича вазифаларини, шунингдек, касаба уюшмаси органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва унинг олдида ҳисобдордир;

— Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органларида, ўзини ўзи бошқариш органларида, иш берувчилар, жамоат бирлашмаларида, бошқа ташкилотларда, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда касаба уюшмаси номидан қатнашади;

— давлат ва хўжалик бошқарув органларининг, иш берувчиларнинг, улар бирлашмаларининг (иттифоқларининг, уюшмаларининг) очиқ ҳайъат мажлисларида касаба уюшмаси номидан иштирок этади;

— ишончномасиз касаба уюшмаси номидан иш кўради;

— белгиланган тартибда касаба уюшмаси билан келишиш учун киритилган норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини касаба уюшмаси номидан келишиш тариқасида имзолайди ёки ўз таклиф ва эътирозларини билдиради;

— Республика Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма Мажлисларини ўтказади;

— зарур ҳолларда касаба уюшмаси номидан баёнотлар беради, мурожаатнома ва тақдимномалар юборади;

-меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказишда касаба уюшмасининг вакиллари иштирокини таъминлайди;

— Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қонунчилигига зид келадиган, касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи ҳаракатлар содир этилганда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, иш берувчи ва уларнинг бирлашмаларига, ушбу ҳаракатларни бекор қилиш бўйича талаблар қўяди;

— ташкилотларнинг раҳбарларига ҳамда бошқа мансабдор шахсларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга, шунингдек, ташкилотларнинг раҳбарларига мазкур қоидабузарликларда айбдор бўлган шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритади;

— касаба уюшмаси ходимлари ва фаолларини қўшимча рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

— касаба уюшмаси бюджетининг, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга, маънавият ва жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган маблағлар жорий ижросинитаъминлайди, шунингдек, касаба уюшмаси Марказий аппаратининг молиявий хўжалик фаолиятини бошқаради;

— касаба уюшмаси раиси ўринбосарларини сайлаш ёки лавозимидан озод этиш бўйича Республика Кенгашига таклифлар киритади;

— касаба уюшмаси раиси ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

— касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади ва бекор қилади, уларнинг вазифаларини белгилайди, уларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллайди;

— қуйи касаба уюшмаси ташкилотларининг сайлаб қўйиладиган раҳбарлик лавозимларига номзодларни таклиф қилади;

— ўз фаолиятида камчиликларга йўқ қўйган касаба уюшмаси бўлинмалари раҳбар ва масъул шахсларига нисбатан ваколат доирасида чора кўриш бўйича Республика Кенгаши Ижроия қўмитасига ёки тегишли касаба уюшмаси бўлинмаси органларига таклиф киритади ёки Тафтиш камиссиясига ўрганиш бўйича мурожаат этади;

— касаба уюшмаси томонидан таъсис этилган ташкилотларга умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг раҳбарлари билан белгиланган тартибда меҳнат муносабатларини олиб боради;

— чет эл хизмат сафарига борадиганлар номзодларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

— мазкур Уставда белгиланган ваколати доирасида фармойишлар чиқаради;

— касаба уюшмаси номидан ишончнома беради;

— Республика Кенгаши Ижроия қўмитасини чақиради, муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига материаллар тайёрланишини ташкиллаштиради, Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишига масалаларни киритади, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлайди ва назорат қилади;

— Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорларини имзолайди;

— касаба уюшмаси номидан хўжалик шартномалари ва бошқа шартномаларни имзолайди;

— Қурултой, Республика Кенгаши ва Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан берилган ваколатлар доирасида бошқа ташкилий бошқарув, маъмурий-хўжалик ишларига оид функцияларни ҳам амалга оширади;

— ўзининг айрим ваколатларини ўринбосарларига, қуйи касаба уюшмаси ташкилотлари раҳбарларига бериши мумкин.

11.5. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари – касаба уюшмаси Кенгаши томонидан 5 йил муддатга сайланади ва ўз ўз фаолиятини касаба уюшмаси Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланадиган лавозим йўриқномаси асосида олиб боради.

11.6. Республика Кенгаши аппарати:

Касаба уюшмаси ўзининг мазкур Уставдаги мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун Республика Кенгаши қошида ўз аппаратига эга бўлади. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппарати ходимлари сони ва мутатассислик бўйича таркиби Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган штатлар жадвали асосида белгиланади. Кенгаш аппарати штатлар жадвали Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланади. Касаба уюшмаси раиси касаба уюшмаси аппаратига бевосита раҳбарлик қилади.

XII. ХОДИМЛАР ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

12.1. Касаба уюшма органларига, жумладан қуйи ташкилотлари органларига, касаба уюшмасининг сайлаб қўйиладиган лавозимларига сайланганлиги муносабати билан ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган шахслар, шунингдек, касаба уюшмаси ходимлари билан меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномалари ва келишувлари ҳамда бошқа локал норматив ҳужжатлари билан тартибга солинади.

