САВОЛ: Ишга киришдан олдин ходим шу муассасанинг локал хужжатлари билан таништирилиши шарт деб эшитганман. Маълумот берсангиз, муассасанинг локал хужжатларига нималар киради?
ЖАВОБ: Ташкилотнинг меҳнатга оид локал ҳужжатлари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
- Жамоа шартномаси.
- Штат жадвали.
- Ички меҳнат тартиби қоидалари.
- Корхона ходимларининг лавозим йўриқномалари.
- Меҳнат таътили жадваллари.
- Ходимларни аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низом.
- Корхонада кундалик иш сменасини ташкил этиш тўғрисидаги низом.
- Корхона таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар.
- Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битим.
- Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш тартиби қўлланиладиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати.
- Ходимларга ноқулай меҳнат шароитида ишлаганликлари учун йиллик қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати.
- Ходимларга алоҳида тусдаги ишларда, шунингдек, ўта зарарли ва ўта оғир меҳнат шароитларида ишлаганликлари учун йиллик қўшимча таътил бериладиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати;
- Ходимларга корхонадаги иш стажи учун йиллик қўшимча таътил бериладиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати.
- Йиллик қўшимча таътил бериладиган раҳбар ва мутахассис кадрлар лавозимлари рўйхати.
- Ходимларга оғир ва ноқулай табиий иқлим шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътил бериладиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати.
- Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом.
- Ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги низом.
- Ходимга тегишли мол-мулк (автотранспорт воситаларидан ташқари)дан фойдаланганлик учун харажатларни қоплаш меъёрлари.
- Ходимларга кўчиб юриш билан боғлиқ ишлар учун устамалар тўланадиган касблар, лавозимлар ва ходимлар тоифалари рўйхати.
- Корхонадаги кўп йиллик меҳнати учун устамалар тўлаш тўғрисидаги низом.
- Вахта услубидаги иш учун устамалар тўланадиган ходимлар касблари, лавозимлари ва тоифалари рўйхати.
- Ноқулай, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари учун қўшимча тўловлар ўрнатиладиган ходимлар касблари, лавозимлари ва тоифалари рўйхати.
- Ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилиш тўғрисидаги низом.
- Йил якунлари бўйича мукофотлаш тўғрисидаги низом.
- Тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузилиши лозим бўлган ходимларнинг тоифалари рўйхати.
- Меҳнат шароити ноқулай бўлган ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати.
- Таътил учун қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом.
- Меҳнат низолари комиссияси тўғрисидаги низом.
- Моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги низом.
- Корхона ходимларига уй-жой олиш учун фоизсиз ссудалар бериш тўғрисидаги низом.
- Маданий-оммавий спорт тадбирларини ўтказиш сметаси.
- Касаба уюшмаси қўмитасига касаба уюшмаси фаолиятини амалга ошириш учун иш берувчи томонидан бериладиган хона, жиҳозлар ва бошқа асосий воситалар рўйхати.
- Хизмат ва тижорат сири тўғрисидаги низом.
САВОЛ: Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?
ЖАВОБ: Амалдаги қонунчиликка мувофиқ умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, — суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Лекин, Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар келтирилган.
Булар қуйидагилардир:
1) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;
2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;
3) иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;
4) ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда;
5) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса;
6) Меҳнат кодекснинг 181-моддаси назарда тутилган жаримани ундириш учун.
Иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.
САВОЛ: Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган ходим, қайтадан ишга тикланса, у меҳнат таътилидан фойдаланиши мумкинми?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасига асосан меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.
Мазкур ҳолатда воқеалар ривожи шундаки, иш берувчи ходимни ишга тиклар экан, аввал ўзининг ушбу ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буруғини бекор қилади, ха шундай, айнан ўша буйруқни бекор қилади. Иш берувчи томонидан бу вазиятда ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилиши керак. Шунингдек, у истаса, шу буйруқнинг ўзи билан, истаса, бошқа алоҳида буйруқ билан ходимни ишга тиклаш масаласини ҳам ҳал этиши керак.
Мана шу вазиятда, ходимни ишга тиклаш давомида у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ноқонуний ёки нотўғри буйруқ бекор қилиндими, демак, амалда ўша ходим ишдан бўшатилмаганлик ва меҳнат муносабатлари одатдагидек давом этаётганлик факти юзага келади.
Ўз-ўзидан бу мазкур вазиятда ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари, шу жумладан йиллик меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳеч қандай узилишларсиз давом этаверади деганидир.
Мисол учун, ходим 2018 йил август ойидан ишга кирган ва унинг йиллик меҳнат таътилидан фойдаланиш бўйича иш даври 2018 йил августдан 2019 йил августга қадар. Айтайлик, корхона раҳбари ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда 2019 йилнинг май ойидан бекор қилди. Ходим судга даъво бериб, ютиб чиқди ва шу суднинг қарорига мувофиқ 2019 йилнинг 1 июлидан ишга тикланди. Мана шу вазиятда ишга тикланган ходим дейлик, 1 августдан унга меҳнат таътили беришни сўраб ариза беряпти. Албатта, бу ҳолатда ишга тиклаш билан бирга унинг меҳнат ҳуқуқлари ҳам тикланганлиги сабабли ўша ходимга 2018 йил август ойидан 2019 йил август ойига қадар бўлган иш даври учун меҳнат таътили бериш керак бўлади.
Хулоса: Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходим, қайтадан ишга тикланган тақдирда йиллик меҳнат таътилидан фойдаланиши мумкин.
САВОЛ: Мен 01.11.2017 йилда ишга қабул қилинганман. 2017-2018 йилдаги иш даврим учун 2019 йилнинг февраль ойида таътил беришди. Кейин мен 2019 йилги мехнат таътилига чиқиш учун ариза топширганимда, февраль ойида 2019 йилги мехнат таътилига чиққанимни, 2018 йил учун мехнат таътилим вақти ўтиб бўлганлиги учун бу йилда бошқа меҳнат таътили берилмаслигини айтишди. Шу масалада тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 143-моддасига асосан йиллик меҳнат таътили бериладиган иш йили деганда, меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланадиган йилни (яъни кейинги йилнинг айнан шу иш бошланган кун санасини) тушунамиз. Шунга мувофиқ, Сизнинг меҳнат таътили бериладиган дастлабки иш йилингиз 01.11.2017 йилдан 01.11.2018 йил оралиғидаги давр ҳисобланади.
Юқоридаги моддада яна бир қоида кўрсатилган, яъни таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим. Яъни Сизнинг вазиятингизда 2017-2018 йиллар учун меҳнат таътилингиз айнан 01.11.2018 йилга қадар берилиши лозим эди.
МКнинг 143-моддасига мувофиқ 01.11.2018 йилга қадар таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган ҳолларда, Сизнинг розилигингиз билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми (масалан 24 кун бўлса, айнан 12 кунлик қисми) кейинги иш йилига, яъни 01.11.2018 йилдан 01.11.2019 йилга қадар бўлган даврга кўчирилиши керак эди. Бироқ, бу тадбирга иш берувчи масъул бўлгани ҳолда бу иш амалга оширилмаган.
Бошқа томондан иш берувчининг айби билан 01.11.2017 йилдан 01.11.2018 йил учун ўз вақтида берилмаган, бироқ 2019 йил февраль ойида – кейинги иш йилига ўтказиб бўлсада, берилган таътилни ходимнинг меҳнат таътили билан боғлиқ ҳуқуқини тикланиш факти, деб ҳисоблаймиз.
