Жорий йилнинг 12 декабрь куни Москва шаҳридаги “Президент-Отель” меҳмонхонасида Касаба уюшмалари умумконфедерациясининг Х (навбатдан ташқари) Съезди бўлиб ўтди. ВКП Президенти Александр Корчагин Съездни очди ва олиб борди.
Съезд қуйидаги кун тартибини тасдиқлади:
— Замонавий шароитда ВКПнинг фаолияти тўғрисида: янги юзага келган ҳолатларга бирдамлик билан жавоб бериш.
— ВКП назорат-тафтиш комиссиясининг 2023 йил 1 январдан 30 сентябргача бўлган давр учун ҳисоботи.
— ВКП Бош котибини сайлаш тўғрисида.
— ВКП Вице-президентини сайлаш тўғрисида.
— ВКП назорат-тафтиш комиссияси таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида.
— ВКП Кенгаши таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисида.
«Замонавий шароитда ВКПнинг фаолияти тўғрисида: янги юзага келган ҳолатларга бирдамлик билан жавоб бериш» масаласи бўйича Съезд делегатларига ВКП Кенгаши томонидан жорий йилнинг 11 декабрь куни тасдиқланган ҳисобот матни берилди. ВКП Бош котибининг ўринбосари Наталья Подшибякина ҳисоботнинг асосий фикрларини қисқача баён қилди.
Ҳисоботда асосий эътибор ташкилий масалалар, иш шакллари ва усуллари, ВКПнинг ички тузилишига қаратилди. Шу нуқтаи назардан, ташкилотнинг келажакдаги кўринишини, унинг тузилмаси, иш шакллари ва усулларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилди.
“Вақт ўтган сари дунё ўзгариб бормоқда. Балки биз географиямизни кенгайтиришимиз, МДҲ ҳудудидан ташқарига чиқишимиз, ён-атрофимиз, биринчи навбатда, яқин давлатлар, шунингдек, мустамлакачиликка қарши йўл тутган давлатлар билан яқиндан алоқалар ҳақида ўйлашимиз керакдир”, — таъкидлади Н.Подшибякина.
ВКПнинг касаба уюшмалари ва миллий касаба уюшма марказлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий шакллари ҳар хил бўлиши мумкин, маълум бир мавзу бўйича энг оддий вазиятдан тортиб, то аниқ мақсадлар йўлида яқин ҳамкорлик ва ҳатто ВКПга тўлиқ аъзо бўлиш даражасигача бўлиши мумкин. ВКП Низомининг ишлаб чиқилаётган янги таҳрири бунинг учун кенг имкониятлар очиб беради.
Ҳисобот бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратулла Рафиков, Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев, Беларус касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Орда, Қозоғистон Меҳнат Конфедерацияси раиси Мурат Машкенов, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Евгений Макаров, сув транспорти ходимлари Халқаро иттифоқи раиси Георгий Столяренко, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Маликшо Нематзода, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков муҳокамада сўзга чиқишди.
Муҳокама якунлари бўйича қабул қилинган қарорда Съезд ВКПнинг замонавий шароитдаги фаолиятини маъқуллади. Аъзо ташкилотларга янги юзага келган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда “2022–2027 йилларга мўлжалланган ВКП фаолиятининг асосий йўналишлари”ни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттириш тавсия этилди. Делегатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилиши режалаштирилди.
Съезд ВКП Ижроия қўмитасига ўқув-услубий ишларни фаоллаштириш ҳамда ўқув-услубий иш марказини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун ВКП Кенгашига киритишни топширди.
Назорат-тафтиш комиссиясининг раиси Александр Шуриковнинг ВКП назорат-тафтиш комиссиясининг 2023 йил 1 январдан 30 сентябргача бўлган давр учун ҳисоботи тингланди ва тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу билан бирга, “ВКП Бош котибини сайлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. ВКП Низомига мувофиқ, ВКПнинг аъзо ташкилотлари ушбу лавозимга иккита номзодни кўрсатдилар: Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Виктор Витальевич Пинский ва алоқа ходимлари Халқаро касаба уюшмалари раиси Анатолий Георгиевич Назейкин.
Ёзма мурожаатида А.Назейкин Съезд делегатларига унинг номзодини кўрсатган ташкилотларга миннатдорчилик билдириб, ўз номзодини рад этди ва В.Пинскийга овоз беришга чақирди.
В.Пинский ўзининг меҳнат таржимаи ҳоли, касаба уюшмалари тузилмаларида ишлаган тажрибаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. 2006 йилдан 2015 йилгача у Приморск ўлкаси касаба уюшмалари Федерациясини бошқарган. Кейин у Россия мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг котиби бўлиб ишлаган. 2017–2022 йилларда ВКП Бош котибининг ўринбосари лавозимида, 2022 йилдан — ФНПР раисининг ўринбосари бўлиб фаолият юритган. VI, VII ва VIII чақириқ Давлат Думаси депутати, шу кунда “Регламент ва фаолиятни қўллаб-қувватлаш” комиссиясининг раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Овоз бериш натижаларига кўра, Виктор Витальевич Пинский бир овоздан ВКП Бош котиби этиб сайланди.
Қайд этилишича, Анатолий Назейкин Бош котиб вазифасини бажарувчи лавозимида ВКП ишига катта ҳисса қўшган, навбатдан ташқари Съездга тайёргарлик кўриш бўйича ВКП Кенгашининг кўрсатмаларини моҳирлик ва масъулият билан бажарган. Съезд Президиуми уни ВКПнинг «Касаба уюшмалари ҳаракати олдидаги хизматлари учун» фахрий олтин кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилиш таклифини киритди. Делегатлар бу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Съезд Беларус касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Ордани ВКП Вице-президенти этиб сайлашга қарор қилди.
“ВКП назорат-тафтиш комиссияси таркибини ўзгартириш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Комиссия таркиби 7 кишидан иборат этиб белгиланди. Комиссия ўз йиғилишида Москва вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Валентина Викторовна Кабановани ВКП назорат-тафтиш комиссияси раиси этиб сайлади.
Съездда Александр Шуриковга назорат-тафтиш комиссияси раиси сифатида кўп йиллик виждонан меҳнати учун миннатдорчилик билдирилди.