Жорий йилнинг 11 март куни вилоят мусиқали драма театри биносида Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси Касаба уюшма қўмитасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Э.Нуралиев, Кенгашнинг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Т.Каримов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Ш.Каримова, шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳ.Мамажонов ҳамда делегатлар иштирок этдилар.
Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси Касаба уюшма қўмитаси раиси Ҳ.Собирова йиғилганларга ҳисобот берар экан, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитасида жами ходимлар сони 5157 нафарни ташкил этиши, 2023 йилда 44 та нодавлат ташкилотларида касаба уюшмаси хизмати ташкил этилганини эътироф этди.
Таъкидландики, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг тасарруфидаги 13 та тиббиёт муассасаларида 2023-2025-йилларга мўлжалланган жамоа шартномалари тузилиб экспертизадан ўтказилган шу асосда меҳнат қилаётган жами 4286 нафар ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
2023 йил давомида 215 нафар ходимларнинг аризаларига биноан касаба уюшма қўмитаси томонидан 66 миллион 190 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 64 нафар ходимлар санаторий-профилакторияларда соғломлаштирилган. 61 нафар тиббиёт ходимларининг фарзандлари ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёз фаслини мароқли ўтказишган.
Йиғилишда сўз олганлар касаба уюшма фаолиятини қониқарли баҳолаб, ҳар бир ходим касаба уюшманинг ҳимоясида эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳисобот йиғилиши давомида бир гуруҳ фаол ишчи-ходимларга эсдалик совғалари топширилди.
Йиғилиш якунида вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган «Маккора» спектакли намойиши бўлиб ўтди.