ЮКСАК МУКОФОТ МУБОРАК!

Шифокорлик – шарафли касб.

 Инсон ҳаётидек бойликни асрашда тиббиёт ходимларининг ҳиссаси катта. Қорасув шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими анестезиолог-реаниматологи Раҳимжон Тошбоев ҳам шу касб ортидан элнинг дуосини олиб келмоқда.

Раҳимжон аканинг меҳнати, изланишларини яқинлари, ҳамкасблари ҳамиша эътироф этишади, маслаҳатларини олишади. Унинг истиқлолнинг 32 йиллик байрами арафасида Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган ҳиссаси муносиб эътироф этилди.  Халқимиз саломатлигини сақлаш, мамлакатимиз тиббиётини янада ривожлантиришга қўшган самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки ортидан “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.

Яқинда тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти кенгаши фаоллари Раҳимжон акани йўқлаб, давлатимизнинг юксак мукофоти билан қутлашди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ханапияев Фарходжон Рахмановичнинг табригини ўқиб эшиттиришиб, вилоят кенгашининг эсдалик совғаларини топширишди.

Шу ўринда Раҳимжон Тошбоевга келгусидаги фаолиятида улкан зафарлар тилаган ҳолда “Юксак мукофот муборак!” деймиз!

Print Friendly, PDF & Email