Шу билан бирга, сизда жорий иш даврингиз ҳисобланган 01.11.2018 йилдан 01.11.2019 йил учун йиллик меҳнат таътилидан айнан 01.11.2019 йилга қадар фойдаланиш ҳуқуқингиз турибди.
САВОЛ. Бюджет ташкилотидаги она боласи 1 ёшлигида ишга чиқиб, қисқартирилган иш режимида ишлади. Энди боласи 2 ёшга тўлди. Иш вақти яна қисқартирилган режимда қоладими?
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига асосан “уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади” дейилган.
Ушбу моддага асосан, агар бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимга аслида фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар қисқартирилган иш вақти белгиланиши керак.
Демак, саволдаги вазиятда бюджет ташкилотида ишлайдиган она қисқартирилган иш вақтидан яна бир йил, яъни боласи 3 ёшга тўлгунига қадар фойдаланиши мумкин.
САВОЛ: Дастлабки синовдан ўта олмаган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: Ҳаммамиз биламиз, ходимларни ишга қабул қилишда 3 ойдан кўп бўлмаган муддатга дастлабки синов муддати белгиланиши мумкин (МК 85-модда). Дастлабки синов даври ходим учун ҳам, иш берувчи учун ҳам ўзаро муносабатларни давом этишига ишонч ҳосил қилиб олиш учун белгиланадиган расмий-ҳуқуқий жараёндир.
Меҳнат кодексининг 84-моддаси мазмунига кўра, меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадда дастлабки синов шарти билан тузилиши мумкин:
- биринчидан, иш берувчи томонидан ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш учун;
- иккинчидан, ходим шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши учун.
Савол туғилиши мумкин, агар ходим дастлабки синов муддати давомида иш берувчининг синовидан ўта олмаса, нима бўлади? Меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинми, агар мумкин бўлса қандай асосга кўра бекор қилинади?
Меҳнат кодексининг 87-моддаси 1-қисмига кўра, дастлабки синов муддати тугагунига қадар ҳар бир тараф иккинчи тарафни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина бекор қилиши мумкин.
Демак, ходим белгиланган синов муддати давомида қониқарсиз натижа кўрсатаётган бўлса, иш берувчи токи синов муддати тугагунига қадар, бу ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Бунда энг асосий омил, синов натижаси қониқарсиз эканлиги, яъни ходимнинг топширилган ишни бажара олмаслигини асословчи фактлар расмий ҳужжат билан тасдиқланиши керак ҳамда ходим камида 3 кун олдин ёзма равишда огоҳлантирилиши керак.
Меҳнат шартномасини дастлабки синов натижаси муносабати билан МКнинг 87-моддаси асосида бекор қилиш, шартномани бекор қилишнинг қолган бошқа асослари (МКнинг 89, 97, 99, 100, 105, 106-моддалари)дан алоҳида жарёндир. Булар ҳаммаси, бир-биридан алоҳида-алоҳида асослар эканлигини утунмаслик керак.
Айнан шунинг учун ҳам, бу жараёнга масалан, МКнинг 100-моддаси, яъни меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш жараёнидаги қўшимча мураккаб талаблар (касаба уюшмаси розилигини олиш, ҳомиладор ва боласи 3 ёшга тўлмаган аёларни бўшатиб бўлмаслиги, ходимни аввал бўш бўлган бошқа ишга ўтказиш кабилар) тадбиқ этилмайди.
Юқорида айтилганидек, синовдан ўта олмаган ходим бўйича:
- синов натижасининг қониқарсиз бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (далолатнома ёки йиғилиш баённомаси, ёхуд тегишли масъул шахснинг билдиришномаси кабилар);
- ходимга 3 кун олдин бериладиган огоҳлантириш хати;
- ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилади.
САВОЛ: Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш бўйича тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: Амалиётда ходимдан ариза олинганидан сўнг меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига (ҳохишига) кўра бекор қилиш (МК 99-модда) ёки тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш (МК 97-модда 1-банди) вариантларидан биттаси танланади.
Унутманг, агар иш берувчи ёки унинг вакили ходимдан ариза сўраганида, ходимни МК 99–моддаси билан ишдан бўшатиш амалиёти ноўрин бўлади, чунки 99-модда ҳолатида ишдан бўшаш ташаббуси айнан ходимнинг ўзидан чиқиши керак.
Агар суд низолари давомида ташаббус ходимдан эмас, балки иш берувчидан чиққанлиги ва ариза айнан иш берувчи ташаббуси билан ёзилганлиги аниқланса, МК 99-модда билан ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ноқонуний деб топилиши муқаррардир. Ана шу жойда МК 97-модда 1-банд – меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан бекор қилиш амалиётининг авзаллик томони кўзга ташланади.
МК 99-моддасидан фарқли равишда шартномани МК 97-модда 1-банд билан бекор қилишда иш берувчи ходимга ишдан бўшашни таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Тарафларнинг келишуви ҳолатида икки томон ҳам бир-бирига шартномани бекор қилиш юзасидан таклиф билдириши мумкин ва албатта бир томон берган таклифга иккинчи томон рози бўлса, демак келишувга эришилади. МК 97-моддаси, 1-бандининг амалий жиҳатдан асл моҳияти айнан шундайдир.
Агарда зарур ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилса, меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш амалиётида умуман низо бўлмайди. Кўпчилик амалиётчилар ходим томонидан ариза тақдим этилса ва бу аризага иш берувчи “розилик” ёки “келишув” муносабати ёзиб имзо қўйса, “бўлди, тарафлар келишувга эришилди” деб ҳисоблайди. Ва шу аризанинг ўзига асосан шартномани МК 97-модда 1-банд билан бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарадилар.
Аммо юристлар ва кадрлар хизмати ходимларининг асосий мақсади ҳар қандай ҳолатда ҳам низонинг олдини олиш ва келгусидаги турли кўнгилсизликларга йўл қўймаслик ҳисобланади. Шунинг учун меҳнат шартномасини МКнинг 97-моддаси 1-банди билан тарафларнинг келишувига кўра бекор қилишда, албатта, “меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишув” деб номланган алоҳида ҳужжат тузилишини, шундан сўнг буйруқ чиқарилишини тавсия қиламиз.
САВОЛ: Мен тиббий-диагностика йўналиши бўйича МЧЖ кадрлар бўлимида ишлайман. Биз ишчи ходимларга пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилишга ёрдам пули ажратмоқчимиз, лекин бизнинг жамоа шартномада бундай банд йўқ. Нима қилсам тўғри бўлади?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.
Мана шу қоидага мувофиқ, Сизда иккита йўл мавжуд:
Биринчиси, корхонадаги мавжуд жамоа шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан, “пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун ходимларга моддий ёрдам пули ажратиш” масаласини жамоа шартномасида акс эттириш керак.
Иккинчиси, иш берувчи томонидан алоҳида локал ҳужжат, масалан, “Пандемия даврида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Низом ёки Тартиб қабул қилиниши ва бу ҳужжат корхонадаги касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилиши зарур.
Айнан шу ҳужжатга “пандемия даврида қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун ходимларга моддий ёрдам пули ажратиш” масаласини ҳам киритиш мумкин. Шундай қилиб, юқоридаги ҳужжатлардан бирини расмийлаштириш ва амалга киритиш орқали, корхонангиздаги ходимларга қишлоқ хўжалик махсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам пули ажратилиши мумкин.
