«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сонли Фармонига асосан Жамғарма томонидан ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларидаги истиқболли мутахассислар, шу жумладан педагоглар ва илмий кадрларни танлаб олиш ва таълим олишини ташкил этиш мақсадида ҳар йили магистратура, докторантура, стажировка ва малака ошириш дастурларига танлов эълон қилиб боради.

Жамғарма стипендиялари ҳар йили тасдиқланадиган дастурларга мувофиқ етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда (дунёнинг юқори 500 талик университетлари) магистратура дастури асосида таълим олишга 1-2 йил муддатга ажратилади.

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ магистратура дастури бўйича ўтказилаётган танлов ҳақидаги эълон ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашига энг камида бир ой қолганда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет нашрлар ва Жамғарманинг веб-сайтига жойлаштирилади.

Стипендиялар сони ҳар йили бюджетдан ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар миқдорига мувофиқ белгиланади.

Танлов йўналишлари (мутахассиликлар) вазирлик ва идоралар эҳтиёжидан келиб чиқиб ишлаб чиқилади ва Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан ҳар бир танлов учун алоҳида тасдиқланади.

Жамғарма танловида қатнашиш учун номзод магистратура дастури учун 23 ёшдан катта ва 40 ёшдан кичик бўлиши, хорижда таълим олиш учун танланган мутахассислик бўйича камида 2 йиллик меҳнат тажрибасига, шу жумладан педагогик стажга эга бўлиши ҳамда чет эл олий таълим муассасаси талаб қилган даражада чет тилини билиши талаб этилади.

Хорижда магистратура дастурида таълим олиш учун танловлар бир неча босқичда амалга оширилади ва Жамғарма Васийлик кенгашининг танлов натижаларини тасдиқлаш ҳақидаги қарори танловдан сўнг бир ой муддат ичида эълон қилинади.

Жамғарма танловидан мувоффақиятли ўтган стипендиатларга таълим олиш билан боғлиқ бўлган, жумладан хорижий таълим ва илмий муассасаларда стипендиатларни ўқитиш қиймати тўлови, стипендиатлар томонидан виза олиш, стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситалари билан таълим олиш жойига бўлган йўлкира харажатлари, хорижий мамлакатда таълим олиш даврида стипендиатларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари, зарур ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш, шу жумладан дарсликлар харид қилиш, илмий мақолалар чиқариш, мақолалар ва илмий адабиётларнинг электрон базасига обуна бўлиш, хорижда таълим олиш даврида стипендиатларни тиббий суғурталаш ва бошқа харажатлар тўлаб берилади.

Стипендия дастурларига оид маълумотларни жамғарманинг веб сайти орқали олишингиз мумкин:

https://eyuf.uz/uz/

Print Friendly, PDF & Email