Ўзбек Миллий академик драма театрида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тиббиёт соҳаси ходимлари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, меҳнат фаҳрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев қатнашди ва сўзга чиқди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва бошқалар тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлаш, эл соғлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш каби эзгу мақсад мужассамлигини таъкидладилар.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг қўшма қарорлари асосида тиббиёт ходимлари ўртасида сентябр-октябр ойларида ўтказилган «Йилнинг энг яхши шифокори» кўрик-танловининг “Йилнинг энг яхши умумий амалиёт шифокори”, “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам шифокори”, “Йилнинг энг яхши санитария-эпидемиология хизмати ходими”, “Йилнинг энг яхши врач лаборанти”, “Йилнинг энг яхши соғлиқни сақлаш ташкилотчиси”, “Йилнинг энг яхши жарроҳи”, “Йилнинг энг яхши акушер-гинекологи”, “Йилнинг энг яхши педиатри”, “Йилнинг энг яхши терапевти”, “Йилнинг энг яхши профессори”, “Йилнинг энг яхши доценти”, “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” ва “Йилнинг энг яхши илмий ходими” номинациялари бўйича Республика танловининг 1-2-3- ўрин ғолиблари эълон қилинди. Улар Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғаларини қўлга киритишди.
Шунингдек, тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасида самарали меҳнат қилиб, эл ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Қаҳрамонлари, Давлат мукофоти совриндорлари, фахрийлар, академиклар ҳамда мамлакатимиз тиббиёти ривожига бевосита ҳисса қўшиб келаётган ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури барчага манзур бўлди.