САВОЛ: Иш берувчининг ташаббуси билан ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш юзасидан тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: МКнинг 95-моддасида ходимни иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ўтказиш тартиби тўғрисида зарур талаблар назарда тутилган.
Ходимни унинг розилигисиз – иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказишга фақатгина ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолинишнинг олдини олиш мақсадларидагина йўл қўйилади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ходимга таклиф этиладиган ватинчалик иш унинг соғлиғига тўғри келиши лозим. Чунки айнан 95-моддада ходимнинг соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.
Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси, меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари, шунингдек, ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.
Вақтинча бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқни чиқаришда унинг муддати кўрсатилиши лозим. Вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳолатлари тарафларнинг келишуви ва ходимнинг ташаббуси билан амалга оширилса, буйруқ чиқариш учун ходимнинг аризаси асос бўлади.
Агар ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарилса, бундай ҳолатларда буйруқ учун ходимнинг аризаси ва тиббий хулоса асос бўлади.
Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун эса ташкилотдаги ишлаб чиқариш зарурияти ёки ишда бекор туриб қолиш фактининг мавжудлиги асос бўлади.
Буйруқда ҳам унинг асоси сифатида айнан шулар келтирилиши лозим. Доимий бошқа ишга ўтказишдан фарқли равишда вақтинча бошқа ишга ўтказишлар меҳнат шартномасида акс эттирилмайди (МК 96-модда), яъни шартномага ўзгартириш киритилмайди.
САВОЛ: Ходимга касаллик варақаси тақдим этилмаган кунлар учун ҳам иш ҳақи олса бўладими?
ЖАВОБ: Маълумки, карантин чоралари амалда бўлиб турган вақтда ҳам иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари давом этмоқда.
Меҳнат муносабатлари деганда, иш берувчининг ходимга меҳнат учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, меҳнат учун ҳақ тўлаш мажбурияти ҳамда ходимнинг ўз зиммасидаги меҳнат вазифаларини бажариш мажуриятлари ҳам тушунилади.
Айни вазиятда, иш берувчи расман Covid-19 вируси билан касалланган даврингиз учун Сиз тақдим этган касаллик варақасига асосан нафақа тўловларини белгиланган тартиб бўйича тўлаб берган ҳамда бу борадаги мажбуриятини ҳам бажарган.
Меҳнат кодексининг 17-моддасига асосан, иш берувчи меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни лозим даражада бажаришни ходимдан талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу масалада, амалда ишланмаган вақт ва меҳнат амалга оширилмаган кунлар учун иш берувчи ходимга иш ҳақи тўлай олмайди, чунки бу қонунбузилиши ҳисобланганлиги учун ҳам иш берувчига бу муаммо туғдириши мумкин.
Бу масалада энг мувофиқ йўл, корхонанинг амалдаги жамоа шартномасига эътибор қаратиш керак, айнан жамоа шартномасида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қўшимча тўловлар, шу жумладан моддий ёрдам тўловларини тўлаш масалалари белгиланган бўлади (МК 153-модда).
Иш берувчида ана шу жамоа шартномаларига мувофиқ ходимларига саломатлигини тиклаш, оғир оилавий шароит ёмонлашганлиги ва бошқа шу каби ҳолатларда моддий ёрдам пули ажратиш ҳуқуқи бор. Шунга кўра, маслаҳатимиз, раҳбарингизга ҳозирги ҳолатингизни сабаб сифатида кўрсатиб, моддий ёрдам ажратишни сўраган ҳолатда, расман ариза билан мурожаат қилинг. Фикримча, шу йўл билан ҳозирги муаммоингиз албатта ижобий томонга ҳал бўлади.
Яна бир маълумот, амалдаги қоидаларга кўра амбулатория шароитида парваришга муҳтож бўлган ўн тўрт ёшга етмаган бемор болани парваришлаш учун унинг онасига ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 апрелда 2667-сон билан давлат рўйҳатидан ўтказилган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома 32-банди).
Яъни, агар фарзандингиз амбулатория шароитида даволанганда, Сизда унинг ушбу даволаниш ва парвариш даври учун 14 кундан иборат муддатга касаллик варақаси очдириш ҳуқуқи бўлади. Тушунаётган бўлсангиз, бу давр учун ҳам Сизга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлаб берилади.
САВОЛ: Тиббиёт техникумида штат йўқ деб, ўқувчи ва гуруҳлар сони йўқ деб ходимларга иш ҳақи тўланмаслиги қанчалик тўғри? Биз тиббиёт коллежидан техникумга айлантирилаётган билим юрти ходимларимиз. Бизга октябрь ойидан маош юритилади деган эди. Аммо энди режа йук, штат йук, ўкувчи ва гурух сони аникмас деган гаплар айтилмокда. Шу сабаб билан ойлик тўлашмоқчи эмас. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш ишлари бошланганидан бери бу каби холатлар кўп учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасида белгиланишича, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт. Сизнинг вазиятингизда ходимларнинг ишсиз ва бекор қолиш ҳолатлари учун ходимлар айбдор эмаслар. Шу боисдан, Меҳнат кодексининг 159-моддаси талабларига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади. Яъни, тиббиёт техникумида ўқиш режаси йўқлиги, штатлар тасдиқланмаганлиги, гуруҳлар сони аниқмаслиги каби сабаблар ходимларга ойлик маоши тўламасликка асос бўлмайди, иш ҳақи албатта тўланиши керак.
САВОЛ: Турмуш ўртоғим декретга кетган ходимнинг ўрнида ишлаб юрганди. Энди у ишга чиқди турмуш ўртоғимни автоматик равишда ишдан чиқариб ташлашди. Пандемия даврида шу тўғрими? Мен МИБдан бўшатилдим.Турмуш ўртоғимни охирги хисоб китоб даври қандай тўланади?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 105-моддаси 3-қисмига кўра, иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади. Яъни, турмуш ўртоғингиз айнан иш жойи сақланиши лозим бўлган ўша декрет таътилига кетган бошқа ходимнинг ўрнига, унинг ўз ишига қайтгунига қадар, вақтинчалик – муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга олинган бўляпти.
Юқоридаги 105-модданинг 1-қисмида шундай қоида бор, “муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади”. Бу вазиятда, декрет (бола парваришлаш) таътилидаги ходим ўз ишига қайтган тақдирда, унинг ўрнида муддатли шартнома асосида ишлаётган ходимнинг шартнома муддати тугайди, шундан келиб чиқиб бу ходим билан, шу жумладан Сизнинг турмуш ўртоғингиз билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам МК 105-моддасига асосан бекор қилинади. Бу жараён албатта қонуний ҳисобланади.
Турмуш ўртоғингизга у ишдан бўшаши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар (шартнома бекор қилинган кун ҳам киради) ишлаган иш ҳақи, Меҳнат кодексининг 151-моддасига асосан фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўловлари тўлаб берилади.
САВОЛ: Мени вояга етмаган фарзандим бор, у 2-гуруҳ ногирони. Ўзим ёлғиз онаман. Саволим шуки, менга ногирон боламни ҳисобга олиб таътилимга қўшимча таътил куни қўшиб беришлари мумкинми?
