Ушбу турнир Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги хамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси хомийлиги асосида ўтказилмоқда.
Айтиш мумкинки, Ўзбекистон шифокорлари ўртасида футбол айниқса, энг оммалашган спорт турларидан бири хисобланади. Республикамизнинг футбол бўйича шифокорлар терма жамоаси бир неча йиллардан бери футбол бўйича шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиб келинадиган Жаҳон чемпионатида хам муваффаққиятли қатнашиб келади. Аввал бошидан жамоанинг хомийси бўлмаганлиги учун ушбу нуфузли спорт мусобақасига фақатгина молиявий имконияти мавжуд бўлган шифокорлар иштирок этган бўлсалар, 2018 йилдан бошлаб жамоага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси хомийликни ўз зиммасига олиб жамоани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни бошлаганлиги муносабати билан вазият ўзгарди.
Ўтган йилги шифокорлар жамоалари ўртасида Чехияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида совринли ўринни қўлга кирита олмадилар. Шу сабабли, жамоани таркиб жиҳатидан қайта шакллантириш зарурияти туғилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси томонидан ўтган йилнинг сентябр ойида Республикамизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларидаги барча соғлиқни сақлаш муассасалари жамоалари ўртасида футбол бўйича мусобақалар ташкил этилди. Унинг худудий саралаш босқичларида жами 300 га яқин шифокорлар иштирок этдилар. Худудий ўйинлар натижалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма жамоалари таркиби шакллантирилиб, октябр ойида “Халқаро шифокорлар куни” касб байрами арафасида Самарқанд шаҳрида 1-Республика турнири ташкил этилди. Ушбу турнир ўйинларида Республикамизнинг барча худудларидан жами 350 нафар шифокорлар иштирок этдилар. Ушбу турнир 1-Президентимизнинг хок-пойига гул қўйишдек бир савобли иш билан бошланиб, Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларини зиёрат қилиш хамда “Тиббиёт ва спортда инновациялар” мавзусидаги илмий-амалий семинар билан бирга давом этди. Энг асосийси ташкилий қўмита ва жамоалар томонидан турнир давомида энг кучли 65 та шифкор танлаб олинди.
Жорий йилнинг январ ойи ўртасида Тошкент шаҳридаги спорт мажмуасида ушбу танлаб олинган 65 нафар шифокорлар ўртасида навбатдаги босқичдаги саралаш ўқув йиғини ўтказилиб, жамоа мураббийлари томонидан энг яхши деб топилган 35 нафар ўйинчилар танлаб олинди ва кейинги босқичга йўлланма олилар.
Тўртинчи босқич саралаш ўқув йиғинлари Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 23-28 феврал кунлари ўтказилиб, унда жамоанинг асосий таркибига кирган 26 нафар ўйинчилар танлаб олинди ва улар иштирокида 17-23 март кунлари тайёргарлик машғулотлари ўтказилиб, 26-30 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро турнирида Республикамиз шифокорлари номидан иштирок этиш шарафини қўлга киритдилар.
Шу муносабат билан, Республикамиздаги соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш, дунё хамжамияти шифокорлари ўртасида юртимиз шифокорларининг обрўси ва имиджини ошириш, чет эллик амалиётчи шифокорлар билан ўзаро мулоқоти ва касбий фикр алмашинишини ташкил қилиш, чет эллик шифокорларга юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ва туристик салохиятини намойиш қилиш, шунингдек Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қабул қилинган қатор Фармон ва Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси томонидан вазирлик билан келишган холда Тошкентда Хамдўстлик давлатлари шифокорлари ўртасида футбол бўйича Халқаро турнир ўтказишга қарор қилинди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан хам қўллаб-қувватланди.
Жорий йилнинг бошидан, вазир ва Республика кенгаши раислигида ташкилий қўмита тузилди. Ташкилий қўмита аввал Марказий Осиё давлатлари, кейинроқ бошқа Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги давлатлари тармоқ касаба уюшмалари билан билан музокаралар олиб борилди. Турнир Регламенти ишлаб чиқилди ва бу давлатларнинг соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаларига хамда жамоалар сардорларига юборилди. Хозирда мазкур турнирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия, Украина ва Россия шифокорлари терма жамоалари иштирок этиш истагини билдирдилар. Қирғизистон, Тожикистон ва Белоруссия жамоалари делегациясига ушбу давлатлар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари раҳбарлари етакчилик қиладилар. Бундан ташқари, турнирга бош офиси Францияда жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ходимлари Олимпия ўйинлари Ассоциацияси вакили Гийом Гассенд (Guillaum Gassend) ташриф буюрмоқда.