12.2. Сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимлар билан 5 йилга меҳнат шартномалари (контрактлар) тузилади, улар билан меҳнат шартномаси умумий йиғилиш, конференция, Қурултой ваколат берган шахс томонидан имзоланади.

12.3. Штатдаги касаба уюшмаси ходимларининг шахсий ҳужжатлари йиғмажилди ва меҳнат дафтарчалари ходимлар билан меҳнат шартномаси (контракт) тузган касаба уюшмаси ташкилотида сақланади.

XIII. КАСАБА УЮШМАСИ КОЛЛЕГИАЛ РАҲБАР ОРГАНЛАР ЙИҒИЛИШЛАРИДА ОВОЗ БЕРИШ ШАКЛЛАРИ

13.1. Касаба уюшмаси раҳбар орган мажлислари тегишлича ушбу касаба уюшмаси раҳбар орган аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, конференция, қурултой эса сайланган делегатларнинг 2/3 қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

13.2. Касаба уюшмаси раҳбар орган йиғилишлари, конференциялари ва Қурултой қарорлари кворум мавжуд бўлган ҳолда раҳбар орган йиғилиши қатнашчилари, конференция, қурултой делегатларининг 50 фоизидан кўпи овоз берса қабул қилинган ҳисобланади.

13.3. Овоз бериш усули (очиқ ёки ёпиқ) қурултой, конференция делегатлари, раҳбар орган йиғилишлари иштирокчилари томонидан белгиланади.

XIV. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ, МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ ВА САРФЛАНИШИ

14.1. Касаба уюшмасининг пул маблағлари касаба уюшмаси аъзоларининг бадалларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан тушган тушумлардан, Уставда кўзда тутилган вазифаларни бажариш учун амалга ошириладиган ишлаб чиқариш-хўжалик, шунингдек лицензия асосидаги ноширлик фаолиятидан, ҳомийларнинг касаба уюшмасини қўллаб-қувватлаш учун берган ёрдамлари ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятидан келадиган маблағлардан ташкил топади.

14.2. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендия)нинг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Касаба уюшмаси аъзосининг аризасига асосан у ўз хоҳиши билан белгиланган миқдордан ортиқ бадал тўлаши мумкин.

14.3. Касаба уюшмаси аъзоси бўлган вақтинча ишламаётган шахслар (штат қисқариши, муассасаларнинг тугатилиши ва шунга ўхшаш ҳолларда), стипендия олмайдиган талабалар, клиник ординаторлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим  муассасаларининг ўқувчилари, туғруқ таътилидаги, 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган аёллар бадал тўлашдан озод қилиниши мумкин.

14.4. Касаба уюшмаси маблағларини мақсадли ва самарали сарфлаш тартиби Республика Кенгаши Мажлиси қарори билан белгиланади. Касаба уюшмасининг барча ташкилотлари, барча даражадаги органлари учун ушбу тартиб бажариш учун мажбурийдир. Молиявий интизомга амал қилмаган касаба уюшма органлари раҳбарлари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.

14.5. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотида ҳақ олиб ишлайдиган ходимлар рўйхати (штатлар жадвали)ни шакллантириш касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади.

14.6. Касаба уюшма ташкилотларининг йиллик даромадлар ва ҳаражатлар сметаси юқори турувчи касаба уюшма органи билан келишган ҳолда касаба уюшма органи қарори билан тасдиқланади.

14.7. Касаба уюшмаси ва касаба уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ходимлар сони, штатлар жадвали, меҳнатга хақ тўлаш миқдори Республика Кенгаши Мажлиси ёки Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан белгиланади.

14.8. Йирик бошланғич ташкилотлар ўз аппаратига эга бўлиши мумкин. Бунда ходимлар штат жадваллари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишган ҳолда, ҳудудий бўлинмалар тавсияси асосида тасдиқланади.

14.9. Бошланғич ташкилотларда меҳнатга хақ тўлаш миқдори Республика Кенгаши Мажлиси қарори билан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширилади.

14.10. Касаба уюшмаси ўзининг эгалик ҳуқуқи бўлган мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф қилади, ундан фойдаланади ва сарф қилади. Касаба уюшмасининг умумий мол-мулки, пул маблағлари бўлинмайди ва касаба уюшмаси аъзосига қайтарилмайди.

14.11. Касаба уюшмаси, унинг бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари қонунчиликда таъқиқланмаган тарзда ҳар қандай мол-мулкни хадя (беғараз) равишда қабул қилиб олиши мумкин.

Касаба уюшма аъзолари ва бошқа ташкилотлар касаба уюшмасига берган мол-мулкига ва аъзолик бадалларига эгалик қилиш хуқуқини сақлаб қолмайдилар.