ЖАВОБ: Ногирон боласини тарбиялаётган ходимларга амалдаги қонунчилигимизда ҳақ тўланадиган қўшимча таътил ва қўшимча дам олиш куни берилишига оид қоидалар бор. Жумладан, Меҳнат кодексининг 232-моддасига мувофиқ, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Демак, агар ногирон фарзандингиз 16 ёшга тўлмаган бўлса, Сиз бир иш йили давомида қўшимча равишда 3 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътилдан фойдаланишингиз мумкин. Бу таътил йиллик меҳнат таътилингизга қўшиб берилиши мумкин.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 230-моддасига кўра, ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.
Бундан ташқари, «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 85-банди (рўйхат рақами: 1136, 08.05.2002 й.)га асосан ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.
Ушбу қоидаларга эътибор қаратадиган бўлсак, 16 ёшга тўлмаган ногирон фарзандини тарбиялаётган ота-онадан бирига, давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда ишхонадан ҳар ойда қўшимча бир кундан иборат бўлган дам олиш куни берилади.
Юқоридагиларга асосан Сиз қўшимча ҳақ тўланадиган таътилдан ташқари, ҳар ойда ҳақ тўланадиган бир кунлик қўшимча дам олиш кунидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
САВОЛ: Ходим ойнинг исталган санасидан меҳнат таътилига чиқса бўладими? Бизнинг ташкилотда ойликлар иккига бўлиб берилади. Ойнинг 15-санасидада аванс, кейинги ойнинг 5-санасида ойлик қолдиғи берилади. Мен шахсан ўзим 7 октябрдан меҳнат таьтилига чиқдим. Менга таътил пули берилиши керак эди, лекин берилмаяпти. Бухгалтердан сўрасам, сиз ойнинг бошидан меҳнат таътилига чиққанизда 5-санада хамма таътил пулларини олардиз. 7 октябрдан чиққанингиз учун кейинги ойнинг 5-санасида оласиз, мен ойнинг ўртасида хисоб китоб ишларини қилолмайман деяпти, шу қанчалик тўғри? Ахир одам мехнат таътилига чиқиб таътил пулини олиб бирор ишни битирай дейдику. Шу масалада ҳуқуқий тушунча берсангиз.
ЖАВОБ: Бу вазиятда бухгальтерингиз ноҳақ. Чунки, Меҳнат кодексининг 148-моддасига асосан йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади (169-модда), бундан ташқари, таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.
Мазкур нормаларга таянадиган бўлсак, сизни таътил пулингиз меҳнат таътили бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан, яъни 6 октябрь кунидан кечикмай тўлаб берилиши шарт эди.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун иш берувчининг номига ёзма ариза киритиб, МКнинг 148-моддаси талаблари бажарилмаётганлигини кўрсатган ҳолда, меҳнат таътили пулини тўлаб беришни сўрашни (ёки талаб қилишни) маслаҳат берамиз.
САВОЛ: Иш берувчи ходимни хабардор қилмасдан таътилга чиқариб юбориши мумкинми?
ЖАВОБ: Йўқ бу вазиятда меҳнат қонун ҳужжатлари талаблари бузилган бўляпти. Аслида, Меҳнат кодексининг 144-моддасига асосан, таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак. Бу айнан иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади, бунга кўра ҳар бир ходимга меҳнат таътилига чиқаришдан аввал 15 кун олдин ҳабардор қилиш керак албатта.
Ўз ҳисобингиздан бериладиган таътил, яъни қонун тили билан айтганда иш ҳақи сақланмаган таътил масаласида ҳам кўп бора айтганмиз, Меҳнат кодексининг 150-моддасига асосан, бундай таътиллар ходимнинг истагига зид равишда берилиши мумкин эмас.
САВОЛ: Бизни ташкилотимизда жамоа шартномаси муддати апрель ойида тугади. Ҳозир жамоа шартномаси муддатини карантин сабаб узайтира олмаган эдик. Энди уни муддати тугаганлиги сабабли, ходимларга жамоа шартномада кўрсатилган моддий ёрдамни беролмаяпмиз. Нима қилсак бўлади?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 41-моддасига асосан жамоа шартномаси имзоланган вақтдан эътиборан ёки жамоа шартномасида кўрсатилган кундан бошлаб кучга киради ҳамда тарафлар белгилаган муддат давомида амал қилади, белгиланган муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунча ёки амалдаги шартномани ўзгартиргунча, тўлдиргунча амалда бўлади.
Мазкур қоидаларга асосан, Сизнинг корхонангиздаги жамоа шартномаси ҳам янгичи тузилгунига ёки муддати узайтирилгунига қадар амалда ва кучда бўлаверади.
Шундан келиб чиқиб, жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугаган бўлсада, ҳали бу ҳужжат бекор бўлмади ҳисоб, шунга кўра жамоа шартномада белгиланган нормалар, жумладан моддий ёрдам беришга оид қоидалар ҳам амалда бўлаверади.
САВОЛ: Ходим хизмат сафарида бўлган пайтда дам олиш (шанба, якшанба) ва байрам кунлари учун кундалик тўлов (суточний) тўлаб бериладими? Тўлаб берилса нимага асосан?
ЖАВОБ: Бу ерда, хизмат сафари давомидаги иш учун икки хил турдаги тўлов ҳақида гап кетяпти аслида.
Биринчиси, хизмат сафари давридаги дам олиш ва байрам кунларида меҳнат қилинса, бу давр учун иш ҳақи тўлаш масаласи, иккинчиси, хизмат сафари давридаги дам олиш ва байрам кунлари учун хизмат сафари ҳаражатлари, масалан кундалик ҳаражатларни тўлаш масаласидир.
- Дам олиш ва байрам кунларидаги меҳнат учун иш ҳақи масаласи.
Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 29 августда 1268-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқнома»нинг 7-бандига кўра, хизмат сафарида бўлган ходимларга улар юборилган корхоналардаги иш вақти режими ва дам олиш вақтлари тааллуқли бўлади. Агар ходим атайдан дам олиш ёки байрам кунларида ишлаш учун хизмат сафарига юборилган бўлса, ушбу кунларда ишлагани учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ компенсация тўланади. Яъни, бу ерда барчаси хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқда қандай белгиланганлигига боғлиқ.
Агар, ходимни хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқда хизмат сафари давомида дам олиш ёки байрам кунлари ҳам ходим ишлаши лозимлиги (алоҳида ҳолларда) кўрсатилган бўлса ва бу даврда ходимлар ҳақиқатдан ҳам меҳнат қилган бўлса, демак бу вақт учун компенсация тўловлари тўланади.
Компенсация тўловлари деганда, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши ҳақида гап кетяпти.
- Дам олиш ва байрам кунлари учун кундалик ҳаражатни қоплаш масаласи.
Юқоридаги 1268-сонли Йўриқноманинг 11-бандида Хизмат сафарида ва йўлда бўлган вақт учун кундалик харажатлар хизмат сафарига юборилган ишларга жамоа шартномалари, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида кўзда тутилган миқдорларда, лекин қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда белгиланади (республика бўйича ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентларда):
- Тошкент шаҳрида, шаҳарлар — вилоятлар марказларида — 0,1;
- бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктларда — 0,08.
Анашу қоидаларга асосан хизмат сафаридаги дам олиш ва байрам кунлари учун ҳам албатта, кундалик ҳаражатлар тўланиши керак деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун 11-банддаги “хизмат сафарида ва йўлда бўлган вақт учун кундалик харажатлар” деган жумлаларни шунчаки, борича тушуниш кифоя.
