Жорий йилнинг 12 апрел куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2021-2023 йиллар учун имзоланган Жамоа шартномасининг 2022 йилда бажрилиши бўйича конференция йиғилиши бўлиб ўтди. Конференция кун тартибидаги масала юзасидан дастлаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали директори Ш.Йўлдашев сўзга чиқиб, жамоа шартномасига киритилган масалалар бўйича филиал раҳбарияти томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида конференция қатнашчиларига батафсил маълумот берди. Ўз навбатида филиал бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Б.Ибайдуллаев сўз олиб, касаба уюшма қўмитаси томонидан 2022 йил мобайнида Жамоа шартномаси ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида меҳнат жамоаси олдида ҳисобот берди.
Шунингдек, Жамоа шартномаси бажарилишини текшириб борувчи комиссия раиси М.Жобиров йиғилиш иштирокчиларини 2022 йил давомида Жамоа шартномасидаги бандларнинг амалга оширилиши юзасидан ўтказилган текшириш далолатномаси билан таништирди.
Конференцияда 2022 йил давомида филиалнинг иқтисодий фаолияти, меҳнат шарномаси, бандлик кафолатлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тарзидаги тўловлар, ходимларга яратилган шарт-шароитлар, спорт-соғломлаштириш ва маънавий-маърифий йўналишлардаги ишлар, аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар, мехнат низоларини хал этиш йўналишларида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги хисоботлар эшитилди.
Таъкидланганидек, 2022 йил давомида меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда ишловчи ходимларга – 5 млрд. 64 млн. 712 минг сўм, тунги вақтдаги иш учун 6 млрд. 272 млн. 704 минг сўм, қўшимча таътил кунлари учун – 5 млрд. 540 млн. 554 минг сўм, узлуксиз иш стажи учун – 8 млрд. 680 млн. 427 минг сўм миқдорида устамалар ва қўшимча ҳақ тўлаб берилди. Филиалда ташкил этилган “Моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси”дан эса ходимлар учун жами 3 млрд. 17 млн. 94 минг сўм маблағ сарфланган. Хусусан, ходимларнинг моддий ёрдам сўраб ёзган аризаларига мувофиқ – 133 млн. 628 минг сўм, пенсия ёшидаги юбилярларга жами 49 млн. 200 минг сўм, байрам кунлари муносабати билан ходимларни рағбатлантиришга 851 млн. 808 минг сўм, устамалар учун – 1 млрд. 982 млн. 458 минг сўм маблағ йўналтирилган.
Конференция иштирокчилари 2021-2023 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши бўйича филиал раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларга қониқарли баҳо бердилар. Конференция сўнгида муассасанинг Жамоа шартномасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлар касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Ш.Каримова, Республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича техник инспектори Р.Фозилов ва ҳуқуқ инспектори З.Қурбонов соҳа ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.