Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали меҳнат жамоасининг 2023-2025 йиллар учун имзоланган Жамоа шартномасининг ўтган йилда бажарилиши бўйича конференция йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 38 нафар делегат ҳамда 70 нафардан ортиқ меҳнат жамоаси вакиллари иштирок этди.
Жамоа шартномаларига киритилган қўшимча имтиёзларнинг бажарилиши натижасида ҳар бир ходимга ўртача сарфланган маблағ 9 млн. 215 минг сўмни, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сарфланган ўртача маблағ эса 2 млн. 518 минг сўмни ташкил этди.
Айниқса, меҳнаткашларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, оммавий спорт турларига жалб этиш, санаторийларда саломатликларини тиклаш, юртимиз бўйлаб саёҳатларга олиб бориш, кўмакка эҳтиёж сезган, кам таъминланган оилаларга доимий равишда эътибор қаратилди.
Конференция иштирокчилари 2023-2025 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши бўйича филиал маъмурияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан амалга оширилган ишларга қониқарли баҳо бердилар. Конференция сўнгида муассасанинг Жамоа шартномасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Ташкилий ишлар бўйича бош мутахассиси Д.Тошматова, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Ш.Каримова йиғилиш қатнашчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.