Бунда “хизмат сафарида ва йўлда бўлган вақт” таркибига хизмат сафари давридаги шанба-якшанба ҳамда байрам кунлари ҳам кириб кетади, жумлалар айнан шу маънони англатмоқда. Яъни, ходимга хизмат сафари муддати таркибидаги дам олиш ва байрам кунлари учун хизмат сафари ҳаражати, шу жумладан, кундалик ҳаражатлар қоплаб берилади.
САВОЛ: Бир ходимимизни ишдан бўшатиб буйруғини юқори ташкилотимизга ташлаб беришимиз керак. Лекин раҳбаримиз юқори ташкилот йиғилишида, келолмаслигини айтиб, бизга ўринбосарнинг номидан буйруқ қилиб бераверинглар деяпти. Шундай қилсак бўлаверадими?
ЖАВОБ: Йўқ, бу мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддасига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
Мана шу қоидага кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ фақат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган биринчи раҳбар шахс томонидан чиқарилиши керак. Бу вазиятда, биринчи раҳбар гарчи йиғилишда бўлсада, расман ўз иш ўрнида. Шунга кўра, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни раҳбар ўринбосари номидан чиқарсангиз, бу буйруқ қонунчиликка хилоф бўлиб қолади.
САВОЛ: Бир ходимни кетма кет интизомий жазолари бор. Хайфсан, 30 %, 50%. Бўлим бошлиги яна унинг устидан билдирги берди. Энди у билдиргини ижросини таъминлашга ўйланиб колдим ва касаба уюшмаси йиғилиш қилиб чорасини кўриб беришини сўрадик. Бошлиғим касаба уюшмаси йиғилишида у ходим билан мехнат шартномасини бекор килишни сўрамокчи. Мен ходимни лавозимини пасайтириб билдиргини ижросини таъминламоқчи эдим. Лекин ходим розилик хати ёзмайман деяпти. Юқоридаги бошлиғимни карори тўғрими?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун интизомий жазо чораларини қўллаш бу иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.
Бундан ташқари, иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиб келаётган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига мувофиқ интизомий жазо сифатида бекор қилишга ҳам ҳақлидир.
Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандида меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузишга аниқ тушунтириш берилган, яъни унга кўра “аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади”.
Агар ходим ўша интизомий жазоларни бир йил давомида кетма-кет олиб келган бўлса, демак, у меҳнат вазифасини мунтазам равишда бузиб келмоқда. Унга кўра, саволдаги вазиятда агар “бошлиғим” деганда иш берувчини назарда тутаётган бўлсангиз, албатта у юқоридаги “тузалмас” ходим билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3-бандига мувофиқ бекор қилишга ҳақли деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, ҳуқуқ иш берувчида эканлигини инобатга олиб, агар у истаса, ходим ўз қилмишидан хулоса чиқаришига ишонч ҳосил қилса, ёки касаба уюшмаси кафолат берса, ходимни кечириб, унга енгилроқ жазо ҳам белгилаши мумкин.
САВОЛ: Мен бюджет ташкилотда 0,5 ставкада иш юритувчиман. Якинда декретга чиқаман. Менга бола пули тўланадими… тўланса қаердан…Тўланмаса нима учун…Мен бола пулини олиш учун қаерга мурожаат қилишим керак бўлади?
ЖАВОБ: Ишлаётган оналарга тўлиқ ставка ёки тўлиқ бўлмаган ставкада бўладими нафақа тўлаш бирдек амал қилади. «Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги (рўйхат. № 1113, 14.03.2002 й.) низомнинг 1-бандига асосан “ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа туғилган, фарзандликка, васийликка олинган болани икки ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш учун қоида тариқасида онага, отага, фарзандликка, васийликка олган шахсларга ёки бошқа қариндошларга тайинланади ва тўланади” дейилган.
Бироқ, мазкур Низомнинг ўзида “Низом бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди” деб кўрсатилган, яъни бюджет ташкилотларида ишлаётган оналарга ишхонадан болани икки ёшга тўлгунгача парваришлаш нафақаси тўланмайди.
Бюджет ташкилотларидаги оналарга болани 2-ёшгача парваришлаш нафақаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланади.
Бироқ, бу масалада айрим муаммолар бор, яъни ушбу Низом бўйича бола парваришлаш нафақасини олишингиз учун айрим талабларга тўғри келишингиз керак. Масалан, ушбу 44-сонли Низомнинг 8-бандига асосан, бола парвариши бўйича нафақа ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.
Маълумот учун, ҳозир меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ) — ойига 679 330 сўм бўлса, бунинг 52,7 фоизи эса 358.007 сўм бўлмоқда. Бу шартларга тўғри келсангиз, доимий ёки асосан яшаб турган жойингиздаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ариза билан мурожаат этишингиз лозим.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
- низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича оиланинг таркиби;
— оила аъзоарининг даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
— бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.
Аризангиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидаги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, нафақа тайинлаш масаласи ҳал этилади.
САВОЛ: 100-модда 2-қисми 1-банди бўйича ходимга 2 ойлик компенсация бериб, ходимдан ариза олмасдани ишдан бўшатиш мумкинми?
ЖАВОБ: Йўқ, мумкин эмас. Сабаби, Меҳнат кодексининг 102-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди) бекор қилинганида, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт.
Ушбу 102-модданинг 2-қисмига қарайлик, унда “ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин” дейилган. Бу қоидага асосан, меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш ходим билан иш берувчининг келишувига кўра компенсацияга алмаштирилиши мумкин. Яъни, иш берувчи ушбу алмаштиришни ўз ҳолича, мустақил равишда ҳал этишга ҳақли эмас, огоҳлантириш муддатини компенсацияга алмаштириш ҳамда огоҳлантириш муддатисиз ишдан бўшатиш учун албатта ходимнинг расмий розилигини олиш шарт.
САВОЛ: Туғруқ таътилидан чикаётган ходимни лавозимига кайтса уни ўрнига ишлаётган ходим ишдан бўшамаса ва ариза ёзмаса, ёки уни бошқа ишга ўтказиш имкони бўлмаса, ходимни бўшатиш мумкинми унинг аризасисиз?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 234-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади. Шунга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёл истаса боласи икки ёшга тўлгунга қадар бўлган таътилга кетади, истамаса, ўз ишини давом эттириш ҳуқуқига эга.
Унинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврига ишга олинган ходим муддатли меҳнат шартномаси асосида, яъни нариги ходимнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагунига қадар бўлган муддатга ишга олинган бўлади. Бу вазиятда, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан қайтган ходим ўз ишини давом эттиришни истаса, уни ўз ишига қайтариб, унинг ўрнига ишга олинган ходимни МКнинг 105-моддасига асосан, муддатли шартноманинг муддати тугаганлиги важи билан ишдан бўшатиш варианти танланади.
Албатта, бу ҳолатда корхонада бошқа бўш иш ўрни бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги ходимнинг ўрнига ишга олинган ходимни ана шу бўш лавозимга агар унинг малака талаблари тўғри келса, ўтказишингиз тўғри бўлади. Лекин саволда кўтарилган лавозимда ишлаш ҳуқуқи энг биринчи навбатда, ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан қайтган ходимга тегишли. Меҳнат кодексининг 105-моддасига асосан муддати тугаган ходимни ишдан бўшатиш учун ариза олиниши шарт эмас.