Турнир Регламентига асосан, ўйинларда 25 ёшдан катта бўлган, мутахассислиги ва фуқаролигидан қатъи назар, шифокорлик дипломига эга бўлган шифокорлар иштирок этишлари мумкин. Турнир давомида ушбу Регламент асосида Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия, Украина жамоалари беллашадилар. Бу жамоаларнинг 24 март куни Тошкентга етиб келиши кутилмоқда. Россия Федерацияси жамоаси эса фақатгина 40 ва ундан катта ёшдаги ўйинчилар таркибида келадилар. Айтиш жоизки, Россия жамоаси ушбу ёш тоифаси бўйича ўтказиладиган Жаҳон Чемпионатининг қаторисига 3 йиллик чемпионидир. Шу боисдан, биз хам ушбу ёшдаги шифокорларимизнинг омадини синаб кўриш мақсадида ушбу турнирда Россия Федерацияси жамоаси билан 40 ва ундан катта ёшдаги шифокорлоаримиздан иборат Ўзбекистон-2 жамоаси билан хам иштирок этмоқчимиз. Бироқ, ушбу жамоалар турнир ўйинларида фақатгина 5-8-ўринлари учун давогарлик қила оладилар. Бунинг асосий сабабларидан яна бири Россия жамоасининг турнир гурух босқичи ўйинларида қатнаша олмаслигидир, яъни жамоа 28 март куни Тошкентга етиб келади. Юқоридагиларга кўра, Республикамиз шифокорлари турнирда 2 та ёш тоифасидаги 2 жамоа таркибида иштирок этадилар ва турнир ўйинларида жами 8 та жамоа иштирок этади.
Турнир иштирокчи жамоаларнинг аъзолик бадаллари хамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг хомийлик маблағи хисобига ташкил қилинади. Мусобақанинг тантанали очилиш ва қуръа ташлаш маросими 25 март куни бўлиб ўтади. Унда жамоалар 2 та гурухда 3 тадан бўлинадилар. 26-28 март кунлари 3 кун давомида асосий жамоалар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия ва Украина жамоалари 2 та гурухда гурух ўйинларини ўтказадилар. Ўйинлар соат 11.00 ва 14.00 да пойтахтимиздаги “Миллий” спорт ўйингоҳида ўтказилади. 29 март куни шу жойдаги хар иккала спорт майдонида Плей-Офф ўйинлари, 30 март куни соат 10.00 да турнирнинг 7-ўрини учун, соат 11.00 да 3-ўрин учун, соат 12.00 да 5-ўрин учун, соат 14.00 да 1- ва 2- ўринлар учун финал ўйини ўтказилади. Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими соат 17.00 да ўтказилади. Тадбир давомида футбол ўйинларидан ташқари, “Тиббиёт ва спортда инновациялар” мавзусидаги илмий-амалий семинар ўтказилиши ва унда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича шифокорларимизнинг ўзаро ахборот ва фикр алмашиниши, шунингдек, иштирокчи жамоалар аъзоларининг Самарқанд шаҳрига бир кунлик саёҳатини ташкил қилиш орқали уларга юртимизнинг туристик салоҳияти ва имкониятларини кенг намойиш қилишни режалаштирганмиз.
Ушбу турнир бизга нима беради, деган саволга юқорида қайд этилган мақсадлар билан бирга, жамоаларимизнинг шу йилнинг июн ойида Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиладиган навбатдаги Жаҳон чемпионатида Республикамиз терма жамоасининг иштирок этиши учун йўл очиб бериши мумкин. Иккинчидан, тегишли идоралар билан олдиндан келишган холда, биз ушбу нуфузли чемпионатга келгуси йилда мезбонлик қилиш хуқуқини қўлга киритишимиз мумкин.
Ташкилий қўмита томонидан Республикамиз шифокорлари жамоаси ушбу тадбирни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Хозирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан турнирнинг www.doctorscup2019.uz доменидаги сайти ташкил этилди. Турнирни ташкил этиш билан боғлиқ барча маълумотлар ушбу сайтга жойлаштирилган. Тадбир жараёнида маълумотлар хар куни янгилаб борилади. Ушбу маълумотлар турнирни боришини ёритиш истагида бўлган журналистлар учун хам қўл келади деб хисоблаймиз.