Бугун Наманган вилоят ҳокимлигида тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унга вилоят тиббиёти жамоатчилигининг энг фаол ва илғор вакиллари таклиф этилди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят раҳбари барчани қутлуғ сана – Тиббиёт ходимлари куни билан қутлар экан, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдаги жонбозлиги, айниқса пандемия шароитида кўрсатган жасоратию матонатини алоҳида эътироф этди. Тизим тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшаётган саломатлик посбонларидан уч нафари байрам арафасида Президент Фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлигини маълум қилди.
Жумладан, I даражали «Саломатлик» ордени билан Поп туманидаги «Мададим Сино» хусусий неврология шифохонаси раҳбари Шамшиддин Абдураҳимов, «Соғлом турмуш» медали билан Уйчи туманидаги «Ахси» оилавий шифокорлик пункти мудири Дилбархон Қаюмова ҳамда «Шуҳрат» медали билан Мингбулоқ туманидаги «Дўмса» оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Саида Ахунжановалар мукофотланишди.
Тантанали маросимда бир гуруҳ соғлиқни сақлаш соҳаси илғорларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирлаш маросими кун тартибидан вазирлик мукофотларига созовор бўлган фаолларни ва “Йилнинг энг яхши шифокори” кўрик-танлови ғолибларини рағбатлантириш ҳам ўрин олган эди. Шунга кўра, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов, ВССБ статисти Лола Улуғбоева, “Доктор-А” хусусий клиникаси раҳбари Толибжон Мамадумаров, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали бош директори Аброжон Алижоновлар вазирлик буйруғига кўра “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа фидойиларига вазирликнинг Фахрий ёрлиқлари берилди.
Ва ниҳоят кўпчилик орзиқиб кутган “Йилнинг энг яхши шифокори”кўрик-танлови натижалари эълон қилинди. Унга кўра 35 нафар иштирокчи номинациялар бўйича ғолиб чиқди. Уларга ҳам диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. (Рўйхат “Шифокор ва ҳаёт” газетасининг 22-сонида чоп этилади).
Тадбир ниҳоясида Поп туманидаги «Мададим Сино» хусусий неврология шифохонаси раҳбари Шамшиддин Абдураҳимов, Уйчи туманидаги «Ахси» оилавий шифокорлик пункти мудири Дилбархон Қаюмова, Мингбулоқ туманидаги «Дўмса» оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Саида Ахунжанова, “Доктор-А” хусусий клиникаси раҳбари Толибжон Мамадумаров, Наманган шаҳридаги “Гўзал-шифо” хусусий клиникаси педиатри Муяссар Нишонова ва бошқалар кўрсатилган юксак эҳтиром учун миннатдорчилик изҳор этиб, бор куч ва тажрибаларини соҳа ривожини таъминлашга сафарбар этажаклари ҳақида гапирдилар. — Чексиз ҳаёжон билан сўзга чиқдим. Чунки, куни кеча муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари билан давлатимизнинг юксак мукофотига созовор бўлганимдан жуда ҳам таъсирланиб кетдим. Ҳеч ҳам хаёлга келмаган улкан рағбат бўлди. Жонажон Ўзбекистонимизда фидокорона меҳнат қилган, эл дардига дармон бўлиш учун сидқидилдан хизмат қилган инсонлар ҳеч қачон беэътибор қолмаслигига амин бўлдим,- дейди I даражали «Саломатлик» ордени соҳиби Шамшиддин Абдураҳимов. — Тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳатлар самараси туфайли яхши ниятлар билан «Мададим Сино» хусусий неврология шифохонасини очган эдик. Мўъжазгина маскан бугунга келиб йирик соғлиқни сақлаш муассасасига айланди. 55 ўринли шифохонамизда айни пайтда 3— турда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 25 иш ўрнига эгамиз. Хизматимиз элга манзур бўлаётганлиги учун қатновчилар сони тобора ортиб боряпти. Беморлардан мунтазам олқишлар оляпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли хусусий тиббиёт равнақи учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини ҳар доим ҳис этиб турибмиз. Бунга жавобан янада астойдил изланяпмиз. Халқимизга сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун даволаш ва диагностика ишларини янада такомиллаштириш ниятидамиз.
Наманган вилоят кенгаши раиси Аббос Мамадалиев