САВОЛ: Бизнинг ташкилотимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилот. Штат жадвалимизда бир нечта нотўлиқ ставкадаги яъни 0.25 ва 0.50 ставкалар мавжуд. Савол: 1.0 ставкада ёки 0.50 ставкада доимий ишлаётган ходим билан тузилган мехнат шартномасига қўшимча шартнома тузиб бўш турган 0.25 ёки 0.50 ставкадаги лавозимни доимий қўшиб берса бўладими қонунга зид бўлмайдими? Мутахассислиги бўйича тўғри келади.
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 20-бандига мувофиқ ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади.
Шунга кўра, айни вақтда 1.0 ставкада ёки 0.5 ставкада доимий ишлаётган ходимга 0.25 ёки 0.5 ставкадаги бўш лавозимни “бир неча касбда ва лавозимда ишлаш” тартиби доирасида қўшимча иш сифатида юклатилиши тўғри бўлади. Юқоридаги Низомнинг 20-бандида яна айтиляптики “бир неча касбда ва лавозимда ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга шундай касб ва лавозим бўйича бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ходим томонидан вақтинчалик йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажаришда йўл қўйилади”.
Бу қоидага биноан, қўшимча иш асосий ишда ишлаётган ходимга айнан бўш иш ўрни сифатида юклатилиши тўғри бўлади. Бу билан асосий ходимга юклатилган ушбу бўш лавозимнинг ўрни бутланиб қолмайди, мақом жиҳатидан вакант бўлиб қолаверади ҳамда вақтинчалик ҳусусиятга эга бўлади.
САВОЛ: 2016 йилдан буён касалхонада кадрлар буйича инспектор вазифасида ишлаб келмоқдаман (маълумотим ўрта-махсус, касалхонада 230 дан ортиқ штат бирлиги мавжуд). Айтингчи, даволаш профилактика муассасаларининг кадрлар бўйича инспекторининг ойлик маошлари нечинчи разряд билан тўланади? Даволаш профилактика муассаса ходимларининг разрядлари белгиланган норматив хуқуқий хужжатлар борми?
ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар” тасдиқланган. Мазкур разрядлар жадвалида бюджет ташкилотларидаги олий маълумотли муҳандислар, мутахассислар ва инспекторларга 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган муҳандислар, мутахассислар ва инспекторларга 6-разряд белгиланиши кўзда тутилган.
Бу ерда “кадрлар бўйича инспектор” лавозими разрядлар жадвалидаги “инспектор” лавозимининг айнан ўзи эканлигини айтиб ўтишимиз керак. Шунга кўра, Сиз ишлаётган бюджет ташкилоти ҳисобланган тиббиёт муассасасидаги ўрта-махсус маълумотли кадрлар бўйича инспектор лавозими учун камида 6-разяд бўйича иш ҳақи тўланиши керак.
САВОЛ: Ортиқча тўланган иш ҳақи тўловлари қачон қайтарилади, қачон қайтарилмайди? Шунга тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 279-моддасига асосан иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонунни нотўғри қўлланиш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас, ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато оқибатидаги ортиқча тўловлар бундан мустаснолиги белгиланган. Ходимга у берган ёлғон маълумотлари ёки тақдим этган сохта ҳужжатлари оқибатида тўланган суммалар ундан суднинг қарори ёки ҳукми асосида ундириб олинади.
Мана шу нормаларга кўра, агар иш ҳақи ҳисоб-китобдаги хато оқибатида, яъни нотўғри ҳисоблаш натижасида ортиқча тўланган бўлса, демак бу тўловлар ходимдан қайтарилиши керак. Лекин, иш берувчи ихтиёрий равишда тўлаган, шу жумладан бирор-бир қонунни нотўғри қўллаш оқибатида тўлаган ортиқча иш ҳақи тўловлари ходимдан қайтариб олиниши мумкин эмас.
САВОЛ: Менга шу йил январь ойида 30 фоизлик интизомий жарима қўлланилган. Мен ишхонамиздаги касаба уюшмаси раисига 2 ойдан бери ариза бераман, интизомий жазоимни олиб ташланглар, раҳбарга таклиф киритинг деб. Лекин касаба уюшмаси раиси хозир карантин касаба уюшма аъзоларни тўплай олмайман, шошмай туринг деб масалани ҳал қилмаяпти. Кадримиз ҳам касаба уюшмаси кўриб чиқиши керак деяпти. Шу муаммони ҳал қилишда маслаҳатингизни беринг, илтимос.
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 183-моддаси 2-қисмига кўра интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли. Бу қоидага яхшилаб эътибор берсангиз, унда интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади ва бу масалада бевосита ходимнинг ўзи ҳам илтимоснома киритиши мумкин. Шундай экан, Сиз корхонани касаба уюшмасига мурожаат қилиб, уларнинг йиғилишини кутиб сарсон бўлишингизга умуман ҳожат йўқ. Аризани, яъни Сизга қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш тўғрисидаги илтимосномани тўғридан-тўғри иш берувчига киритишингиз мумкин.
САВОЛ: Мени ўтган хафтада рағбарим кадрлар бўлими бошлиғи билан хонага чақириб, қўрқитиб аризамни олди. Улар мени ишдан бўшатиб юборишмоқчи бўляпти. Лекин мен ишдан бўшамоқчи эмас эдим, шу тўғрими, мени мажбурлаб ариза олиб бўшатишлари мумкинми?
ЖАВОБ: Ариза унинг муаллифининг хохиш-иродасини ифода этувчи ва унинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаатдир. Шахснинг инон-ихтиёри фақат унинг ўзи билан боғлиқ эканлигини ҳамма тушиниши лозим, ариза фақат шахс истаган тақдирдагина ёзилиши мумкин, демак ходимнинг аризасида фақатгина унинг ихтиёри акс этиши керак, асло иш берувчиники эмас.
Ходимдан ишдан бўшаш тўғрисида мажуран ариза ёздириш, бу масалада унга босим ўтказиш, ёки мажбуран олинган аризага асосан ишдан бўшатиб юбориш иш берувчи томонидан йўл қўйилган қонунбузарлик, тўлиқроқ айтадиган бўлсак, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳисобланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилганда, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Агар Сиздан ишдан бўшатиш мақсадида ихтиёрингизга хилоф равишда ариза талаб қилинаётган бўлса, ҳуқуқингиз поймол қилинишига асло йўл қўйманг. Шунчаки аризани ёзиб берманг. Ўзингизга ишонсангиз ва ўзингизни ҳақ деб билсангиз, ариза ёзмангда, ишингизни давом эттираверинг.
Агар бу босим яна давом этаётган бўлса, яшаш жойингиздаги давлат ёки касаба уюшмаси меҳнат инспекциясига шикоят қилинг, бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан айбдор шахсларга нисбатан албатта чора кўрилиши мумкин.
Агар мажбуран олинган аризага асосан ишдан бўшатиб юборишган бўлса, бу ҳам мутлақо ноқонуний, агар шундай бўлган бўлса, фуқаролик судига ишга тиклаш юзасидан даъво аризаси киритинг ва ўз талабингизни исботлашга урининг. Ишончим комилки, албатта ишга тикланасиз.
Чунки, Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандига асосан судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширади.
САВОЛ: Ходимларни раҳбар ташаббуси билан ишдан бўшатишдан олдин касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олишимиз керак. Касаба уюшмасининг розилигини олиш тартибини тушунтириб берсангиз, илтимос.
