Ҳар бир таклиф чуқур ўрганилмоқда
Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар концептуал жиҳатдан маъқуллаган ва Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.
Қонун лойиҳасини маромига етказишда аҳолининг муносабатини ўрганиш, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олиш, яъни қонун ижодкорлиги фаолиятига фуқароларимизни кенг жалб қилиш мақсадида қонун лойиҳасининг матни Қонунчилик палатасининг веб-сайти – «parliament.gov.uz»га жойлаштирилди, шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясининг расмий нашри – «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида чоп этилди. Шундан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушаётгани инобатга олиниб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қонун лойиҳасининг муҳокамаларини ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Наманган вилоятида ташкил этилган жамоатчилик муҳокамаси чоғида ҳукм сурган фаоллик ҳар икки тараф – қонун ижодкорлари ва касаба уюшмаси етакчилари учун ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Муҳокама йиғилишида Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов, ЎзКУФ раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Маткаримов, қонунчилик палатаси депутатлари, касаба уюшма фаоллари, ОАВ вакиллари қатнашди.
– Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш қонун ижодкорлигидаги ижобий қадамлардандир, – дея таъкидлади Ф.Маткаримов. – Авваллари, қонун қабул қилингач, тарғибот ишлари амалга оширилган. Энди эса лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилиб, фикрлар, таклифлар жамланмоқда. Қонун лойиҳаси шу тарзда пишитиб борилмоқда. Бу нафақат қонун ижодкорлари иш сифатининг ошиши билан боғлиқ жараён, балки қонунни амалиётга қўллашдан манфаатдор тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда лўнда, аниқ асосларни шакллантириш жараёни ҳамдир.
– Бугун тараққиёт шиддати тезлашди, замон, имконият ва меҳнат шароитлари тубдан ўзгариб бормоқда, – деди ЎзКУФ раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев. – Меҳнат шароити ва меҳнат муносабатларининг янгича тамойиллар асосида ташкил қилинаётгани эса ўз-ўзидан ходимлар манфаатини ҳимоя этишда янгича услубларга таянишимизни тақозо этмоқда. Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган даврдан (1992 йилдан) бери кўп нарсалар ўзгарди. Рақамли иқтисодиёт ва ишга ҳақ тўлашнинг замонавий шакллари пайдо бўлган бугунги кунда мазкур қонун имкониятлари чекланиб қолди. Ҳаётий зарурат янги қонунга эҳтиёжимиз борлигини кўрсатиб берди. Бугун жойларда янги қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, ҳудудлардан касаба уюшмасининг фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан кўплаб таклифлар берилмоқда. Демакки, ташкилотимизнинг бундан кейинги фаолиятида ҳуқуқий дастак, янада ривожланишимиз учун асос бўлувчи ҳужжат тақдирига дахлдорлик ҳисси ортгандан ортиб бормоқда. Орамизда шундай сафдошларимиз қанча кўп бўлса, аъзолар манфаатини ифода этиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда бирдамлигимиз ҳам яққолроқ намоён бўлиб бораверади. Бугунги муҳокама ҳам мана шу мақсадга хизмат қилади.
Муҳокамалар аввалида сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, академик Акмал Саидов, Қонунчилик палатаси депутати Абдуллажон Ҳамроқулов, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни, мақсад, зарурат ва ундаги янгиликлар ҳақида кенг тушунча бердилар.
– Мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва қўллаш амалиёти чуқур таҳлил этилди, – деди А.Саидов. – Касаба уюшмалари билан ишлашда қандай муаммолар бор, тўсқинликлар қаерда – айни шу масалаларни ўрганишга эътибор қаратилди. Лойиҳа ижодкорлари сифатида касаба уюшма фаолларидан бир нарсани эътибордан четда қолдирмасликларини сўрардик. Бундан кейин мазкур қонун билан касаба уюшмалари ўз аъзоларининг манфаатини ифода этувчи ташкилот сифатида ижтимоий шериклари, халқаро термин билан ифода этганда, трипартизм вакиллари билан ходим манфаати юзасидан судларгача бориши мумкин. Шунинг учун ҳам мазкур қонун аниқ, лўнда, тушунарли бўлиши лозим. У фаолиятингизни тўлиқ ва изчил амалга оширишингизда, етарли, зарур ҳуқуқий макон, асос бўлиб хизмат қилиши керак. Биз сизга шуни яратиб бериш учун изланмоқдамиз, жойларга чиқиб бевосита аъзолар билан ишловчи бошланғичлар, турли даражадаги ҳудудий кенгашлар вакилларининг таклифларига қулоқ тутмоқдамиз.
Эътибор қилинса, қонунимизда иккита ҳуқуқ назарда тутилган: ҳам моддий ҳуқуқ (сизларнинг ҳуқуқингиз) бор, ҳам концессуал ҳуқуқ (қўллаш амалиёти). Биз мана шу икки жиҳатни қамраб олишга ҳаракат қилдик. Айрим шундай қонунлар борки, унда моддий ҳуқуқ назарда тутилади, бироқ ҳаётга татбиқ этиш амалиёти йўқ. Ва ёки аксинча. Биз мана шу камчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилдик. Бунинг учун етарлича тажрибалар жамланди: бунда, авваламбор, ўзимиздаги миллий-ҳуқуқий қонунчилик ва амалиётга асосландик. Иккинчидан, хорижий тажриба. Ғарб, Шарқ, МДҲнинг бу борадаги тажрибаларини кузатдик, керакли жиҳатларини ўзимизга олдик. Учинчидан, халқаро стандарт. Бунда ХМТнинг конвенциялари билан чекланиб қолмадик. БМТнинг қатор пактлари, универсал халқаро шартномаларига таяндик. Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига қўйилди. Муҳокамага киритилгунга қадар тўртта ҳужжат тайёрладик. Биринчиси, қонун лойиҳаси, иккинчиси, лойиҳанинг концепцияси ёки тушунтириш хати дейилади. Учинчиси, хорижий тажриба, тўртинчиси, халқаро стандартларга қай даражада мувофиқлигини асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Бунда Ўзбекистоннинг ўзи қўшилган халқаро ҳужжатларга, ратификация қилинган Конвенцияларга мувофиқлигига таяниб иш тутилди.
Бугунги муҳокамадан кўп нарса кутмоқдамиз. Тўғри, берилаётган таклифлар юз фоиз қабул қилинмаслиги мумкин, аммо ишчи гуруҳимиз билан ҳар бир таклиф чуқур ўрганиб чиқилиши, лозим топилганлари ҳужжатда акс этишига ваъда берамиз. Ишчи гуруҳ фақатгина депутатлардан иборат эмас, унда Касаба уюшмалари ташкилотлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳам жараёнда тўлақонли иштирок этишади.
Қонун лойиҳаси амалиётчилар, яъни касаба уюшма фаоллари томонидан бир қанча таклиф, ўзгартириш ва қўшимчалар узоқ вақт мобайнида пишитиб борилди, муҳокама чоғида ўртага ташланиб, қонун ижодкорларининг муносабатлари эътиборга олинди. Фикрларнинг айримлари қайтадан кўриб чиқиш учун қайд этилган бўлса, айримларига ҳуқуқий принциплар нуқтаи назаридан асословчи жавоблар берилди.
– Янги қонун лойиҳаси соҳа фаолларида янги-янги режаларни, ташаббускорликни намоён этмоқда, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев. – Йиллар давомида бизга халал бериб келган тўсиқлардан холи муҳим ҳужжатни яратиш жараёнида иштирок этмоқдамиз. Бу эса, бевосита амалиётчи сифатида қатор таклифларни пайдо қилаётир. Хусусан, 13-моддага «Касаба уюшмалари фаолияти бўйича ўз аъзоларининг олдида ҳисобдордир. Унинг аъзолари касаба уюшмаларининг асосий фаолият йўналишлари, касаба уюшма маблағларининг сарфланиши бўйича маълумот олиш, фаолиятни яхшилаш юзасидан тегишли таклифлар киритиш хуқуқига эгадирлар», деган қўшимчани таклиф этамиз. Чунки қонунда касаба уюшмалари фаолиятида очиқлик деб номланмоқда, лекин унда касаба уюшмаларининг аъзолари олдидаги ҳисобдорлиги кўрсатилмаяпти. Қолаверса, аъзоларнинг касаба уюшма маблағларининг сарфланиши бўйича маълумот олиш, фаолиятни яхшилаш юзасидан тегишли таклифлар киритиш ҳуқуқига эгалиги қонунийлаштирилмоқда.
16-модданинг 6-хатбошисида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, шунингдек, иш берувчиларнинг раҳбарлари касаба уюшмасини, уларнинг бирлашмаларини тузишга ташаббускор бўлишлари, шунингдек, касаба уюшмаларининг аъзоси бўлишлари мумкин эмас», дейилган. Биз эса мазкур хатбошининг охири «касаба уюшмалари органларининг раҳбари бўлишлари мумкин эмас» деб ўзгартиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
56-моддаси 4-хатбошидан кейин «Уларнинг бу вақт оралиғидаги мутахассислик бўйича иш стажи ва малака тоифаси узлуксиз давом этган ҳисобланади» тарзидаги янги хатбоши киритишни мақбул ҳисоблаймиз. Чунки амалиётда асосий ишидан озод этилган бошланғич ташкилотларнинг мутахассислиги ва малака тоифасида узилиш пайдо бўлмоқда. Бу банд асосий ишдан озод этилган бошланғич ташкилотлар сони кўпайишига ҳисса қўшган бўларди.
– Биз жамоатчилик муҳокамасига тайёрланиш чоғида тармоғимиздаги ҳар бир етакчи билан суҳбатлашдик, таклифларини жамлашга ҳаракат қилдик, – дейди АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Икромхон Шарафиддинов. – «Кенгашли тўй тарқамас», дейишади. Истардикки, таклифларимиз қонун нормаларига мослаштирилиб, амалиётга жорий этилса… Бугунги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, аксарият хусусий сектор вакиллари ходимлар манфаатини ифода этувчи касаба уюшмаларини тузишни хоҳламайди. Нафақат хорижий шериклар, ҳатто маҳаллий тадбиркорлар ҳам мазкур жамоат ташкилотини ортиқча «бошоғриқ» ҳисоблайди. Нари борса 600-700 минг сўмлик ойлик бериб, 14-15 соатлаб ишлатувчи тадбиркорлар анчагина. Айнан шулар касаба уюшмаси тузилса, камчиликлари юзага чиқишидан чўчишади.
11-моддага «Касаба уюшмалари тармоқ ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларга ихтиёрий асосда аъзо бўладилар ва ҳамкорлик шартномаси асосида фаолият юритадилар», деган қўшимча киритишни таклиф этамиз. Сабаби, амалиётда айрим тармоқлар (бирлашган қўмита)ларнинг тенг ҳуқуқлиги механизми таъминланмаётган ҳолатларга дуч келинмоқда.
35-моддага «Тегишли давлат органлари ёки иш берувчилар касаба уюшмаларига қонунчиликда белгиланган тартибда ахборотларни бермаган тақдирда ёки уларни муҳокама қилишдан бош тортган тақдирда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар» тарзида қўшимча киритишни, шунингдек, мазкур модданинг 3-хатбошисидаги «имкон даражасида қисқа муддат» иборасини аниқ рақам билан алмаштиришни таклиф қиламиз. Чунки айрим ташкилотлар касаба уюшмасининг сўровини эътиборсиз қолдиришларига, тегишли муддатларда жавоб қайтармаслигига кўп бора дуч келмоқдамиз. Аниқ муддат ва жавобгарлик масаласи бу муаммога ечим бўлар эди.
Касаба уюшмалари инспекциялари ходимларига корхона, ташкилотларда аниқланган ноқонуний буйруқ, қарор ва фармойишларни бекор қилиш ва қонунга мувофиқлаштириш бўйича протест киритиш ва бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш, аниқ таъсир чоралари қўллаш ваколатлари берилиши масаласини ҳал этишни ҳам таклиф қиламиз. Шунда камчиликларни ўз ўрнида бартараф этиш механизми юзага келади.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар бир қатор таклифларни ўртага ташлашди. Уларнинг ёзма жамланмаси лойиҳани янада мукаммаллаштиришда фойдаланиш учун Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этилди. Таъкидландики, ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик ифодаси бўлган таклифларни қабул қилиш жараёни давом этади.