Бухорода Жанубий Кореянинг “Himchan” клиникаси ходимлари касаба уюшмаси аъзолигига олинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра бугунги кунда юртимизда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий хусусий клиникалар иш бошлаган.

Бухоро шаҳрида ҳам Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “Himchan” кўп тармоқли клиника ўз фаолиятини бошлаганидан хабаримиз бор. Уни барпо этган Жанубий Кореянинг энг таниқли “Korea medical Foundantion Sangwon Hospital Himchan” клиникаси жаҳонда травматология-ортопедия ва нейрохирургия марказларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган нуфузли муассаса ҳисобланади. Бухоро шаҳрида очилган клиникада 140 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, стационар шароитда даволаниш учун 90 та ўрин ташкил этилган. Ушбу тиббиёт муассасасида травмотология, ортопедия, нейрохирургия, умумий хирургия каби қатор соҳаларда алоҳида энг юксак технологиялар воситасида диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган.

Клиника ишчи-ходимлари меҳнат шароитини, меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазасини яхшилаш,  ходимларнинг иш билан банд бўлиши ҳамда улар учун ижтимоий имтиёзларнинг кафолатланиши, уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш, клиника ваколатлари доирасида ижтимоий-иқтисодий характердаги бошқа муаммолар бўйича биргаликда келишилган қарорлар қабул қилиш, ходимларга республикамизда санаторияларда дам олиш учун бериладиган имтиёзли йўлланмалар ажратиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, маданий ва маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил қилиш ҳамда уларниинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиб, республикамизнинг қадимий шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, фарзандларини болалар оромгоҳларида дам олдириш бўйича имтиёзли йўлланмалар олиш мақсадида касаба уюшмасига аъзо бўлиш таклифи билан чиқдилар.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши ходимлари томонидан 2021 йилнинг 12 июль куни “Himchan” клиникасига ташриф буюрилиб, клиника маъмурияти ва раҳбарияти билан мулоқот ва музокаралар олиб борилиб, касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари бўйича тушунтириш олиб борилди.

Музокора давомида касаба уюшмалари ходимлари томонидан бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ва режалаштирилган ишлар, шунингдек клиникада жамоа шартномасини имзолаш орқали ходимлар учун яратиладиган имтиёзлар тўғрисида сўз юритилди.

Клиника ходимлари ва маъмурияти иштирокида умумий йиғилиш ўтказилиб, ходимларнинг хоҳиш-истакларига кўра клиника бошланғич касаба уюшма ташкилоти тузилди ва касаба уюшма қўмитаси ҳамда раиси сайланди.

Бир сўз билан айтганда “Himchan” касаба уюшмаларига аъзо қилинди.

Л.Баракаева

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари

касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email