Соғлиқни сақлаш ходимлари манфаатларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари ўртасида тажриба алмашинуви.

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳри ҳамда Қозоғистоннинг “AQNIET” соғлиқни сақлаш ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг Остона шаҳри кенгашлари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида “Соғлиқни сақлаш ходимларини манфаатларини ҳимоя қилиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

Мазкур давра суҳбати Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг мажлислар залида бўлиб ўтмоқда. Қозоғистоннинг касаба уюшмасидан Остона шаҳар кенгаши раиси Тё Наталья Елисеевна бошчилигида 15 нафарлик делегация иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Г.Тохтаева ўз кириш сўзида мазкур давра суҳбатининг аҳамиятини таъкидлар экан, COVID-19 пандемияси даврида тиббиёт ходимлари юзма-юз келган қийинчиликлар, хавф-хатарлар ва фидокорона меҳнатни эслатиб ўтди. У, шунингдек, бундай халқаро тажриба алмашиш платформалари соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иш шароитларини яхшилаш йўлида муҳим ўрин тутишига урғу берди. Г.Тохтаева иштирокчиларни фаол мулоқотга чорлаб, тадбирнинг самарали ўтишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Г.Тошпулатова ўз маърузасида Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш ходимларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. У, биринчи навбатда, тиббиёт ходимларининг иш шароитларини яхшилаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини кучайтириш бўйича кўплаб ташаббуслар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у касаба уюшмаси томонидан ташкил этилаётган турли тренинглар, семинарлар ва ҳуқуқий билимларни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

Республика Кенгашининг бош меҳнат ҳуқуқ инспектори О.Адилов ўз маърузасида меҳнат инспекциясининг ташкил этилиши, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, шунингдек, уни ташкил этиш жараёнида амалга оширилган ишлар ва бу борада эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, у меҳнат инспекцияси фаолиятининг амалиётдаги самараси ва Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашди.

Республика Кенгашининг бош меҳнат техник инспектори З.Алиев ўз маърузасида соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, тиббиёт муассасаларида ишчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, замонавий стандартлар асосида тайёргарлик ва ўқувларни ташкил этиш, касбий хавф-хатарларни камайтириш, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш ишлари изчил олиб борилаётганини таъкидлади.

Давра суҳбати якунида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси касаба уюшмаси қўмитасининг иш фаолияти билан яқиндан танишиш режалаштирилган.

Print Friendly, PDF & Email