ЖАВОБ: МКнинг 101-моддаси 1-хатбошисига асосан, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини интизомий жазо сифатида, иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги (Агар жамоа шартномасида бундай розилик назарда тутилган бўлса) олиниши лозим.
Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, агарда меҳнат низоси юзага келганда ва ходимнинг аризаси судда кўрилаётганда, суд меҳнат шартномасини бекор қилишнинг барча жиҳатларини диққат билан текширади, шу жумладан, касаба уюшмаси ёки ходимлар вакиллик органи розилигини олиш тартибини ҳам.
Меҳнат шартномасини бекор қилишга оид розилик олишда ҳар бир босқични тўлиқ расмийлаштириш зарур. Жумладан, МКнинг 101-моддасида келтирилган қоидаларга айнан риоя этиш, бунда иш берувчи ва касаба уюшмасининг ҳаракатлари қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилиши керак:
- Иш берувчи томонидан Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисида ёзма равишда тақдимнома киритилиши;
- Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи йиғилишида иш берувчининг тақдимномаси кворум таркибида кўриб чиқилиши;
- Иложи борича, ушбу йиғилишга ходимнинг ўзини ҳам жалб қилиш ва унинг фикрини эшитиш;
- Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг ёзма йиғилиш баённомасини расмийлаштириш ва тегишли қарор чиқарилишини таъминлаш;
- Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи бўйича қабул қилган қарори ҳақида, иш берувчига ёзма равишда хабарнома бериш;
- Хабарномага қабул қилинган қарордан кўчирма ёки унинг нусхасини илова сифатида тақдим этиш;
- Хабарнома меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномаси олинган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида тақдим этилиши;
- Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилиши керак.
САВОЛ: Мен давлат унитар корхонасида бош бухгалтер бўлиб ишлайман. Ҳозир фарзандимни 2 ёшгача бўлган парваришлаш таътилидаман. Ишимни яхши кўраман. Шунинг учун раҳбарим, бола парваришдаш таътилида бўлсам ҳам, ишимни давом эттиришимни сўраяпти. Шунга мени ўйлантираётган муаммо, мен ишлаб туриб, бир вақтда иш ҳақини ва бола нафақасини олишим мумкинми, ёки улардан фақат биттаси тўланадими?
ЖАВОБ: «Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги (рўйхат. № 1113, 14.03.2002 й.) низомнинг 6-бандига асосан “ишловчи оналар (онанинг ўрнини босувчи шахслар) тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаётган вақти учун бола парвариши бўйича нафақа ва иш ҳақини бир вақтда олиш ҳуқуқига эга” дейилган.
Шунга асосан, албатта иш берувчи билан келишиб, тўлиқ бўлмаган иш графигини белгилаб олсангиз ёки тўлиқ иш графиги бўлгани ҳолда, уйдаги иш режимига ўтиб ишласангиз, албатта бажарган меҳнатингиз учун иш ҳақини ҳам олишингиз мумкин, кейин фарзандингиз 2 ёшга тўлгунига қадар белгиланган нафақа тўловини ҳам олишингиз мумкин бўлади.
САВОЛ: Мен қишлоқ врачлик пунктида хамшира лавозимида ишлар эди. 2018-йил январ ойида туғруқ таътилига чиққандим. 2020-йил феврал ойи фарзандим тўлиқ 2 ёшга тўлди. Мен яна қайтиб иш сўраб борганимда менга иш ўрни йўқ дейишди. Ва яна 1 ойлик бессадержания бериб мажбурлаб ариза ёздириб олишди.Маслаҳат беринг мен яна қайтиб ишга чиқишга ҳаққим борми?
ЖАВОБ: Албатта, қайтиб ишга чиқишга ҳаққингиз бор ва бу ҳолатда иш берувчи Сизни ўз ишингизга қайтаришга мажбур.
Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади. Мана шу қоидага асосан, Сиз ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан сўнг, фарзандингиз икки ёшга тўлгунига қадар бола парваришлашт таътилига чиқиб кетгансиз.
Болангиз икки ёшга тўлгандан кейин жараён қандай бўлиши кераклиги хақида тушунтирамиз.
Ишхонангиздаги болангизни 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилига чиқиш тўғрисидаги буйруққа қарасангиз, унда таътилнинг сўнгги даври ва ишга чиқиш вақтингиз кўрсатилган бўлади.
Қоида бўйича таътилнинг сўнгги даври болангизнинг айнан 2 ёшга тўлган вақти билан бир хил бўлади.
Бу борада МКнинг 234-моддасида бир қоида бор. Яъни аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Демак, болангиз роппа-роса 2 ёшга тўлдими, шу муддатнинг эртасидан Сизни ишга чиқиш вақтингиз юзага келади, айни шу вазиятда фақат Сиз истасангизгина, иш берувчи Сизни болангиз 3 ёшга тўлгунига қадар бўлган иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқариши мумкин бўлади.
Агар, Сиз ўз ишингизни давом эттиришингизни истасангиз, бунда иш берувчи Сизни болангиз 2 ёшга тўлган кундан, яъни таътилнинг сўнгги кунидан эртанги кун билан ўз лавозимингизга (ўз ишингизга) қайтариб, иш билан таъминлаши шарт бўлади. Чунки, юқоридаги 234-моддада 5-қисмидаги қуйидаги қоидани келтириб ўтамиз: “болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади”.
САВОЛ: Мен кўп тармоқли поликлиника филиалида мудир бўлиб ишлайман. Кеча 1 июнь куни туман Марказий кўп тармоқли поликлиникада ишлайдиган 2 та шифокор бизнинг филиалдан қўшимча 0,5 ставкадан иборат бўлган мактаб шифокори лавозими юклатилганлиги тўғрисидаги Марказий поликлиникамизнинг буйруғи билан менинг ёнимга келди. Бу лавозимлар мен раҳбарлик қиладиган филиалга ва ҳудудга тегишли эди. Юқори ташкилотимиз – Марказий кўп тармоқли поликлиника раҳбарининг буйруғи бўлганлиги учун мен уни ижро қилиш учун қарасам, буйруқ 2020 йил 16 апрелдан чиққан экан. Энди мен бу иккита ходимга 1 июндан эмас, 16 апрелдан табель ёзиб беришим керак экан, лекин бу буйруқлардан мен кечаги кунга қадар ҳабарим бўлмаган. Туман бош шифокорига, Марказий кўп тармоқли поликлиника мудири ва бош иқтисодчи билан гаплашсам улар, бу ходимларга 16 апрелдан қўшимча табель ёзиб беришингиз керак дейишяпти. Шу тўғрими? Илтимос шу саволимга жавоб берсангиз.
ЖАВОБ: Марказий кўп тармоқли поликлиникада фаолият юритувчи икки ходимга, шу поликлиника мудирининг буйруғи билан Сиз раҳбарлик қиладиган филиалдаги мактаб шифокори лавозими қўшимча ставка асосида юклатилган.
Саволга жавоб беришдан аввал юқоридаги вазиятга алоқадор бўлган шахсларнинг мавжуд ҳуқуқий ҳолатига аниқлик киритиб ўтсак.
- Биринчи, мактаб шикофори вазифаси юклатилган ўша икки нафар ходимлар.
Уларнинг алоқадорлиги ва ҳолати қуйидагича: улар буйруқнинг нусхасини олган кунданоқ, яъни 16 апрель кунидан Сизнинг олдингизга келиб, филиал мудири сифатида Сиздан тегишли топшириш ва кўрсатмаларни қабул қилиб, ўзлари бириктирилган мактабларда ўша кунданоқ иш бошлашлари лозим эди.
