«Иқлим ўзгариши ва Орол денгизи инқирози: касаба уюшмаларининг муносиб меҳнат ва жамоат саломатлигини таъминлашдаги роли» мавзусида ҳалқаро конференция бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 25-26 март кунлари Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Оқ кема” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро Меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ILO AKTRAV)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё сектори, Жамоат хизмати Интернационали Европа Федерацияси (EPSU) ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши хамкорлигида “Иқлим ўзгариши ва Орол денгизи инқирози: касаба уюшмаларининг муносиб меҳнат ва жамоат саломатлигини таъминлашдаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ишида тадбир ташкилотчилари билан биргаликда Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди. Конференция ишида қатнашган Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Монголия соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари, Руминиянинг “Sanitas”, Қозоғистоннинг “Aqniyet” ва “QazMed”соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистоннинг экология, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва бандлик ва меҳнат соҳалари бўйича вазирликлари мутасаддилари, “Оролни қутқариш халқаро жамғармаси” вакиллари, эколог олимлар бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари 2 кун давомида мавзу бўйича муҳокамаларда фаол иштирок этдилар.
Аҳамиятлиси, тадбир аввалида 23-24 март кунлари иштирокчилар Мўйноқ шаҳридан қуриган денгиз туби бўйлаб йўлсиз ва мутлақо экстремал шароитларда йўлтанламас автомобилларда деярли 180 км йўл босиб Орол денгизининг, аниқроғи ундан қолган қисмининг соҳилигача бориб Орол денгизи фожиасини асл кўламидан бир қисмини ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлдилар. Тадбир иштирокчилари шу жойнинг ўзида она табиатни асраш йўлида бирдамлик акциясини ташкил қилдилар, Мўйноқ шаҳридаги “Кемалар қабристони”да “Табиатни асрайлик” мавзусида дунё жамоатчилигига, бутун дунё касаба уюшмаларига, касаба уюшмалари аъзоларига нисбатан чақириқ флешмоби ўтказилди.
Тадбир давомида мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий харакати хақида кенг маълумот берилди. Эколог олимлар, мутасаддилар томонидан иштирокчиларни қуриган денгиз тубидан ҳар йили кўтарилаётган миллионлаб тонна қум заррачалари ва тузларни тутиб қолиш, экологик фожиа оқибатларини юмшатиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган қуриган денгиз тубида яшил қопламалар яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди. Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан яхши ният билан қуриган денгиз тубига 1000 тупдан ортиқ саксавул кўчатлари экилди. Шунингдек, акция давомида экиш ишларига трактор техникалари, дельтаплан ва самолётлар ёрдамида чўл буталари уруғлари экилиши ташкил қилинди.
Конференцияда асосий маъруза сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари маърузалари тинланди. Олимлар Орол денгизи инқирозининг асл моҳияти ва уни бартараф этиш омиллари бўйича вазирлик ва идоралар инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича соҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар бердилар. Иштирокчилар томонидан глобал иқлим ўзгариши шароитларида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар юзасидан фикр алмашдилар.
Конференция якунида Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёв ташаббуси билан амалга оширилаётган ибратли ишлар эътироф этилган холда, дунё жамоатчилиги, бутун дунё касаба уюшмаларини эътиборини фожиа оқибатларини юмшатишга қаратиш, юртимизнинг атроф-муҳитига, ҳавосининг ифлосланиб боришига эътиборсиз бўлмаган, ижтимоий фаол аҳоли, айниқса касаба уюшмаси аъзолари ва фаолларига Орол денгизи тубида фожиа оқибатларини юмшатишни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Кўпшериклик трастфондини қўллаб-қувватлашга чақирилди.
Print Friendly, PDF & Email