14.12. Касаба уюшмаси органлари ўз молиявий маблағларини исталган банкка қўйиш, акцияларини сотиб олиш ва ўз мол-мулкларини ижарага бериш ҳуқуқига эгадир.

14.13. Касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти фаолияти тўхтатилганда унинг мол-мулки ва пул маблағи касаба уюшмаси бошланғич ташкилотнинг қарзини тўлаш учун ишлатилади. Қолган маблағ ҳамда муассасанинг касаба уюшмаси аъзолиги бадалидан қарзи, касаба уюшмаси Устави белгилаган мақсад ва вазифаларни, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларини амалга ошириш учун юқори касаба уюшмаси тузилмасига ўтказилади.

14.13. Пул маблағлари, бинолар, иншоотлар, маданий-оқартув, спорт-соғломлаштириш анжомлари, жамғармалари, пул маблағлари билан бирга бошқа муассасалар ҳамда унга тегишли бошқа мол-мулклар касаба уюшмасининг хусусий мол-мулкидир.

14.14. Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ва бошқа манбалардан тушган маблағлар маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларига, туризм йўналишига, касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва рағбатлантиришга, касаба уюшмаси органларида ишлайдиган ходимларга ҳақ тўлаш ва бошқа маъмурий-хўжалик ҳаражатлари учун сметага мувофиқ сарфланади.

  1. КАСАБА УЮШМАСИНИНГ ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ

15.1. Касаба уюшмаси юридик шахс ҳисобланади ва мазкур Уставга биноан фаолият кўрсатади.

15.2. Касаба уюшмаси Республика Кенгаши аппарати, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бошланғич ташкилотлари ўз муҳрлари, юқори ташкилот томонидан тасдиқланадиган белгиланган намунадаги тамғалар, ҳос қоғозлар ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга бўладилар.

XVI. КАСАБА УЮШМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ

16.1. Касаба уюшмаси фаолиятини қайта ташкил этиш (бирлашиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва бошқалар) ёки тугатиш Қурултой қарорига кўра амалга оширилади.

16.2. Касаба уюшмаси қайта ташкил этилгандан сўнг Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатига олинади.

16.3. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор айнан шу масала юзасидан чақирилган Қурултойда қабул қилинади.

16.4. Касаба уюшмаси фаолиятини тўхтатиш ёки уни тугатиш Қурултойнинг қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

16.5. Касаба уюшмаси тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

16.6.Касаба уюшмаси ўз фаолиятини тугатган тақдирда Қурултой унинг мол-мулкидан фойдаланиш тўғрисида қарор чиқаради. Касаба уюшмасининг мол-мулки унинг ходимлари, аъзолари ўртасида бўлинмайди. Қолган мол-мулклар Уставдаги мақсад ва вазифалар йўлида ёки хайрия мақсадларида сарфланади.

16.7. Касаба уюшмаси тугатилган ҳолда унинг ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат архиви ташкилотларига сақлаш учун топширилади.

XVII. КАСАБА УЮШМАСИ УСТАВИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

17.1. Касаба уюшмаси Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Қурултой ваколатига киради.

Қурултойлар оралиғида касаба уюшмасининг Уставига қонунчилик асослари ва бошқа сабабларга кўра қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши касаба уюшмаси Республика Кенгаши (Мажлиси) қарори билан амалга оширилиши мумкин.

17.2. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида қарор кворум мавжуд бўлганда Қурултойда иштирок этаётган делегатлар, Республика Кенгаши мажлисида иштирок этаётган кенгаш аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

17.3. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганидан сўнг, қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда тегишли ҳужжатлар қайта рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

XVIII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

14.1. Мазкур Уставда назарда тутилмаган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан тартибга солинади.

14.2. Ушбу Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид тарзда талқин қилиш мумкин эмас ҳамда Устав қоидаларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига зид  тарзда ифода килинган бандлари ҳақиқий эмасдир.

 

Касаба уюшмаси кенгаши раиси                                    Ф.Р.Ханапияев

Устав матнини кўчириб олиш

 

Уставнинг олдинги таҳрирлари:

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг II-Қурултойида қабул қилинган, 1995 йил 12 январь.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг III-Қурултойида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган, 1999 йил 23 ноябрь.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг IV-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2005 йил 1 март.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг V-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2010 йил 20 август.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг VI-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2013 йил 10 май.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг VII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2014 йил 14 февраль.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмасининг VIII-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2015 йил 22 август (29.10.2015 йил Республика Кенгаши қарори).

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг IX-Қурултойида янги таҳрирда қабул қилинган, 2020 йил 24 август.

Print Friendly, PDF & Email

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам:

Click to listen highlighted text!