- Иккинчиси, Сизнинг, яъни туман Марказий кўп тармоқли поликлиника таркибига кирувчи филиал мудирининг масаласи.
Сизнинг ҳолатингиз шундайки, филиал мудири сифатида юқори ташкилотнинг марказ ходимларига мактаб шифокори вазифасини юклатиш тўғрисидаги 2020 йил 16 апрелдаги буйруқ нусхасини айнан ўша куни, яъни 16 апрель куни ижро учун қабул қилиб, ўзингизнинг ички буйруғингизни чиқаришингиз керак эди. Бунда юқоридаги ходимларга мактаб шифокорининг вазифаларини таништириб, уларни тегишли мактабларга бириктириб, у ердаги меҳнат фаолиятини ташкил қилиб беришингиз керак эди.
- Учинчиси, мактаб шифокори вазифаси амалга ошириладиган жой, яъни тегишли мактабнинг директори, ёки ўша мактабнинг меҳнат жамоаси.
Уларнинг алоқадорлиги шундаки, мактаб шикофори вазифаси юклатилган ходимлар ўзларига бириктирилган мактабларда 16 апрелдан иш бошлаган ёки бошламаганлигидан мактаб раҳбарияти ҳабадор бўлиши керак ва улар буни албатта тасдиқлаши лозим. Улар 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 июнга қадар бўлган даврда буни, яъни мактаб шифокори ишларининг бажарилганлигини тасдиқлайдиларми?
Тушунишимизча, 2020 йил 16 апрелда буйруқ чиқарилган бўлсада, буйруқ билан мактаб шикофори вазифаси юклатилган ходимлар, амалда апрель-май ойларида ўзлари бириктирилган мактаблардаги вазифаларига киришмаган. Яъни, амалда бу бўйича ҳеч қандай меҳнат фаолияти бажарилмаган. Шундай экан, меҳнат қилинмаган давр учун ўша ходимларга ҳеч қандай табель тўлдириб берманг, бу давлат маблағларининг ўзлаштирилиши бўлиб қолади, бунинг жавоби оғир бўлиши мумкин.
Юқори ташкилотингиз масъуллари бу борада асоссиз талаб қўймоқда деб ҳисоблайман, шу сабабли уларга давлат маблағларини асоссиз ишлатилмаслиги юзасидан ўзингизнинг расмий эътирозингизни билдиринг.
САВОЛ: Бизда муддатли меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган бир ходимимизни шартнома муддати тугашига ҳали 6 ой бор. Бу ходим ариза ёзиб, ўз аризасига асосан ишдан бўшамоқчи бўляпти. Бироқ юристимиз бу ходимни меҳнат шартномаси муддатли эканлигини айтиб, у ходим ўз аризаси билан ишдан бўшай олмаслигини айтяпти. Шу муаммо масаласида маслаҳат берсангиз.
ЖАВОБ: Йўқ, бу ерда бироз хато фикр билдирилган. Меҳнат кодексининг 99-моддаси 1-қисмига асосан ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир.
Бу қоидадан кўриб турибсизки, ходим нафақат номуайян муддатли меҳнат шартномасини, балки муддатли меҳнат шартномасини ҳам муддатидан олдин, ўз ташаббуси билан бекор қилишга ҳақли. Шунга кўра, бу ерда юристнинг фикри ноўрин ва муддатли шартнома бўйича ишлаётган ходим агар ариза ёзса, иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши керак бўлади.
САВОЛ: Бизда гинекология бўлимимизда бир нафакадаги хамшира 55 ёшга тулган, хозирги кунда ишлаяпти, касаба уюшма розилик берган, у бўлса оилавий шароитини хисобга олиб, 3 , 4 ой муддатга ишлашга рухсат сураяпти. Оиласида ундан бошка 2 нафар фарзанди ва 1 та келини давлат ташкилотида ишлайди. Ходимнинг оилавий шароитини хисобга олиб Мехнат кодексининг 100 моддаси 2 кисми 7 бандини кўлламаслик мумкинми?
ЖАВОБ: Ҳақиқатдан ҳам, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 7-бандига асосан ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин. Бу ерда меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал, ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжудлиги келтирилган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасига биноан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
- эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
- аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Умуман, ходимларни уларнинг пенсия ёшига етганлиги ва пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганлик важи билан, яъни Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан ишдан бўшатиш – бу иш берувчининг мажбурияти эмас, балки унинг ҳуқуқидир. Негаки, МКнинг 100-моддаси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш – бу иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш ҳисобланади.
МКнинг 97-моддаси 2-бандига кўра, иш берувчининг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги ташаббуси меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлган сабаблардан бири сифатида кўрилади. Бу ерда “мумкин” деганда, иш берувчининг ҳуқуқи, инон-ихтиёри тушунилади.
Демак, пенсия ёшига тўлган ва ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи юзага келган ходимни иш берувчи истаса ишдан бўшатади, истамаса, умуман бўшатмасдан, яна кўп йиллар давомида ҳам ишлатиши мумкин.
САВОЛ: Касаба уюшмаси аъзолари бўлган ходимларга интизомий жазо қўллаш юзасидан тушунтириш берсангиз.
ЖАВОБ: Иш берувчилар томонидан касаба уюшмалари органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо қўллаш масалалари Ўзбекистон Республикасининг 06.12.2019 йилдаги ЎРҚ-588-сонли “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни (08.03.2020 йилда кучга кирган)га асосан амалга оширилиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ қуйидагиларга интизомий жазо берилиши мумкин эмас:
- касаба уюшмаси органи таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга — шу органнинг розилигисиз;
- ташкилот бўлинмаларидаги касаба уюшмалари органларининг раҳбарларига — тегишли касаба уюшмаси органининг розилигисиз;
- ташкилотдаги касаба уюшмалари органларининг раҳбарларига — тегишли касаба уюшмалари бирлашмасининг розилигисиз.
Мазкур модданинг 2-қисмида касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахслар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари:
- улар аъзо бўлган касаба уюшмаси органининг розилиги олдиндан олинган ҳолда йўл қўйилади;
- ташкилот касаба уюшмаси органининг раиси билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга эса бундан ташқари тегишли касаба уюшмалари бирлашмасининг шундай розилиги олинган тақдирда йўл қўйилади.
Бундан ташқари, юқоридаги Қонуннинг 17-моддасига асосан, касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга:
- иш берувчининг ташаббусига кўра интизомий жазо беришга;
- улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга;
Шунингдек, касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан кейин икки йил ичида иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмасдан туриб йўл қўйилмайди.
САВОЛ: Мехнат кодексининг 233-моддасига асосан хомиладорлик ва туғиш таътилига кетган ходимнинг ўрнига бошқа ходимни ишга қабул қилиш мумкинми? Мумкин булса, қайси қонун нормаларига асосан?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Яъни, аёлларга бериладиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ижтимоий таътил тури ҳисобланади ҳамда бунда аёл ходим бутун таътил даврида ишда бўлмайди.
Меҳнат кодексининг 105-моддаси 3-қисмига кўра, иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади.
Демак, бу қоидага мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган ходимнинг ишда бўлмаган даврига мос равишда – муддатли меҳнат шартномаси асосида, яъни ҳомиладорлик ва туғиш таътили якунига қадар бошқа бир ходимни ишга қабул қилиш мумкин, деган фикрдамиз.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: