“Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат” шиори остида ўтказилаётган махсус ҳафталик Наманган вилоятида ҳам ўзига хос тарзда ўтказилди.
Хусусан, 22 апрелдан бошлаб “Наманган тола” МЧЖда семинар-тренинг, “Намангандонмаҳсулотлари” АЖда давра суҳбати, Норин туманидаги маданият ва истироҳат боғида “Зукко ёшлар мусобақаси”, НамДУ талабалари ўртасида “Соғлом ва хавфсиз меҳнат” мавзуидаги тарғибот акцияси, Тўрақўрғон туманида “Энг яхши меҳнат шароитлари” фотокўргазмаси ташкил этилди.
Ҳафталикка вилоят касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмасида мутасадди идоралар вакиллари ва касаба уюшма фаоллари иштирокидаги давра суҳбати якун ясади.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ойбек Эгамов, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев, ЎзКУФ матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова, ВКУТБ раиси Шуҳрат Мусаев иштирок этди.
Давра суҳбатида муаммоли саволлар ўртага ташланиб, уларга мутасаддилардан жавоб олинди.
— Меҳнат масалаларида қонунчилик тизимимизни такомиллаштириш борасида қилинадиган ишларимиз мавжуд, — дейди саволга жавобан О.Эгамов. – Хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижга ишлаш учун йўналтирилаётган ҳамюртларимизнинг меҳнат хавфсизлиги масалалари ҳам кун тартибида турибди. Шунинг учун қонунчиликка бу борада тегишли ўзгартиришлар киритилиши устида иш олиб бормоқдамиз. Янги-янги меҳнат турлари пайдо бўлгани сари ишлаш шароитлари, ходимларнинг хавфсизлиги борасидаги меъёрий ҳужжатларга ҳам ўзгартиришлар киритилиши замон талабидир.
Иш ўринларини шаҳодатлаш масаласи ҳам доимий кун тартибида. Бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан Бандлик бош бошқармаси бош Давлат меҳнат техник инспектори Зафаржон Умаров маълумот берди:
— Истиқлолнинг дастлабки йилларида иш ўринлари яратиш асосий масала сифатида ўртага чиққан эди. Ҳозирги шароитда эса иш ўринларининг мавжудлигина эмас, хавфсизлиги асосий талаб бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам вилоятда иш ўринларини шаҳодатдан ўтказувчи нодавлат ташкилот фаолияти йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда республика миқёсида иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш 270-300 минг сўмни ташкил қилмоқда. Биз эса бу нарни янада пасайтиришни режалаштириб турибмиз.
Давра суҳбатида мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, хавфсизлик маданияти ва меҳнат гигиенасига амал қилиш, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, вилоятда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар, касб касалликларининг олдини олишга қаратилган замонавий йўналишлар, ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишда тиббий кўрикларнинг ўрни, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатланиш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш борасидаги ишлар таҳлил этилди. Баҳс-мунозаралар давомида иштирокчилар ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, иш жойларида ходимлар саломатлигига таъсир этувчи физик ва биологик омиллар, уларни бартараф этиш усуллари ҳамда меҳанизмлари, меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассисларни тайёрлашга оид ўз таклиф ва мулохазаларини билдирдилар.
Меҳнат муҳофазаси ҳафталиги доирасида ўтказилган давра суҳбати давомида “Меҳнат мухофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан ўтказилган Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилишда энг яхши натижаларга эришган корхона”, “Ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг яхши касаба уюшма ташкилоти”, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши вакил”, “Ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазасига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг фаол иштирок этган меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинацияларида ғолиб деб топилган 11 та корхона, ташкилот ва муассаса ҳамда ходимлар касаба уюшмалари дипломи ва совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур тадбирлар иштирокчилари меҳнат муҳофазаси профилактикаси маданиятини янада юқори даражага кўтариб, иш жойларидаги хавфсизлик, меҳнат қилаётган инсонларнинг саломатлиги сақланиши ва келажакдаги меҳнат учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, бу борадаги ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олдилар.