2020 йилнинг 6 февраль куни Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан вилоят ва шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари учун касаба уюшмалари Федерациясининг ўқув марказида меҳнат қонунчилиги, муассасалардаги бошланғич касаба уюшмалари қўмиталарининг фаолияти, ходимларни ижтимоий-иқтисодий, меҳнат муҳофазаси, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари, янги таҳрирдаги касаба уюшмалари тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳияти ва яна бир қатор масалаларни атрофлича ўрганишга бағишланган ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир давра суҳбати тарзида ташкил этилган бўлиб, унда бугунги кунда Соғлиқни сақлаш тизимида долзарб ҳисобланган муаммолар – мажбурий меҳнат, ходимларнинг иш ҳақларидан ноқонуний ушлаб қолинишлар, тиббиёт ходимларига беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан амалга оширилаётган тажовузлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш ва қарши курашиш йўллари атрофлича муҳокама қилинди ва давра суҳбати қизғин бахс-мунозараларга бой бўлди. Ўқув семинари иштирокчилари томонидан берилган саволларга тармоқ Республика Кенгашининг меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси З.Алиев, Республика Кенгашининг бош юристконсульти Ғ.Каттабеков ҳамда Республика Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Захидовлар атрофлича жавоб бердилар.