2019 йилнинг 3-8 март кунлари Италиянинг Турин шаҳрида Халқаро Меҳнат Ташкилотига қарашли Халқаро Ўқув Марказида “Бандликнинг “янги” шакллари билан ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш (“Обеспечение защиты прав работников с “новыми” формами занятости”) га бағишланган малака ошириш курсларида Фарғона вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши аппарати юридик бўлими мудири Қозихонова Орзигул Мўйдиновна ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М.М.Захидовлар муваффақиятли малака ошириб қайтдилар.
Ушбу ўқув курсларида Албания, Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Монтенегро, Молдова, Россия, Сербия, Тожикистон, Украина, Югославия ва Македония давлатларидан иштирокчилар қатнашишди.
Мазкур ўқув курсига Эвелин Тот Муччаччаро – дастурнинг катта мутахассиси рахбарлик қилди. Бундан ташқари ўқув машғулотлари бир қатор халқаро нуфузга эга бўлган мураббийлар – Андреас Клеммер, Олена Важинска, Даниэле Вико, Эмануэла Бона, Жанин Берг, Сергиус Гловацкас, Мартина Хамбле, Майкл Ватт, Оксана Вольфсон, Алессандра Ассенца, Кристина Дж. Колклаф, Кьяра Манчини, Харри Талигалар томонидан юқори савияда олиб борилди. Маърузалар инглиз ҳамда рус тилларида ўқиб эшиттирилди. Бунга қўшимча равишда синхрон таржимонлар ҳам узлуксиз ишлаб туришди.
Дастурнинг асосий йўналиши меҳнат соҳаасида яқин келажакда юзага келиши мумкин бўлган қатор муаммолар, шу жумладан ахборот коммуникацион технологиялар ривожланиши оқибатида ишлаб чиқариш жараёнларининг автоматлаштирилиши ҳисобига ишчи кучларига бўлган эҳтиёжнинг камайиб кетиши ёки йўқолиши, бунинг оқибатида эса ишсизлик сонининг ортиши, бу борада Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан илгари сурилаётган Стратегия ва ғоялар, рақамли меҳнат платформалар, рақамли иқтисодиётнинг аҳамияти, ностандарт бандлик турлари, меҳнат қонунчилигида кутилаётган ислоҳотлар, гендер тенглиги, касаба уюшмасига аъзоларнинг бандликнинг янги турлари ва шакллари билан жалб қилиш ва бу борада касаба уюшмаларининг стратегияси каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир маърузачининг чиқишидан сўнг олинган билимлар амалий машғулотлар орқали мустаҳкамлаб борилди ва ўқув курси сўнггида ўтказилган имтихондан ҳамкасбларимиз юқори балл олишга муваффақ бўлишди ҳамда тегишли сертификатларни қўлга киритишди.